Маиший газ баллонларини тўлдириш учун махсус постлар ташкил этилиши мумкин
Аҳолига маиший газ баллонларини тўлдириш бўйича қўшимча имкониятлар яратиш мақсадида бу борада тегишли ташкилотларга таклифлар киритилди.

Ўзбекистондаги автомобилларга газ тўлдириш шохобчалари ҳудудида маиший газ баллонларини хавфсиз тўлдиришга мўлжалланган, алоҳида жиҳозланган махсус постлар ташкил этилиши мумкин. Бу ҳақда “Ҳудудгазтаминот” матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, аҳолига маиший газ баллонларини тўлдириш бўйича қўшимча имкониятлар яратиш мақсадида бу борада тегишли ташкилотларга таклифлар киритилган.
“Ҳудудгазтаминот” аҳолига суюлтирилган газ етказиб бериш, маиший газ баллонларини тўлдириш имкониятлари ҳамда автомобилларга газ қуйиш шохобчаларида баллонларни тўлдириш учун жавобгарлик белгилангани юзасидан ижтимоий тармоқларда билдирилган фикрларга жавобан маиший газ баллонларини автомобилларга газ қуйиш шохобчаларида тўлдириш хавфсизлик талабларига зид эканини маълум қилди.
Ушбу тартиб Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 октябрдаги 649-сон қарори билан тасдиқланган Ёнғин хавфсизлиги қоидаларининг 674-бандида ҳам белгилаб қўйилган. 2026 йилнинг 2 ноябрь куни қабул қилинган 1186-сон қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга тегишли ўзгартириш киритилиб, автомобилларга газ қуйиш шохобчалари томонидан маиший газ баллонларига суюлтирилган газ қуйиш учун маъмурий жавобгарлик белгиланди. Мазкур норма 2027 йил 5 февралдан кучга киради.
Шу билан бирга, маиший газ баллонларини тўлдириш хизмати аҳоли учун чекланмаганини, амалдаги тартибга мувофиқ, бу хизмат тегишли талабларга жавоб берадиган ва белгиланган тартибда рухсатга эга махсус газ тўлдириш станциялари (ГЦ) ҳамда шохобчалари (ГЦҲ) орқали амалга оширилади. Республика бўйича ЛПГ-Trade МЧЖ тасарруфида бўлмаган 360 дан ортиқ газ тўлдириш шохобчаси ва станцияси мавжуд бўлиб, улар мустақил юридик шахслар томонидан фаолият юритади. Ушбу ГЦ ва ГЦҲлар аҳоли маиший газ баллонларини тўлдириш ҳуқуқига эгалигини билдирди.


