platina.uz
Мақола

Ҳусийлар — Яқин Шарқдаги тинчлик жараёнларига янги таҳдид субъекти

Ҳусийлар бир неча йилдан бери Яман сиёсий ва ҳарбий ҳаётининг муҳим иштирокчиси ҳисобланади. Бироқ ҳозирги вазият аввалги босқичлардан жиддий фарқ қилади. Илгари асосий кураш Ямандаги ҳудудлар устидан назорат учун олиб борилган бўлса, энди ҳаракатнинг географик жойлашуви халқаро аҳамият касб этади.  Боб-ул-Мандиб — Қизил денгиз билан Адан қўлтиғини боғловчи муҳим денгиз йўлакларидан бири. Осиёни Европа билан Сувайш канали орқали боғловчи савдо оқимларининг катта қисми шу минтақага боғлиқдир.

Ҳусийлар — Яқин Шарқдаги тинчлик жараёнларига янги таҳдид субъекти

Яқин Шарқ навбатдаги хавфли қарама-қаршилик босқичига кирмоқда. Агар яқин вақтгача минтақадаги асосий зиддият чизиқлари Эрон — Исроил, Эрон — АҚШ ҳамда Исроил — «Ҳизбуллоҳ» муносабатлари атрофида шаклланган бўлса, энди Яман фронти тобора катта аҳамият касб этмоқда. Шиа жангарилари ва бузғунчилари - ҳусийларнинг «Ансор Аллоҳ» ҳаракати Ямандаги фуқаролик уруши иштирокчисидан Саудия Арабистони хавфсизлиги, Қизил денгиздаги кемалар қатнови, жаҳон нефть нархлари ва дипломатик келишувлар истиқболига таъсир қила оладиган мустақил омилга айланмоқда.

Айниқса, шу кунларда воқеалар ташвишли тус олди. 10 сентябрь куни ҳусийлар Қизил денгиз соҳилидаги стратегик аҳамиятга эга Моха портини эгаллади ва Боб-ул-Мандиб бўғози томон илгарилади. Reuters маълумотларига кўра, ҳусийлар Ҳаниш ороллари ҳудудига ҳам яқинлашган. БМТнинг Яман бўйича махсус вакили Ҳанс Грундберг вазиятни урушнинг «янги ва янада хавфли босқичи» деб баҳолади.

Маҳаллий можародан минтақавий инқирозга

Ҳусийлар бир неча йилдан бери Яман сиёсий ва ҳарбий ҳаётининг муҳим иштирокчиси ҳисобланади. Бироқ ҳозирги вазият аввалги босқичлардан жиддий фарқ қилади. Илгари асосий кураш Ямандаги ҳудудлар устидан назорат учун олиб борилган бўлса, энди ҳаракатнинг географик жойлашуви халқаро аҳамият касб этмоқда.

Боб-ул-Мандиб — Қизил денгиз билан Адан қўлтиғини боғловчи муҳим денгиз йўлакларидан бири. Осиёни Европа билан Сувайш канали орқали боғловчи савдо оқимларининг катта қисми шу минтақага боғлиқ. Шунинг учун ҳусийларнинг денгиз қатновига таъсир ўтказиш имконияти энди фақат Саудия Арабистони ёки Яман учун эмас, балки халқаро савдо учун ҳам хавф туғдирмоқда.

Вазиятни янада мураккаблаштираётган омил — Ҳурмуз бўғози атрофидаги кескинликнинг сақланиб қолаётганидир. Reuters таъкидлаганидек, Ҳурмуздаги ҳаракат чекланаётган бир пайтда ҳусийларнинг Боб-ул-Мандиб томон силжиши энергетика учун бир вақтнинг ўзида икки муҳим денгиз йўналишига босим ўтказиш хавфини пайдо қилмоқда. Шу жиҳатдан ҳусийлар муаммоси оддий минтақавий можародан глобал энергетика инқирозининг бир қисмига айланиши мумкин.

Нега эронпараст кучлар Саудия Арабистонига ҳужум қиляпти?

Ҳусийларнинг ҳаракатлари, аввало, Саудия Арабистони учун бевосита хавф туғдирмоқда. Сўнгги кунларда ҳаракат Саудиянинг жанубий ҳудудлари ва энергетика инфратузилмасига зарбалар берди. Саудия расмийлари 8 сентябрдаги ҳужумлар оқибатида ўнлаб одам жабрланганини маълум қилди.

Шундан кейин ҳусийлар Қизил денгиз соҳили бўйлаб жанубга қараб илгарилади. Моха портининг эгалланиши катта стратегик аҳамиятга эга, чунки шаҳар Боб-ул-Мандиб йўналишига яқин жойлашган.

Бу вазият Саудия учун яна бир сабабга кўра муҳим. Қироллик Ҳурмуз бўғози билан боғлиқ муаммолар шароитида нефть экспортини Қизил денгиз орқали амалга ошириш имкониятларини сақлаб қолишга ҳаракат қилмоқда.

11 сентябрь куни Саудиядаги муқаддас шаҳар - Мадина жануби-шарқидаги Саудиянинг Шарқ — Ғарб нефть қувурига ҳусийлар зарба берган бўлиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалди. Ер сунъий йўлдошлари маълумотларида қувур йўналиши атрофида катта ёнғин қайд этилган. Бироқ мақола тайёрланаётган пайтда қувурнинг ўзи зарбага учрагани мустақил манбалар томонидан тасдиқланмаган эди. Шунинг учун бу маълумотни жиддий, аммо ҳозирча тасдиқланмаган хабар сифатида баҳолаш керак.

Агар бундай ҳужум уюштирилгани тасдиқланса, унинг оқибатлари Саудия — Яман можаросидан анча кенгроқ аҳамият касб этади. Чунки бу қувур Саудия нефтини Қизил денгизга олиб чиқишда Ҳурмуз бўғозини четлаб ўтиш имконини берувчи муҳим йўналишдир.

Нега АҚШ янги фронт очишга шошилмаяпти?

Шу пайтгача Саудия Арабистони, бошқа бой Халиж давлатлари каби АҚШнинг ҳарбий ҳимоясига ишониб келишган. Бироқ 2026 йилда Эрон (АШ билан ҳамкорлигини баҳона қилиб) уларга ҳам бемалол ракета зарбалари бериб, катта талофот етказа бошлади ва бу бузғунчи ҳаракатлар ҳамон тўхтагани йўқ. Яъни АҚШнинг араб давлатларини Эрондан ҳимоя қилиш қобилияти савол остида қолмоқда.

Шундай бўлсада, Axios маълумотларига кўра, Саудия валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон 10 сентябрь куни президент Дональд Трамп билан икки марта телефон орқали гаплашиб, АҚШни ҳусийларга зарба беришга чақирган. Бироқ Трамп АҚШнинг ҳусийларга қарши тўғридан-тўғри ҳарбий амалиётга киришишини рад этган.

Бу қарорнинг сабаби тушунарли. АҚШнинг асосий диққати ҳозир Эрон билан қарама-қаршилик ва Ҳурмуз бўғозидаги хавфсизлик масалаларига қаратилган.

Вашингтон учун дилемма шундан иборатки, бир томондан, Қизил денгизда кемалар қатновининг эркинлиги Америка манфаатларига мос келади. Иккинчи томондан эса, АҚШнинг Ямандаги урушга бевосита кириши Эрон билан можарога яна бир фронт қўшиб, унинг янада кенгайишига олиб келиши мумкин.

Axios хабар беришича, АҚШ Саудияга разведка маълумотлари ва бошқа ёрдам турларини тақдим этишни кучайтирмоқда, аммо ҳозирча жангларда бевосита иштирок этишдан қочаяпти.

Бу муҳим сиёсий сигнал: Вашингтон Эрон билан қарама-қаршиликни бир вақтнинг ўзида Яман урушига айлантириб юбормасликка ҳаракат қилмоқда. Лекин The Wall Street Journal маълумотларига кўра, АҚШ маъмуриятидаги айрим юқори лавозимли маслаҳатчилар Эрон билан можаро Трамп президентлик муддатининг охири — 2029 йил январгача давом этиши мумкинлигини тан олмоқда. Агар Эрон кучсизланса ва “урушқоқлик” тиши синдирилса, минтақадаги эронпараст жангарилар ҳам бузғунчилик ҳаракатлари молиявий ёрдамсиз қолади ва сунний давлатларга таҳдид қилишга заифлик қилиб қолади.

Эрон омили

Энг муҳим саволлардан бири — ҳусийларнинг Эрондан қанчалик мустақил ҳаракат қилаётганидир.

Теҳрон ҳусийлар устидан тўғридан-тўғри назорат ўрнатганини расман рад этади. Бироқ Reuters Яман, Эрон ва минтақадаги манбаларга таяниб, ҳусийларнинг Қизил денгиз соҳили бўйлаб сўнгги илгарилаши Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси вакилларининг бевосита кўрсатмалари билан амалга оширилгани ҳақида хабар берди.

Қолаверса, Reuters’нинг жорий йил 14 июль куни чоп этилган “Analysis — After Hormuz, Iran turns to Red Sea gateway as new pressure point” номли таҳлилий материалида таъкидланишича, Ҳурмуз бўғози орқали кемалар қатнови тўхтатилганидан сўнг, Эрон Ямандаги ўз иттифоқчиси бўлган ҳусийлардан Боб-ул-Мандиб бўғозини ёпиш учун фойдаланиш имкониятини ишора қилган. Бу эса АҚШга қўшимча босим ўтказиш ва бир вақтнинг ўзида энергетика учун муҳим бўлган икки денгиз йўналишига таҳдид солиш имконини беради.

Шу билан бирга, ҳусийларни Эроннинг оддий «қўғирчоғи» сифатида кўриш ҳам тўғри эмас. Ҳаракатнинг ўз сиёсий мақсадлари, ижтимоий таянчи ва Яманга оид манфаатлари мавжуд.

Бироқ стратегик манфаатларнинг уйғунлиги яққол кўринади. Эрон учун Боб-ул-Мандиб орқали босим ўтказиш АҚШ ва унинг иттифоқчиларига нисбатан қўшимча восита бўлиши мумкин. Ҳусийлар учун эса халқаро аҳамиятнинг ортиши сиёсий таъсир ва музокаралардаги мавқени кучайтиради.

Шундай қилиб, ўзаро манфаатга асосланган ўзига хос тизим шаклланмоқда: Эрон қўшимча минтақавий таъсир воситасига эга бўлади, ҳусийлар эса ўз ҳарбий-сиёсий имкониятларини халқаро сиёсий ресурсга айлантириш имконини қўлга киритади.

Ямандаги тинчлик жараёни учун янги хавф

Бу ерда парадокс бор. Ҳусийлар эскалацияси Саудия — Яман қарама-қаршилиги бир неча йил давомида нисбатан пасайганидан кейин кучаймоқда. 2022 йилда эришилган сулҳ тўлиқ тинчлик келишувига айланмаган бўлса-да, жанглар интенсивлигини сезиларли даражада пасайтирган эди. Энди Моханинг эгалланиши ана шу нозик мувозанатни бузиши мумкин. Чунки ҳусийлар нафақат ҳудудий мавқеини яхшиламоқда, балки муҳим транспорт йўналишига таъсир ўтказиш имкониятини ҳам кучайтирмоқда.

Бу музокаралар мантиғини ҳам ўзгартиради. Стратегик соҳил ҳудудини назорат қилувчи томон музокара столида қўшимча аргументларга эга бўлади. Аммо рақиблар бу жараённи тинчлик воситаси эмас, курашнинг давоми сифатида қабул қила бошлаши мумкин.

Исроил омили

Баъзан ёрдам душман тарафидан ҳам келади. Айниқса ўзаро мақсад ва манфаатлар мос келса. Шу кунларда эронпараст шиа жангарилари Теҳрон қўллови билан сунний давлатларга таҳдидни кучайтирган. Теҳрон Суриядаги шиа ҳукуматидан айрилганига, Сурияда ниҳоят тинчлик ва осойишта ҳаёт ўрнатилаётганига ҳамон чидай олмаётган кўринади. Чунки Оятулло режимининг ташқи сиёсати – Туркия амалдорларидан бири айтганидек, Исроилнинг ташқи милитаристик сиёсатига жудаям ўхшаб кетади. Эрон ўз халқи фаровонлигини яхшилаш эмас, тинимсиз жанг ва кураш бўлиб туришидан манфаатдордек кўринади. Доимий ташқи душман ва образи ва гўёки унга қарши кураш - халқни ҳукумат атрофида жипслаштиради, ҳукуматнинг иқтисодиёт ва ижтимоий сиёсати ёмонлигини хаспўшлайди.

Шу нуқтаи назардан Ливаннинг Al-Akhbar газетаси тарқатган хабарлар ҳам диққатга сазовор. Ҳусий бузғунчилари сунний мусулмонлар қонига ташналигини яширмайди. Исроил ҳам ҳусийларни ўз хавфсизлигига катта таҳдид сифатида кўради.

Бундай умумий душманга қарши курашга Исроил ҳам ёрдам бермоқчи бўляпти.

Нашр Америка дипломатик манбаларига таяниб, Биньямин Нетаньяху ҳусийларга қарши кенг кўламли ҳаракатларда иштирок этиш имкониятини кўриб чиқаётгани, бу эса Эрон ва «Ҳизбуллоҳ»га қарши умумий босим билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини ёзди.

Бироқ бу маълумотларга эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш лозим. Бу ерда гап номлари очиқланмаган манбаларга асосланган хабар ҳақида кетмоқда ва Исроил ҳукуматининг бундай қарор қабул қилгани мустақил равишда тасдиқланмаган.

Шу билан бирга, сценарийни сиёсий жиҳатдан мутлақо истисно қилиб бўлмайди. Агар Исроил ҳақиқатан ҳам ҳусийларга қарши фронт очса, Яман масаласи Саудия — Эрон муносабатлари доирасидан чиқиб, Исроил — Эрон қарама-қаршилигининг бевосита қисмига айланади. Бу эса бутун минтақада эскалация хавфини кескин оширади.

Покистон нега ҳозирча аралашмаяпти?

Покистоннинг позицияси ҳам муҳим. Август ойида Саудия Арабистони, Туркия ва Покистон ўртасида ўзаро мудофаа бўйича келишув имзоланганидан кейин ҳусийларнинг Саудияга ҳужумлари ушбу келишувни амалда ишга тушириши мумкинми, деган савол пайдо бўлди.

10 сентябрь куни Покистон ТИВ вакили Сажжад Ҳайдар Хон келишув доирасида ҳозирча ҳарбий жавоб масаласи муҳокама қилинмаганини билдирди. У Покистон зарурат туғилган пайтда келишувга мувофиқ ҳаракат қилишини таъкидлади.

Бу эҳтиёткорлик тасодифий эмас. Исламабод Саудия хавфсизлигини қўллаб-қувватласа-да, ўзаро мудофаа келишувининг автоматик равишда Ямандаги урушда иштирок этиш механизмига айланишини истамаяпти. Демак, ҳатто Саудия хавфсизлигидан манфаатдор давлатлар ҳам можарони янада кенгайтириш хавфини тушунмоқда.

Энергетика — асосий глобал хавф

Иқтисодий оқибатлар аллақачон намоён бўлмоқда. Ямандаги воқеалар ва Ҳурмуз бўғозидаги кескинлик фонида нефть нархлари кескин ошди. Reuters маълумотларига кўра, Brent нефтининг нархи 105 доллардан юқорига кўтарилди.

Агар Ҳурмуз ва Боб-ул-Мандиб бўғозлари бир вақтнинг ўзида жиддий чекланса, жаҳон иқтисодиёти оддий нарх ошишидан ҳам каттароқ муаммога дуч келиши мумкин. Айниқса Осиё ва Европа давлатлари, яъни нефть импорти ва денгиз ташувларининг барқарорлигига кўпроқ боғлиқ мамлакатлар хавф остида қолади.

Хулоса

Ҳусийлар Яқин Шарқ учун янги таҳдидга айлангани уларнинг минтақада тўсатдан пайдо бўлганини англатмайди. Янги жиҳат — минтақавий қарама-қаршиликнинг ўзи ўзгарганида. Бугун ҳаракат Яманнинг шимоли ва ғарбида катта таъсирга эга, Саудия Арабистони хавфсизлигига таъсир кўрсата олади ва дунёдаги энг муҳим денгиз йўлакларидан бирига яқин ҳудудда жойлашган. Шу билан бирга, Эрон атрофидаги можаро Ҳурмуз бўғозидаги инқироз билан бирлашмоқда.

Асосий хавф ҳам ана шу икки инқирознинг бир нуқтада туташишида. Агар Боб-ул-Мандиб энергетика урушидаги иккинчи йирик фронтга айланса, дипломатия учун мавжуд имкониятлар кескин қисқаради. Ҳар бир янги ҳужум Саудия Арабистони, АҚШ, Исроил ва Эронга нисбатан сиёсий босимни оширади. Ҳар бир жавоб ҳаракати эса эскалация эҳтимолини янада кучайтиради.

Абулфайз Сайидасқаров

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid