platina.uz
Tashkent Content Market — 4–5 fevral 2027, tcm.uz
Жамият

Бекободдаги корхона ҳавони меъёрдан 1 533 баробар кўп ифлослантиргани аниқланди

Тошкент вилоятидаги «М.К.» саноат корхонасида ўтказилган экологик текширув давомида атмосферага чиқарилаётган зарарли моддалар миқдори белгиланган меъёрлардан бир неча баробар юқори экани маълум бўлди. Корхонага 1,63 миллиард сўмдан ортиқ компенсация тўлови белгиланди.

Бекободдаги корхона ҳавони меъёрдан 1 533 баробар кўп ифлослантиргани аниқланди
Фото: Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси

Бекобод шаҳрида фаолият юритаётган саноат корхонаси атмосферага меъёрдан ортиқ миқдорда зарарли моддалар чиқариб келган. Лаборатория таҳлиллари электрда пўлат эритиш цехида олтингугурт диоксиди меъёрдан 1 533 баробар, углерод оксиди эса 20 баробар юқори бўлганини кўрсатди. Аниқланган қонунбузилишлар учун корхонага 1 миллиард 630 миллион 920 минг 419 сўм компенсация тўлови белгиланди.

Зарарли моддалар миқдори меъёрдан кескин ошган

Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси Экологик полиция ходимлари томонидан Бекобод шаҳридаги «М.К.» корхонаси фаолияти ўрганилди.

Текширув давомида корхонанинг электрда пўлат эритиш ва ферроқотишмалар ишлаб чиқариш бўлинмаларида атмосферага чиқарилаётган ифлослантирувчи моддалар миқдори белгиланган меъёрлардан сезиларли даражада юқори экани аниқланди.

Хусусан, электрда пўлат эритиш бўлинмасида ноорганик чанг миқдори меъёрдан 2,4 баробар, олтингугурт диоксиди 1 533 баробар, углерод оксиди эса 20 баробар ортиқ бўлган.

Ферроқотишмалар ишлаб чиқариш бўлинмасида ҳам шунга ўхшаш ҳолатлар қайд этилган. Бу ерда ноорганик чанг меъёрдан 24,9 баробар, азот диоксиди 2,12 баробар, углерод оксиди эса 23,3 баробар юқори экани аниқланган.

Текширувда электрда пўлат эритиш цехидаги чанг-газ тозалаш ускуналари самарали ишламаётгани ҳам маълум бўлган. Натижада зарарли моддаларнинг бир қисми тўғридан-тўғри атмосферага чиқиб кетган.

Корхонага 1,63 миллиард сўм компенсация тўлови белгиланди

Ўрганишлар давомида корхонада экологик экспертиза хулосаларида белгиланган талаблар тўлиқ бажарилмагани ҳам аниқланган. Айрим ифлослантирувчи манбаларда автоматлаштирилган мониторинг тизимлари ўрнатилмаган, лаборатория назорати ҳам етарли даражада ташкил этилмаган.

Аниқланган қонунбузилишлар асосида ҳисоб-китоб қилиниб, корхонага атроф-муҳитни ифлослантирганлик учун 1 миллиард 630 миллион 920 минг 419 сўм компенсация тўлови белгиланди.

Бундан ташқари, корхонага қонунбузилишларни бартараф этиш бўйича мажбурий кўрсатмалар берилган. Унга кўра, чанг-газ тозалаш ускуналарининг фильтрларини тўлиқ алмаштириш, уларнинг самарадорлигини камида 95 фоизга етказиш, лаборатория назоратини кучайтириш ҳамда асосий ифлослантирувчи манбаларга автоматик мониторинг станцияларини ўрнатиш талаб этилган.

Телеграмда кузатиб боринг!

Тавсия этамиз

© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid