Ўзбекистонда 1,5 млрд тонна темир руда захираси мавжудлиги маълум қилинди
Тошкент вилояти, Самарқанд ва Сурхондарёда ҳам темир захиралари борлиги прогноз қилинган. Давлат раҳбари бундай йирик лойиҳаларда темир сифатини ошириш учун марганец ва ферросилиций хомашёсига ҳам талаб ортишини таъкидлади.

Мамлакатимизда 1,5 миллиард тонна темир руда захираси мавжуд. “Сурун-ота” конидан йилига 650 минг тонна темир хомашёсини олиш бўйича хитойлик ҳамкорлар билан келишувга эришилган.
Ушбу кондан темир концентрати 2027 йилдан бошлаб комбинатга етказиб берилиши шартлиги белгиланди.
Бундан ташқари, “Тебинбулоқ” конини уч-тўрт йилда ишга тушириш орқали йилига 1 миллион тонна пўлат ишлаб чиқариш имкони яратилади.
Тожикистондан йилига 700 минг тонна темир хомашёсини сотиб олиш бўйича меморандум имзолангани қайд этилиб, тез фурсатда шартномани расмийлаштириш ва келгуси йилдан хомашё олиб келишни бошлаш вазифаси қўйилди.
Металлургия соҳасидаги йирик хусусий корхоналар ҳам геология-қидирув ишлари, конлардан хомашё қазиб олиш ва тайёр маҳсулотгача бўлган тўлиқ технологик занжирни ташкил этишга тайёр экани таъкидланди.
Самарқанддаги корхона темир кони берилса, хомашё қазиб олишга 500 миллион долларгача сармоя киритиш ташаббусини билдирган. Бекобод металлургия комбинати эса хомашё базасини кенгайтириш учун Форишдаги 32 миллион тонна темир ресурсига эга “Темиркон”ни ўзлаштиришни сўраган.
Президентимиз бунинг учун шароит яратиш юзасидан топшириқлар берди.
Тошкент вилояти, Самарқанд ва Сурхондарёда ҳам темир захиралари борлиги прогноз қилинмоқда.
Давлатимиз раҳбари бундай йирик лойиҳаларда темир сифатини ошириш учун марганец ва ферросилиций хомашёсига ҳам талаб ортишини таъкидлади.
Мутасаддиларга ушбу майдонларни сунъий интеллект ёрдамида таҳлил қилиб, бир ойда темир ва уни бойитишга зарур минераллар захирасини кўпайтириш бўйича геология дастурини киритиш топширилди.
Ҳудуд раҳбарларига мазкур ишларга йирик тадбиркорларни жалб қилиш вазифаси қўйилди.
Металлургия соҳасида 150 га яқин ўрта ва кичик хусусий корхоналар фаолият юритмоқда. Қурилиш материаллари бўйича йиғилишдан сўнг ҳокимлар металл маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича янги лойиҳаларни бошлагани қайд этилди.
Хусусий корхоналарни хомашё билан барқарор таъминлаш мақсадида четдан хомашёни марказлашган ҳолда олиб келиш бўйича алоҳида компания ташкил этилади. Ушбу компанияга 200 миллион доллар ажратилади, импорт хомашё фақат биржа орқали сотилади.
