platina.uz
Мақола

Қадимги цивилизациялар сири: нега Ер юзининг турли бурчакларида одамлар бир хил пирамидаларни қурган?

Ҳақиқатан ҳам Миср пирамидалари билан Марказий Америкадаги майя ва ацтеклар пирамидалари ташқи кўринишидан жуда ўхшашдек туюлади. Аммо бу ўхшашлик фақат биринчи қарашда шундай. Миср пирамидалари асосан фиръавнларнинг дафн иншоотлари сифатида қурилган. Майя ва ацтеклар пирамидалари эса мутлақо бошқача вазифани бажарган. Улар зинапоясимон шаклда қурилиб, юқори қисмида ибодатхоналар жойлашган. 

Қадимги цивилизациялар сири: нега Ер юзининг турли бурчакларида одамлар бир хил пирамидаларни қурган?

«Юзинчи маймун эффекти» ҳақиқатан ҳам мавжудми?

Тасаввур қилинг: бундан бир неча минг йил аввалги дунё. На сунъий йўлдошлар, на интернет, на самолётлар, на аниқ географик хариталар мавжуд. Улкан океанлар қитъаларни бир-биридан ажратиб туради, одамлар эса кўпинча бошқа халқлар борлигини ҳам билмайди. Аммо археологлар яна ва яна ҳайратланарли ҳолатга дуч келишмоқда: Мисрда Гиза пирамидалари осмонга бўй чўзган, Мексикада майя ва ацтекларнинг зинапоясимон пирамидалари қад кўтарган, Суданда Қуш подшолигига мансуб ўнлаб пирамидалар сақланиб қолган, Хитойда эса императорларнинг улкан дафн мажмуалари тупроқ остида яширинган. Бундан ташқари, Буюк Тўфон ҳақидаги афсоналар, осмондан тушган худолар тўғрисидаги ривоятлар ва Қуёшга сиғиниш рамзлари деярли барча қадимги цивилизацияларда учрайди.

Бу оддий тасодифми? Қонуниятми? Ёки инсоният бир вақтлар ягона билим манбаига эга бўлганидан далолат берадими?

Бу саволга жавоб излашга қилинган энг ғайриоддий уринишлардан бири «юзинчи маймун эффекти» деб аталадиган назария бўлди. Қарийб ярим асрдан буён у муқобил тарих тарафдорлари ҳамда академик олимлар ўртасида қизғин баҳсларга сабаб бўлиб келмоқда.

Бутун дунёга машҳур бўлган ҳикоя

XX аср ўрталарида япон олимлари Косима оролида яшовчи япон макакларини кузатишар эди. Улар маймунларга мунтазам равишда қумга беланиб қоладиган ширин картошка ташлаб беришарди. Имо исмли ёш урғочи маймун кутилмаганда оддий, аммо ақлли ечим топди — у картошкани ейишдан аввал денгиз сувида юва бошлади.

Орадан кўп ўтмай бу усулни унинг қариндошлари, кейин бошқа ёш маймунлар ҳам ўрганди ва вақт ўтиши билан янги одат бутун колония бўйлаб тарқалди.

Энг қизиғи бу эмас. Қизиғи шундаки, картошка ювадиган маймунлар сони 100 тага етгач, бу одат бошқа маймунлар колонияларида ҳам тарқала бошлади. Улар "устоз" маймунларни умрида курмаган, улар билан аралашмаган, бу янги одатларни улардан ӯрганмаган.

Аслида, ҳақиқий илмий кузатувлар шу ерда якунланади.

Бироқ бир неча йил ўтгач, ушбу воқеа деярли мистик тус олди. Машҳур бўлиб кетган талқинга кўра, картошкани ювишни ўрганган маймунлар сони тахминан юзтага етгач, ғайриоддий ҳодиса юз берган. Гўёки бошқа оролларда яшовчи, Косимадаги маймунлар билан ҳеч қачон алоқа қилмаган макаклар ҳам худди шу одатни ўзлаштира бошлаган.

Шу тариқа билимлар оддий ўрганиш эмас, балки қандайдир умумий ахборот майдони орқали бир зумда тарқалиши мумкинлиги ҳақидаги ғоя пайдо бўлди.

Бу ғоя кейинчалик «юзинчи маймун эффекти» номи билан машҳур бўлди.

Британиялик ёзувчи Лайалл Уотсоннинг китоби ушбу ҳикояни бутун дунёга танитди. Кўп ўтмай у нафақат ҳайвонлар, балки бутун инсоният онги ўртасида қандайдир кўринмас боғланиш мавжудлигининг далили сифатида келтирила бошланди.

Илм-фан нима дейди?

Кейинчалик тадқиқотчилар япон олимларининг асл ҳисоботларини яна бир бор синчиклаб ўрганишди. Маълум бўлишича, машҳур ҳикояда айтилган сенсацион воқеаларнинг ҳеч бири илмий манбаларда қайд этилмаган.

Ҳисоботларда «юзинчи маймун» деган тушунча ҳам, айнан юзта маймунга етгач қандайдир кескин ўзгариш содир бўлгани ҳақидаги маълумот ҳам йўҚ. Шунингдек, бошқа оролларда яшовчи маймунларга бу кўникманинг бир зумда ўтиб кетгани ҳақида ҳам ҳеч қандай далил келтирилмаган. Аксинча, янги одат ижтимоий ҳайвонлар орасида одатдагидек — кузатиш, тақлид қилиш ва босқичма-босқич ўрганиш орқали тарқалган.

Бошқача айтганда, машҳур «юзинчи маймун эффекти» кўпроқ жозибали афсона бўлиб чиқди, илмий жиҳатдан исботланган ҳодиса эмас. Аммо бу умумий ахборот майдони ёки коллектив билим ғояси мутлақо нотўғри дегани эмас. Чунки табиатда ҳалигача олимларни ўйлантириб келаётган бошқа қизиқ мисоллар ҳам мавжуд.

Лазоревкалар, сут шишалари ва коллектив ўрганиш сири

«Юзинчи маймун эффекти» тарафдорлари яна бир қизиқ воқеани ҳам ўз назарияларининг далили сифатида келтирадилар.

XX аср бошларида Буюк Британияда яшовчи лазоревка қушлари кутилмаганда ғайриоддий қобилиятни намоён этди. Ҳар тонг уйлар эшиги олдига қолдириладиган шиша сут идишларининг картон қопқоқларини тумшуғи билан тешиб, улар сутнинг энг ёғли қисми — қаймоққа етиб бора бошлади.

Бу кўникма ҳайратланарли даражада тез тарқалди. Орадан кўп ўтмай мамлакатнинг турли ҳудудларида яшовчи лазоревкалар ҳам айнан шу усулдан фойдаланаётгани кузатилди.

Иккинчи жаҳон уруши бошлангач, сут етказиб бериш тизими деярли тўхтаб қолди. Бир неча йилдан кейин етказиб бериш қайта тикланганда эса бу ҳунарни билган лазоревкаларнинг аксарияти аллақачон нобуд бўлган эди. Ахир уларнинг умри одатда уч йилдан ошмайди. Шунга қарамай, орадан кўп ўтмай янги авлод лазоревкалари яна шиша идишларни очиб, қаймоқни ея бошлади. Бир қарашда бу ҳақиқатан ҳам сирли ҳодиса бўлиб кўринади.

Бироқ орнитологлар бунга анча содда изоҳ топдилар. Агар турли жойлардаги ҳайвонлар бир хил муаммога дуч келса, улар кўпинча бир хил ечимни топадилар. Ёш қушлар катталарни кузатади, улардан ўрганади ва маълум вақт ўтиб янги кўникма яна бутун популяция бўйлаб тарқалади.

Шунинг учун бу воқеа ҳам қандайдир сирли ахборот майдони мавжудлигини эмас, балки ижтимоий ўрганиш жараёни қанчалик самарали эканини кўрсатади.

Нега пирамидалар бир-бирига шунчалик ўхшайди?

Энг кўп баҳсларга сабаб бўладиган савол ҳам айнан шу. Ҳақиқатан ҳам Миср пирамидалари билан Марказий Америкадаги майя ва ацтеклар пирамидалари ташқи кўринишидан жуда ўхшашдек туюлади.

Аммо бу ўхшашлик фақат биринчи қарашда шундай. Миср пирамидалари асосан фиръавнларнинг дафн иншоотлари сифатида қурилган. Улар силлиқ ён томонларга, мураккаб ички йўлакларга ва махсус дафн хоналарига эга бўлган. Майя ва ацтеклар пирамидалари эса мутлақо бошқача вазифани бажарган. Улар зинапоясимон шаклда қурилиб, юқори қисмида ибодатхоналар жойлашган. Бу ерда диний маросимлар ўтказилган.

Судан пирамидалари эса Мисрдагилардан анча кичик бўлиб, ён томонлари анча тик ва архитектураси ҳам сезиларли даражада фарқ қилади. Демак, ташқи кўринишдаги айрим ўхшашликларга қарамай, уларнинг мақсади, қурилиш услуби ва маънавий мазмуни турлича бўлган.

Нега турли халқлар бир хил ечимга келади?

Бу саволга жавоб эҳтимол ўйлагандан ҳам соддароқ. Тасаввур қилинг, сиз улкан тош блоклардан иложи борича баланд иншоот қурмоқчисиз. Аммо сизда на темир-бетон, на пўлат конструкциялар, на замонавий қурилиш техникаси бор. Қайси шакл энг мустаҳкам бўлади? Албатта, пирамида.

Кенг асос оғирликни тенг тақсимлайди, юқорига кўтарилган сари қаторлар кичрайиб боради ва бутун иншоот ўз оғирлигини осон кўтара олади. Аслида, бундай ечимни инсонга физика қонунларининг ўзи «таклиф қилади». Шу сабабли археологлар «мустақил кашфиёт» ёки «мустақил ривожланиш» деган тушунчадан фойдаланадилар.

Бу назарияга кўра, бир-биридан мутлақо бехабар халқлар бир хил муаммоларга дуч келганда, кўпинча бир хил ечимларни топадилар. Бу фақат пирамидаларгагина тегишли эмас. Деҳқончилик, суғориш тизимлари, кулолчилик, тақвимлар, металлга ишлов бериш, ёзув тизимлари каби кўплаб ихтиролар ҳам турли минтақаларда деярли бир вақтнинг ўзида пайдо бўлган. Бу эса ҳар доим ҳам ягона цивилизация ёки умумий билим манбаи мавжуд бўлганини англатмайди. Кўп ҳолларда бундай ривожланишга инсон эҳтиёжлари, табиий муҳит ва ҳаёт шароитлари сабаб бўлган.

Қадимги халқлар барибир ўзаро алоқада бўлганми?

Бу ҳам жиддий муҳокама қилинадиган гипотезалардан биридир.

Бугунги кунда олимлар қадимги инсонлар аввал ўйланганидан анча узоқ масофаларга сафар қилганини инкор этмайдилар. Савдо йўллари Мисрни Месопотамия билан, Ҳинд водийсини Форс кўрфази билан, Хитойни эса Марказий Осиё билан боғлаб турган.

Баъзи тадқиқотчилар ҳатто айрим денгиз саёҳатчилари жуда узоқ қирғоқларгача етиб борган бўлиши мумкинлигини ҳам истисно қилмайдилар. Шу билан бирга, қадимги Миср ва Марказий Америка цивилизацияларининг мунтазам алоқада бўлганини тасдиқлайдиган ишончли археологик далиллар ҳозирча топилмаган. Шу сабабли тарихчиларнинг аксарияти ҳали ҳам цивилизациялар мустақил равишда ривожланган, деган нуқтаи назарни энг ишончли тушунтириш деб ҳисоблайди.

Коллектив онгсизлик: яна бир қизиқ назария

Қизиғи шундаки, бутун инсоният учун умумий бўлган қандайдир маънавий макон ҳақидаги ғоя фақат муқобил тарих тарафдорларигагина хос эмас. Швейцариялик машҳур психиатр Карл Густав Юнг «коллектив ихтиёрсиз онг» назариясини илгари сурган.

Унинг фикрича, инсоният тафаккурида барча халқлар учун умумий бўлган архетиплар — қадимий тимсоллар ва образлар мавжуд. Шунинг учун ҳам турли халқларнинг афсона ва ривоятларида бир-бирига ўхшаш қаҳрамонлар, Дунё дарахти, Буюк Тўфон, эзгулик ва ёвузлик ўртасидаги кураш, осмондан тушган қаҳрамонлар каби сюжетлар қайта-қайта учрайди.

Бироқ Юнг назарияси психология соҳасига тааллуқли бўлиб, у меъморчилик, муҳандислик ёки технологик билимларнинг қандай тарқалганини тушунтирмайди. Бошқача айтганда, у инсон онгидаги умумий рамзларни изоҳлайди, аммо пирамидаларни қуриш технологияси қандай пайдо бўлганига жавоб бермайди.

Афсона ва илм-фан ўртасида

«Юзинчи маймун эффекти» ҳақидаги ҳикоя илмий кузатув қандай қилиб вақт ўтиши билан афсонага айланиб кетишининг ёрқин намунасидир. Унинг асосида ҳақиқий илмий тадқиқотлар ётади. Бироқ кейинчалик бу воқеа қайта-қайта ҳикоя қилиниши жараёнида унга мистик ва сенсацион тафсилотлар қўшилиб борган.

Шунга қарамай, қадимги цивилизациялар ўртасидаги ўхшашликлар ҳақидаги савол ҳанузгача долзарблигини йўқотмаган. Замонавий илм-фан бу саволларга энг ишончли жавобни таклиф этади: инсон қаерда яшамасин, унинг эҳтиёжлари ўхшаш, табиат қонунлари эса ҳамма жойда бир хил. Шунинг учун турли халқлар кўпинча бир-бири билан учрашмаган ҳолда ҳам ўхшаш ечимларга келиши мумкин.

Бироқ тарих бизга яна бир муҳим сабоқни ҳам беради. Кеча мутлақ ҳақиқат деб ҳисобланган кўплаб назариялар янги археологик топилмалар туфайли қайта кўриб чиқилган. Эҳтимол, келажакдаги янги кашфиётлар қадимги цивилизациялар ҳақидаги тасаввурларимизни яна ўзгартириши мумкин.

Ҳозирча эса шундай дейиш мумкин: Миср, Судан, Хитой ва Марказий Америка пирамидалари, эҳтимол, инсоният тафаккури бир хил муаммоларга дуч келганда бир хил ечимларни топишга қодир эканининг энг ёрқин далилидир. Балки, улар ҳали тўлиқ очилмаган буюк сирнинг жимгина гувоҳларидир. Шунинг учун ҳам қадимги цивилизациялар тарихи инсон тафаккурини ҳайратга солишда ва янги авлод тадқиқотчиларини ўзига жалб қилишда давом этаверади.

Абулфайз Сайидасқаров

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid