Хорижий армияларга хизматга кириш ва ёллаш учун жазони кучайтириш таклиф этилди
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси хорижий давлатларнинг ҳарбий ва куч тузилмаларига хизматга кириш ҳамда фуқароларни бундай хизматга ёллаш учун жазони кучайтиришни назарда тутувчи қонун лойиҳасини биринчи ва иккинчи ўқишларда маъқуллади.

Депутат Сайдулло Азимовнинг айтишича, 2025 йилда бундай жиноятлар сони қарийб 12 баробарга ошган. Лойиҳага кўра, хорижий тузилмаларга хизматга кирганлар уч йилдан беш йилгача, фуқароларни бундай хизматга ёллаганлар эса беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.
Жазо қандай ўзгариши мумкин?
Таклифга мувофиқ, Ўзбекистон фуқаросининг хорижий давлат ҳарбий кучлари, хавфсизлик, полиция ёки шунга ўхшаш тузилмаларга хизматга кириши учун уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш белгиланиши мумкин. Амалда бу қилмиш учун жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари назарда тутилган.
Фуқароларни хорижий тузилмаларда хизмат қилишга ёллаганлик учун беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш таклиф этилмоқда. Амалдаги қонунда бу қилмиш учун уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш жазоси бор.
Қонун ҳали кучга кирмаган
Лойиҳа 24 ноябрь куни Қонунчилик палатасида биринчи ва иккинчи ўқишларда маъқулланган. У кучга кириши учун Сенат томонидан маъқулланиши ва президент имзолаши керак.
Азимовнинг айтишича, таклифдан мақсад фақат жазони кучайтириш эмас, балки фуқароларнинг хориждаги қуролли можароларда иштирок этишининг олдини олиш ва уларнинг хавфсизлигини ҳимоя қилишдир.

