platina.uz
Мақола

Европага Россия ўрнини босиш таклифи: Боку тарихий имкониятдан фойдалана оладими?

Боку Европа давлатларига Россия нефти ва гази ўрнига Озарбайжон энергетика ресурсларини етказиб беришни кўпайтиришни таклиф этиб, амалда қитъа энергетика бозоридаги кучлар мувозанатини ўзгартириш ниятини билдирди. Бироқ асосий савол Европа Озарбайжондан кўпроқ нефт ва газ сотиб олишга тайёрми, деган масала эмас. Энг муҳим савол — Озарбайжоннинг ўзи бу ҳажмдаги етказиб беришни таъминлай оладими?

Европага Россия ўрнини босиш таклифи: Боку тарихий имкониятдан фойдалана оладими?

Яқин-яқингача Озарбайжон Европа учун асосий энергия ресурслари етказиб берувчиларидан бирига айланиши – афсонадек туюлар эди. Бироқ мамлакат президенти Илҳом Алиевнинг Германияга давлат ташрифи ҳамда нефть ва газ экспортини сезиларли даражада оширишга тайёр экани ҳақидаги баёноти Евроосиё энергетика харитасида янги босқич бошланаётганини кўрсатди.

Россия экспорт оқимларини Шарққа йўналтираётган, Европа эса энергетик хавфсизлик тизимини шиддат билан қайта қуришга киришган бир пайтда, расмий Боку тарихий имкониятдан фойдаланиб, ўзининг географик жойлашувини асосий геосиёсий капиталга айлантиришга интилмоқда.

Аммо Озарбайжон ҳақиқатан ҳам ўйин қоидаларини ўзгартира оладими? Ёки унинг амбициялари ҳозирча реал имкониятларига мувофиқ эмасми?

Табиат бўшлиқни ёқтирмайди!

Жаҳон энергетикасида инқилоблар камдан-кам содир бўлади. Кўпинча катта ўзгаришлар инқирозлар, сиёсий қарорлар ва иқтисодий муросалар занжири орқали босқичма-босқич рўй беради. Озарбайжон президенти Илҳом Алиевнинг 21–22 июль кунлари Германияга амалга оширган давлат ташрифи ҳам ана шундай муҳим паллалардан бири бўлди. Бир қарашда оддий дипломатик баёнотлар ортида анча кенг қамровли геоиқтисодий жараёнлар намоён бўлмоқда.

Боку Европа давлатларига Россия нефти ва гази ўрнига озарбайжон энергетика ресурсларини етказиб беришни кўпайтиришни таклиф этиб, амалда қитъа энергетика бозоридаги кучлар мувозанатини ўзгартириш ниятини билдирди. Бироқ асосий савол Европа Озарбайжондан кўпроқ нефть ва газ сотиб олишга тайёрми, деган масала эмас. Энг муҳим савол — Озарбайжоннинг ўзи бу ҳажмдаги етказиб беришни таъминлай оладими?

Таъкидлаш жоизки, сўнгги тўрт йил ичида Европа энергетика сиёсати олдинги 30 йилга нисбатан анча кескин ўзгарди. 2022 йилгача Россия Европа Иттифоқига табиий газ етказиб берувчи энг йирик ташқи ҳамкор бўлиб, импортнинг қарийб 40 фоизини таъминлар эди. Шунингдек, у нефть бозорида ҳам етакчи ўринни эгаллаб келган.

Кенг кўламли санкциялар қарама-қаршилиги бошланганидан кейин расмий Брюссель импортни жадал диверсификация қилишга киришди. Россия ресурслари ўрнини Норвегия, АҚШ, Қатар, Жазоир ва Озарбайжондан келаётган энергоресурслар билан тўлдиришга ҳаракат қилди.

Бироқ диверсификация сиёсий баёнотларга қараганда анча мураккаб жараён экани маълум бўлди. Европа бир йирик етказиб берувчини бир нечта ўртача экспортчилар билан алмаштириш техник жиҳатдан мумкинлигини, аммо иқтисодий томондан қиммат ва инфратузилма нуқтаи назаридан жуда мураккаб эканини англаб етди. Шу сабабли Алиевнинг Берлинга ташрифи айни муддао бўлди.

Иқтисодий ҳисобга асосланган сиёсий баёнот

Германия канцлери Фридрих Мерц билан ўтказилган қўшма матбуот анжуманида Озарбайжон президенти Россия энди анъанавий ҳамкорларини нефть ва газ билан аввалгидек тўлиқ таъминлаш имкониятига эга эмаслигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, агар Европа банклари нефть-газ ҳамда инфратузилма лойиҳаларини молиялаштиришни қайта тикласа, Боку Европа бозорига экспорт ҳажмини сезиларли даражада оширишга тайёр.

Бу баёнот бир вақтнинг ўзида бир нечта манзилга қаратилган.

Биринчиси — Россия таъминотига ишончли муқобил излаётган Европа ҳукуматлари.

Иккинчиси — иқлим сиёсати доирасида углеводород қазиб чиқаришга оид янги лойиҳаларни кредитлашни деярли тўхтатган Европа Иттифоқининг йирик молиявий институтлари.

Учинчиси — Каспий минтақасини яна узоқ муддатли инвестициялар учун энг истиқболли ҳудудлардан бири сифатида кўраётган халқаро энергетика компаниялари.

Бошқача айтганда, Алиев Европага фақат қўшимча газ ҳажмини эмас, балки ҳамкорликнинг янги моделини таклиф қилди. Бу моделда Европа Иттифоқининг энергетик хавфсизлиги тўғридан-тўғри Озарбайжонга сармоя киритишга тайёрлик даражасига боғлиқ бўлади.

Россияга қарши даъволар қанчалик асосли?

Озарбайжон раҳбари Россиянинг экспорт салоҳияти пасайишини Украина дронларининг нефтьни қайта ишлаш заводларига мунтазам зарбалари билан изоҳлади.

Аслида бу иқтисодий урушнинг янги шаклидир. Сўнгги икки йил ичида Россиянинг ўнлаб нефтьни қайта ишлаш корхоналари ҳужумларга учради. Бу айрим ҳолларда ёқилғини қайта ишлаш ҳажмининг қисқаришига ва ички нефть маҳсулотлари бозорида кескинлик юзага келишига сабаб бўлди.

Бироқ нефтни қайта ишлаш билан уни қазиб олиш ўртасида туб фарқ мавжуд. Ҳатто айрим нефтьни қайта ишлаш заводлари фаолиятида жиддий узилишлар юз берган тақдирда ҳам, бу автоматик равишда нефть қазиб чиқариш ҳажмининг камайиши ёки экспорт салоҳиятининг бутунлай йўқолишини англатмайди.

Статистика маълумотлари икки мамлакат ўртасидаги фарқ кўламини яққол намоён этади. 2025 йилда Россия 511,5 миллион тонна нефть қазиб чиқариб, шундан 238 миллион тоннасини экспорт қилди. Бу даврда Озарбайжон 27,6 миллион тонна нефть қазиб чиқариб, 10,5 миллион тоннасини экспорт қилди.

Ҳатто Европага етказиб бериш ҳажми кескин қисқарганидан кейин ҳам, Россия Европа истеъмолчиларига тахминан 25 миллион тонна нефть сотди. Бу Озарбайжоннинг умумий нефть экспортидан икки баравардан ҳам кўп деганидир. Бу рақамлар Бокунинг Россия ўрнини тўлиқ эгаллай олмаслигини кўрсатади.

Аммо аслида Озарбайжон бундай мақсадни ҳам кўзламаяпти. Гап Россия ўрнини эгаллаш ҳақида эмас, балки бозорни қайта тақсимлаш ҳақида кетяпти.

Алиевнинг баёнотларини, аввало, сиёсий сигнал сифатида қабул қилиш лозим. Озарбайжон Россиянинг энг йирик экспортчи сифатидаги ўрнига даъвогарлик қилаётгани йўқ. У Европанинг янги энергетик хавфсизлик тизимида асосий етказиб берувчилардан бирига айланишни мақсад қилмоқда.

Брюссель учун эса бу икки мутлақо турлича вазифадир. Бугунги кунда Европа стратегияси янги монополистни излашга эмас, балки таъминот манбаларини максимал даражада диверсификация қилишга асосланган. Газ ва нефтьни етказиб беришнинг мустақил йўналишлари қанчалик кўп бўлса, сиёсий хавфлар ҳам шунчалик камаяди. Айнан шу сабабли Озарбайжон экспорт қилаётган нисбатан кичик ҳажмлар ҳам стратегик аҳамият касб этмоқда.

Озарбайжоннинг асосий бойлиги — нефт эмас, география

Замонавий энергетиканинг ўзига хос парадокси шундаки, давлатнинг аҳамияти энди фақат қазиб олинаётган ресурслар ҳажми билан эмас, балки унинг географик жойлашуви билан ҳам белгиланади.

Озарбайжон Жанубий газ йўлагининг марказий бўғини ҳисобланади. Бу Каспий минтақасини Россия ҳудудини четлаб ўтиб, тўғридан-тўғри Европа билан боғлайдиган ягона йирик қувур тизимидир.

Озарбайжон орқали Жанубий Кавказ газ қувури, Транс-Анадолу газ қувури (TANAP) ҳамда Транс-Адриатика газ қувури (TAP) ўтади. Мазкур йўналишлар Каспийдаги газ конларини Туркия, Греция, Болгария, Италия ва Жанубий Европанинг бошқа мамлакатлари билан боғлайди. Шу билан бирга, республика Хитой, Марказий Осиё ва Европа ўртасидаги Ўрта йўлакнинг ҳам энг муҳим бўғинларидан бирига айланмоқда. Шу тариқа, Боку аста-секин Евроосиёнинг энг муҳим логистика марказларидан бирига айланиб бормоқда.

Жиддий чекловлар ҳам мавжуд

Сиёсий оптимизмга қарамай, Озарбайжоннинг имкониятлари чексиз эмас. Мамлакатнинг энг йирик газ кони бўлмиш «Шоҳ Денгиз» ҳозирча экспорт салоҳиятининг асосини ташкил этади. Бироқ экспортни жиддий ошириш учун янги лойиҳаларни амалга ошириш талаб этилади. Бундан ташқари, мавжуд инфратузилма ҳам ўз ўтказиш қуввати чегарасига яқинлашиб қолган.

Таъминотни сезиларли даражада кўпайтириш учун фақат сиёсий хоҳишнинг ўзи кифоя қилмайди. Туркия ҳудуди орқали ўтувчи Транс-Анадолу газ қувури (TANAP) ҳамда Озарбайжон газини Жанубий Европа мамлакатларига етказиб берувчи Транс-Адриатика газ қувури (TAP) қувватини кенгайтириш, янги компрессор станцияларини қуриш ва қўшимча конларни ўзлаштириш талаб этилади.

Бу лойиҳаларни амалга ошириш учун бир неча миллиард доллар инвестиция зарур бўлади. Шунинг учун ҳам Алиев Европа банкларига қайта-қайта мурожаат қилмоқда. Ташқи молиялаштиришсиз Озарбайжон экспорт ҳажмини тез суръатларда ошира олмайди.

Европадаги ички зиддият

Бу ерда замонавий Европа сиёсатининг энг катта қарама-қаршиликларидан бири намоён бўлади.

Бир томондан, Брюссель дўст давлатлардан газ импортини кенгайтиришдан манфаатдор.

Иккинчи томондан эса, Европа Иттифоқи иқлим нейтраллигига эришиш мақсадида қазилма ёқилғи қазиб чиқариш билан боғлиқ лойиҳаларни молиялаштиришни изчил чеклаб келмоқда.

Натижада ўзига хос парадокс юзага келмоқда. Европа камида кейинги ўн йилликнинг ўртасигача қўшимча газ ҳажмига муҳтож. Аммо молиявий сиёсат айнан шу таъминотни таъминлайдиган инфратузилмани барпо этишга тўсқинлик қилмоқда. Аслида, Озарбайжон бугун айнан шу зиддиятга эътибор қаратмоқда.

Москва жим қараб турмади

Россия расмийлари Алиевнинг баёнотларини миллий манфаатларни илгари суришга қаратилган ҳаракат сифатида баҳолаётган бўлса-да, Москва билан Боку ўртасидаги энергетик рақобат келгусида янада кучайиши аниқ.

Бу ерда гап қазиб чиқариш ҳажми учун эмас, балки Европа бозори учун кураш ҳақида кетмоқда.

Россияда Озарбайжоннинг Европа билан яқинлашувига нисбатан муносабатлар ҳам билдирилди.

Хусусан, Россия Давлат Думаси депутати Александр Толмачев «Озарбайжон Арманистон йўлидан боришга қарор қилди. Аммо Россиядан узоқлашиш ва Европа билан яқинлашиш сиёсати ҳеч кимга муваффақият келтирмаган», — деди. Депутатнинг таъкидлашича, Европа мамлакатлари билан ҳамкорлик қилиш - ёмон нарса эмас. Бироқ муаммо шундаки, «янги дўстлар» асосий шарт сифатида Россия билан алоқаларни узишни талаб қилмоқда, гўёки.

Айни пайтда эса, Россия экспортни Осиё бозорига, биринчи навбатда Хитой ва Ҳиндистонга қайта йўналтиришда давом этяпти. Бироқ Европа бозори ҳанузгача дунёдаги энг юқори тўлов қобилиятига эга бозорлардан бири бўлиб қолмоқда. Шу боис, ҳатто Озарбайжон таъминотининг нисбатан кичик ўсиши ҳам нафақат иқтисодий, балки муҳим сиёсий аҳамиятга эга.

Яна кимлар Россия ўрнини босиш учун даъвогар?

2022 йилдан кейин Европа амалда Россия эгаллаб турган бозор улуши учун танлов эълон қилди. Бироқ даъвогарлар кутилгандан ҳам кўп бўлиб чиқди. Бугунги кунда бир вақтнинг ўзида бир нечта йирик энергетика марказлари ўзаро рақобат қилмоқда.

АҚШ

Сўнгги тўрт йилнинг энг катта ғолиби — АҚШ бўлди. Америка суюлтирилган табиий гази бугун Европа бозорида етакчи ўринлардан бирини эгалламоқда. Унинг асосий афзалликлари - улкан газ қазиб чиқариш ҳажми, ривожланган технологиялар ҳамда Вашингтоннинг кучли сиёсий қўллаб-қувватлашида намоён бўлади. Бироқ бир муҳим камчилик ҳам бор. Америка гази қувур орқали етказиладиган газга нисбатан қимматроқ. Шу сабабли Европа саноати ҳали ҳам арзонроқ муқобил манбаларни излашда давом этмоқда.

Норвегия

Бугунги кунда Норвегия амалда Европанинг энг йирик қувур орқали газ етказиб берувчисига айланган. Бироқ бу ерда ҳам муаммо мавжуд. Мамлакатдаги кўплаб конлар ўзлаштиришнинг деярли охирги босқичига етган. Шунинг учун қазиб чиқариш ҳажмини кескин ошириш имконияти деярли йўқ. Норвегия мавжуд ҳажмларни сақлаб қолиши мумкин. Аммо Россия ўрнини тўлиқ эгаллай олмайди.

Қатар

Қатар суюлтирилган табиий газ ишлаб чиқариш ҳажмини фаол равишда оширмоқда. Масалан, North Field лойиҳаси жорий ўн йилликнинг иккинчи ярмида экспортни сезиларли даражада кўпайтириши кутилмоқда.

Бироқ Қатар гази фақат Европага эмас, балки Хитой, Ҳиндистон, Япония ва Жанубий Кореяга ҳам етказиб берилади. Демак, Европа бу ресурс учун Осиё давлатлари билан рақобатлашмоқда.

Жазоир

Жазоир Европага энг яқин газ етказиб берувчилардан бири ҳисобланади. Бироқ бу ерда ҳам доимий муаммолар мавжуд. Сиёсий беқарорлик, ички истеъмолнинг ўсиши ва қазиб чиқариш ҳажмини ошириш имкониятларининг чекланганлиги шулар жумласидандир. Бу омиллар экспортни сезиларли даражада кенгайтиришга тўсқинлик қилмоқда.

Туркманистон

Туркманистон, эҳтимол, энг кам баҳоланаётган мамлакатдир. Газ захиралари бўйича у дунёдаги етакчи давлатлар қаторига киради. Бироқ асосий муаммо ўзгармаган — Европа билан тўғридан-тўғри боғловчи маршрут йўқ.

Мисол учун, Транскаспий газ қувури қарийб ўттиз йилдан бери муҳокама қилиб келинмоқда. Аммо сиёсий келишмовчиликлар ҳамда лойиҳанинг жуда юқори қиймати туфайли қурилиш ҳалигача бошлангани йўқ.

Қозоғистон

Қозоғистон нефть экспортини изчил равишда оширмоқда. Бироқ экспорт маршрутларининг аксарияти ҳали ҳам Россия инфратузилмаси орқали ўтади. Шунинг учун Остона ҳам Озарбайжон орқали ўтувчи Ўрта йўлакни ривожлантиришдан манфаатдор. Шу маънода, Қозоғистон нефть экспортининг ўсиши ҳам автоматик равишда Озарбайжоннинг геоиқтисодий аҳамиятини оширади.

Нега Боку айнан ҳозир бундай баёнот бермоқда?

Яна беш йил аввал бундай баёнот ортиқча жасоратли туюлар эди. Бугун эса вазият тубдан ўзгарди. Бир вақтнинг ўзида бир нечта омиллар мос келди.

Биринчидан, Россия экспорт оқимларини Шарққа қайта йўналтирмоқда.

Иккинчидан, Европа янги энергия етказиб берувчиларини изламоқда.

Учинчидан, Ўрта йўлак Осиё билан Европа ўртасидаги энг муҳим савдо йўналишларидан бирига айланиб бормоқда.

Тўртинчидан, Қорабоғ устидан назоратни тўлиқ тиклаганидан кейин Озарбайжоннинг ички сиёсий барқарорлиги анча мустаҳкамланди ва мамлакат бу муваффақиятни ташқи сиёсатда ҳам капиталлаштиришга интилаяпти. Айниқса Россияни собиқ ҳукмдор эмас, енг ҳамкор сифатида қараяпти.

Алиевнинг Украинанинг Россияга ер бериш эҳтимоли масаласида ва совет колониал даври ҳақидаги жасоратли ва Москвага қарши баёнотлари ҳам бу фикр исботидир.

Хулоса

Совуқ уруш йилларида Марказий Осиё атрофидаги рақобатни «Катта ўйин» деб аташар эди. Бугун эса худди шунга ўхшаган янги жараён бошланмоқда.

Фақат энди кураш ҳудудлар учун эмас, балки газ қувурлари, денгиз портлари, суюлтирилган газ терминаллари ва логистика йўлаклари устида кечмоқда. Ҳар бир янги қувур ўнлаб йилларга етадиган сиёсий таъсирни англатади.

Шунинг учун Европа энергетикага эмас, балки ўз хавфсизлигига сармоя киритмоқда. Айнан шу сабабли бугунги кунда Жанубий Кавказга Европа Иттифоқи, Туркия, Хитой, Марказий Осиё давлатлари ҳамда Форс кўрфази мамлакатлари тобора катта қизиқиш билдирмоқда.

Абулфайз Сайидасқаров

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid