Исроил армиясида ўз жонига қасд қилаётган аскарлар сони ошди
2026 йил бошидан бери фаол ва захирадаги ҳарбий хизматчилар орасида ўз жонига қасд қилиш билан боғлиқ 40 та ҳолат қайд этилган. Исроил армияси таркибида суицид ҳолатлари сўнгги 16 йилдаги энг юқори даражага етди.

Жорий йил бошидан буён Исроилда жами 23 нафар ҳарбий хизматчи, шу билан бирга 17 нафар собиқ ҳарбий “қуролларни топширганидан” кўп ўтмай ўз жонига қасд қилган. Бу ҳақда Исроилнинг “Haartez” нашри маълум қилди.
“Haaretz”нинг ёзишича бу 2010 йилдан бери қайд этилган энг юқори кўрсаткич ҳисобланади.
Исроил армияси томонидан олиб борилган ўрганишларга кўра, мазкур 17 ҳолатнинг 10 таси ҳарбий хизмат билан боғлиқ бўлиши мумкин. Яна бир ҳолат юзасидан таҳлиллар олиб бориляпти.
Исроил Мудофаа вазирлигининг расмий маълумотларига кўра, 2023 йил 7 октябрдан буён 73 нафар амалдаги ҳарбий хизматчи ўз жонига қасд қилган.
Таққослаш учун, Исроил қуролли кучлари Ғазога кенг кўламли ҳужум бошлаган 2023 йилдан аввалги ўн йилликда ҳар йили ўртача 12 та суицид ҳолати қайд этилган. Жорий йилда эса, ҳали декабрь ҳам келмаганига қарамай, ушбу кўрсаткич қарийб икки бараварга ошган.
Бироқ муаммонинг ҳақиқий кўлами бундан анча катта бўлиши мумкин. Боиси Исроил армияси томонидан эълон қилинган расмий статистикада ҳарбий хизматни якунлаганидан кейин ўз жонига қасд қилганлар ҳисобга олинмайди.
279 нафар ҳарбий ўз жонига қасд қилишга уринган
Исроил парламентининг Тадқиқот ва ахборот маркази 2025 йили армиядаги суицид ҳолатларига бағишланган ҳисоботини эълон қилган эди. Унга кўра, 2024 йил январидан 2025 йил июлигача 279 нафар ҳарбий хизматчи ўз ҳаётига нуқта қўйишга уриниб кўрган.
Ҳужжатда жанговар бўлинмаларнинг ҳарбий хизматчилари орасида суицид ҳолатлари ортгани ва бу умумий манзарага сезиларли таъсир ўтказганига ҳам эътибор қаратилган. Жумладан, 2017–2022 йилларда ушбу кўрсаткич 42–45 фоиз атрофида бўлган бўлса, 2024 йилда 78 фоизга етган.
Haaretz нашри материални тайёрлаш жараёнида Ҳайфа университетининг Суитсид ва руҳий изтиробларни ўрганиш маркази раҳбари Ёси Леви-Белз билан суҳбатлашди. Мутахассиснинг айтишича, Ғазога ҳужумлар исроиллик ҳарбий хизматчиларнинг руҳиятига мисли кўрилмаган даражада таъсир ўтказган.
“Бу уруш унда иштирок этган ҳарбийларнинг руҳий изтироблари ва ҳолдан тойиш даражаси нуқтаи назаридан мисли кўрилмаган ҳодисадир. Ўз жонига қасд қилиш кўрсаткичлари борасида келгуси йиллар ҳал қилувчи, эҳтимол, ҳатто фожиали бўлиши мумкин”, деган Леви-Белз.
У ҳарбий хизматчилар, айниқса, захирадагилар юқори хавф гуруҳига киришидан огоҳлантирган.
Нашр қўлга киритган маълумотларга кўра, жорий йилда ўз жонига қасд қилган ҳарбий хизматчиларнинг аксарияти бундан аввал руҳий саломатлик билан боғлиқ муаммолар бўйича мутахассисларга мурожаат қилмаган.
Исроил армияси муаммога қарши курашиш мақсадида руҳий саломатлик бўйича мутахассислар сонини оширган. Шунингдек, ҳарбий хизматни якунлаган аскар ва зобитларга психологик ёрдам кўрсатиш масаласини ўрганиш учун махсус комиссия тузилган.
Cуицид ҳолатларининг кўпайиши Исроил армияси билан чекланиб қолмаяпти. Жорий йилда мамлакатнинг беш нафар полиция ходими ҳам ўз жонига қасд қилган. Исроил Мудофаа вазирлигининг реабилитация департаментида даволанаётган шахслар орасида эса олтита шундай ҳолат қайд этилган.

