Президент “Тошкент халқаро молия маркази тўғрисида”ги қонунни имзолади
Эндиликда Тошкент халқаро молия марказини ташкил этиш расман Конституциявий қонун даражасида мустаҳкамланди.

Президент Шавкат Мирзиёев “Тошкент халқаро молия маркази тўғрисида”ги Конституциявий қонунни имзолади.
Эндиликда Тошкент халқаро молия марказини ташкил этиш расман Конституциявий қонун даражасида мустаҳкамланди.
Марказ Англия ҳуқуқи асосида, алоҳида ҳуқуқий мақомга эга бўлган ҳудуд сифатида фаолият юритади. Шунингдек, ўзининг махсус тартибга солиш тизими, мустақил тижорат суди ҳамда илғор халқаро стандартларга асосланган ҳуқуқий муҳитига эга бўлади.
Глобал инвесторлар, банклар, инвестиция фондлари ва халқаро молия компаниялари айнан мана шундай шаффоф механизмлар билан ишлашга ўрганган. Мазкур янги регуляторлик экотизими халқаро капитал, замонавий молия хизматлари ва йирик трансмиллий лойиҳалар учун Ўзбекистоннинг жозибадорлигини ошириши кутилмоқда.
“Моҳиятан олганда, ушбу қонун жаҳон бозорининг энг қимматли активи — ишончга инвестициядир. Тошкент инвесторлар учун тушунарли қоидаларни ҳамда капиталнинг энг юқори даражадаги ҳимоясини кафолатлаган ҳолда, жаҳон молия тизимининг узвий қисмига ва бутун минтақа иқтисодий ривожининг етакчи драйверига айланиш сари дадил қадам ташламоқда”, - дея таъкидлади Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева.
Қайд этилишича, бу жорий йилнинг энг муҳим иқтисодий янгиликларидан бири ҳамда қарийб ўн йилдан буён амалга ошириб келинаётган тизимли ислоҳотларнинг мантиқий натижасидир.
