SafeRoad фойдаланувчиларининг шахсий маълумотлари тарқалгани айтилмоқда
Бироқ SafeRoad бу хабарни инкор этди. Компания муносабатида ёзилишича, тарқатилаётган маълумотлар илова ишга туширилишидан аввал турли манбалардан йиғилган.

Ижтимоий тармоқларда Telegram ботларда SafeRoad’га фойдаланувчиларининг маълумотлари тарқаб кетганлиги айтилмоқда. Компания ҳодисага расмий муносабат берди.
Ижтимоий тармоқларда Йўл ҳаракати хавфсизлигига тегишли “Safe Road” иловаси бузилгани ва фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотлари Telegram тармоғидаги турли аноним ботларда тарқалгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди.
Тарқалган хабарларга кўра, OSINT ботлари базасида ID-карта маълумотлари, жарима тўлаш учун уланган банк карталарига оид маълумотлар ва фойдаланувчилар кирган қурилмалар ҳақидаги маълумотлар мавжуд.
Аммо мазкур SafeRoad компанияси расмий муносабат билдириб чиқди. Унга кўра, тармоқларда илова фойдаланувчиларининг шахсий маълумотлари тарқалгани ҳақидаги хабар ҳақиқатга мос келмайди.
Компания муносабатида ёзилишича, тарқатилаётган маълумотлар илова ишга туширилишидан аввал турли манбалардан йиғилган бўлиб, компанияга ҳеч қандай алоқаси йўқ.
“Фойдаланувчиларимизнинг шахсий маълумотлари қонунчилик талабларига мувофиқ ҳимояланган. Мазкур ҳолат юзасидан тегишли давлат органлари билан ҳамкорликда иш олиб борилмоқда”, — дейилади расмий муносабатда.
Еслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 2 февраль куни ижтимоий тармоқлар ва айрим каналларда гўёки 15 миллион фуқароларга тегишли маълумотлар сизиб чиққанлиги ҳақида хабарлар тарқалганди.





