Айрим эҳтиёжманд оилаларга 1 миллион сўмдан моддий ёрдам берилади
Моддий ёрдам 2026/2027 йилги иситиш мавсумида 2026 йил ноябрь ойида тақдим этилади.

“Ёқилғи-энергетика соҳасида бозор тамойилларига ўтиш жараёнида аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармони (ПФ–236-сон, 28.10.2026 й.) қабул қилинди.
Фармонга кўра, 2026/2027 йилги иситиш мавсумида 2026 йил ноябрь ойида қуйидагиларга 1 млн сўмдан бир марталик моддий ёрдам ажратилади:
- Ижтимоий реестрга (Реестр) киритилган оилаларга;
- “маҳалла еттилиги” хулосаси асосида Реестрга киритилмаган, бироқ ижтимоий-иқтисодий ҳолати бўйича Реестрга киритиш мезонларига мос келадиган оилаларга, жумладан:
-оиладаги жон бошига даромади минимал истеъмол харажатларининг 2 баробаридан ошмайдиган оилаларга;
-марказлаштирилган иситиш тизимига уланган кўп қаватли уйларда яшовчи оилаларга. Бунда мазкур оилаларнинг ҳар бир аъзосига тўғри келадиган ўртача ойлик даромади Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда минимал истеъмол харажатларининг 2 баробаридан ҳамда Тошкент шаҳрида 3 баробаридан ошмаслиги лозим;
- барқарор иш ўринларини яратиш ва аҳоли даромадларини ошириш бўйича туман (шаҳар) штаблари қарорига мувофиқ ҳар бир оила аъзосига тўғри келадиган ўртача ойлик даромади юқорида назарда тутилган мезонлардан ошган айрим эҳтиёжманд оилаларга;
-Ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг реестридаги фуқароларга, шунингдек, етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар яшаётган оилаларга.





