Билл Гейтс сунъий интеллект бир миллиард кишининг ўлимига сабаб бўлишидан огоҳлантирди
Microsoft асосчиси Вашингтондаги қонун чиқарувчиларни сунъий интеллектни ривожлантиришни тартибга солишга чақирди. Аввалроқ Илон Маск ядро қуроли СИ бошқарувига тушиб қолишидан огоҳлантирганди.

Сунъий интеллект "бир миллиард ўлимга" олиб келадиган воқеаларни қўзғатиш учун етарлича кучли саналади. Microsoft асосчиларидан бири, миллиардер ва хайриячи Билл Гейтс бу фикрни NBC телеканалининг "Meet the Press" кўрсатувида билдирди.
Тўлиқ интервью 27 сентябрь куни эфирга узатилади.
Унинг таъкидлашича, "ёмон ниятли одамлар ва энг сўнгги сунъий интеллект воситаларининг комбинацияси каби кучли қурол ҳеч қачон бўлмаган". Билл Гейтс Вашингтондаги қонун чиқарувчиларни сунъий интеллектни ривожлантиришни тартибга солишга чақирди.
"Ҳеч ким ўзини ўзи бошқариш етарли деб ўйламайди", деди у ва Вашингтонда қонун қабул қилиниши керакми деган саволга ижобий жавоб берди. "Бизга ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва сиёсатчилар хавфсизлик ва мониторинг чоралари қандай бўлиши кераклиги ҳақида муҳокама қилишлари керак", деди у.
"Ва бу талаб бўлиши керак. Бу саноат учун маълум бир қўшимча харажатларни талаб қилади, аммо бу уларнинг ишини кескин секинлаштирмайди."
Сунъий интеллектнинг тез ривожланиши ҳақидаги хавотирлар илгари OpenAI бош директори Сэм Альтман, Anthropic бош директори Дарио Амодеи, SpaceX асосчиси Илон Маск, Google бош директори Сундар Пичаи ва кўплаб олимлар ҳамда тадқиқотчилар томонидан билдирилган эди. Жумладан, Илон Маск ядро қуроли СИ бошқарувига тушиб қолишидан огоҳлантирганди.
Билл Гейтс ўтган ой ўз блогида сунъий интеллектнинг ривожланиши туфайли оммавий иш ўринларини йўқотиш хавфи ҳақида хавотир билдирган ва бир нечта таклифлар билдирилган эссе ҳам чоп этди.
