platina.uz

Ўзбекистон банк тизимидаги рақобат даражаси ўрганилди

Миллий валютадаги аҳоли кредитлари бўйича ўртача фоиз ставкалари 2024 йил декабр ойида 24,9 фоизгача ошди (сентябрда 23,8 фоиз эди). Бунга талаб ва инфляция юқорилиги сабаб бўлган.  

Иқтисод
Кеча, 9:57
Ўзбекистон банк тизимидаги рақобат даражаси ўрганилди

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) мутахассислари 2025 йил 1 феврал ҳолатига Ўзбекистон банк тизимидаги рақобат даражасини ўрганди.

Маълумот учун: бозор HHI (Херфиндал Хиршман Индекси) бўйича рақобат даражасига кўра 3 гуруҳга бўлинади, рақобат даражаси паст (HHI 2500-10000 гача), ўртача (ҲҲИ 1500- 2500) ва юқори (HHI 1500 дан паст)

Активлар. 2025-йил 1-февраль ҳолатига активлар бўйича ҳисобланган HHI индекси ўтган йилнинг мос давридагига нисбатан 72 бирликка яхшиланиб, 800 ни ташкил қилди. Бу даврда тижорат банклари жами активлари ҳажми 17,7 фоизга (ёки 115,6 трлн. сўм) ортиб, 768 трлн. сўмга етди.

2024 йил 1 феврал ҳолатига хусусий ва чет эл капитали иштирокидаги банкларнинг банк тизими жами активларидаги улуши 32,5 фоизни ташкил қилган бўлса, 2025-йил 1-феврал ҳолатига 34,5 фоизга етди. Бу даврда “Anorbank” улуши (1,36 фоиз) 0,64 фоиз бандга, “ТBC” банки улуши (1,33 фоиз) 0,60 фоиз бандга, “Hamkorbank” улуши (3,71 фоиз) 0,41 фоиз бандга ошди.

Қолаверса, давлат улуши мавжуд энг йирик банклардан “O‘zmilliybank” (17,5 фоиз) ва “Asakabank”нинг (7,4 фоиз) жами банк тизими активларидаги улуши мос равишда 1,5 ва 1,3 фоиз бандга камайди.

Кредитлар

2025 йил 1 феврал ҳолатига кредитлар бўйича ҳисобланган HHI индекси ўтган йилнинг мос давридагига (975) нисбатан 57 бирликка яхшиланиб, 918 бирликни ташкил қилди. Бу даврда хусусий ва чет капитали иштирокидаги банклар томонидан ажратилган кредитларнинг бутун банк тизими жами кредитлар ҳажмидаги улуши 30 фоиздан 31 фоизга ошди.

Иқтисодиётга тижорат банклари томонидан ажратилган кредит қўйилмалари ҳажми 2025 йил 1 январ ҳолатига 533,1 трлн. сўмни (ЯИМга нисбатан 36,6 фоиз) ташкил қилган бўлса, 1 феврал ҳолатига 866 млрд. сўмга ошиб, 534 трлн. сўмга етди. Жами кредит қолдиғи 2025 йил 1 феврал ҳолатига ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 14 фоизга ошди. Бунда жисмоний ва юридик шахсларга ажратилган кредитлар ҳажми мос равишда 20 ва 11 фоизга ортган. Ушбу даврда жисмоний шахсларга ажратилган микроқарзлар ҳажми 75 фоиз кўпайди .

Маълумот учун: микроқарзлар учун максимал қиймат 2024 йил 1 январдан 50 млн. сўмдан 100 млн. сўмга ошган.

Миллий валютадаги жами банк кредитлари бўйича ўртача тортилган фоиз ставкаси 2024 йилнинг январ ойида 24,1 фоизни ташкил қилган бўлса, декабр ойида 23,4 фоизга тушган. Миллий валютадаги аҳоли кредитлари бўйича ўртача тортилган фоиз ставкалари 2024 йил декабр ойида 24,9 фоизгача ошди (сентябрда 23,8 фоиз эди). Бунинг асосий сабаби миллий валютадаги кредитларга бўлган талабнинг ва инфляцион кутилмаларнинг юқорилигидир.

Депозитлар

Депозитлар учун HHI индекси 2025 йил 1 феврал ҳолатига 636 бирликни ташкил этди ва ўтган йилнинг мос даврига (668) нисбатан 32 бирликка яхшиланди. 2024-йил 1 феврал ҳолатига, жами депозитлар ҳажми 242,1 трлн. сўмни ташкил қилган бўлса, 2025 йил 1 феврал ҳолатига 310,2 трлн. сўмга етди (ўсиш 28,1 фоиз).

Хусусий ва чет эл капитали иштирокидаги банкларнинг банк тизими жами депозитлари ҳажмидаги улуши 2025 йил 1 январ ҳолатига 1 фоиз бандга ошиб, 50 фоизга етди, аммо 1-февраль ҳолатига “Ipotekabank” ва “Tengebank”нинг улуши мос равишда 0,67 фоиз бандга ва 0,37 фоиз бандга қисқариши натижасида давлат улуши мавжуд банкларнинг улуши 1 фоиз бандга ортди.

Чет эл валютаси банк депозитлари бўйича ўртача тортилган фоиз ставкаси 2024 йил бошида 4,7 фоизни ташкил қилган бўлса, йил якунида 5,3 фоизга етди.

Қолаверса, ушбу даврда миллий валютада жалб қилинган депозитлар ҳажми 36 фоизга, чет эл валютасида жалб қилинган депозитлар ҳажми 7,4 фоизга ортган.

Таҳлил қилинган даврда активлар, кредитлар ва депозитлар бўйича ҳисобланган HHI индекси рақобат даражаси ошиб бораётганини кўрсатмоқда. Бунда давлат иштирокини камайтириш, хорижий инвесторларни жалб қилиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар рақобат шароитларини яхшилаш ва банк секторини янада ривожлантиришга хизмат қилаётганидан далолат бермоқда.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+