platina.uz
Жамият

Такомиллашган алифбо: бу нима учун муҳим?

Бугун тил фақат китобларда эмас. У интернетда, давлат ахборот тизимларида, сунъий интеллект платформаларида, халқаро маълумотлар базаларида ҳамда мобил қурилмалар ва рақамли хизматларда яшайди. Шунинг учун алифбо энди фақат тилшунослар муҳокама қиладиган мавзу эмас. 

Такомиллашган алифбо: бу нима учун муҳим?

Араб ёзувидан рақамли давргача: ўзбек алифбосининг бир асрлик тарихи

Ўзбек ёзуви тарихи — бу фақат ҳарфлар тарихи эмас. Бу мамлакатнинг сиёсий тараққиёти, цивилизацион танлови ва миллий ўзлигини англаш йўли билан чамбарчас боғлиқ жараёндир.

ХХ асрнинг 20-йилларига қадар ўзбек халқи асрлар давомида араб ёзувидан фойдаланиб келди. Ана шу ёзувда буюк алломаларнинг илмий мероси, мумтоз адабиётимиз ва бутун Марказий Осиёнинг бой маданий мероси яратилди.

1928 йилда эса Совет Иттифоқида амалга оширилган кенг кўламли лотинлаштириш сиёсати доирасида ўзбек ёзуви лотин алифбосига ўтказилди. Бу ўз даври учун илғор ислоҳот сифатида баҳоланган бўлса-да, узоқ давом этмади.

1940 йилда Москва қарори билан ўзбек тили ҳам бошқа иттифоқдош республикалар қатори (арманлар, гуржилар ва болтиқбўйи республикаларидан ташқари) кирилл алифбосига ўтказилди. Бу қарорнинг асосий мақсади тилшунослик талаби эмас, балки Совет Иттифоқи ҳудудида ягона сиёсий ва маданий макон шакллантириш эди. Шу тариқа қарийб ярим аср давомида ўзбек тили кирилл алифбоси асосида ривожланди.

Мустақилликка эришилгандан кейин Ўзбекистон олдида миллий ёзувни қайта тиклаш вазифаси кун тартибига чиқди. 1993 йил 2 сентябрда қабул қилинган қонун билан ўзбек тили лотин алифбосига қайтарилди.

Эътиборлиси шундаки, дастлабки алифбо лойиҳаси илмий нуқтаи назардан анча пухта ишланган эди. Унда ўзбек тилининг фонетик хусусиятларига тўлиқ мос келувчи Ç, Ş, Ğ ва Ö каби диакритик ҳарфлар назарда тутилган бўлиб, бу тизим туркий халқларнинг умумий лотин ёзуви тамойилларига ҳам мувофиқ эди.

Бироқ 1995 йилда қонунга киритилган ўзгартишлар натижасида мазкур ёндашувдан воз кечилди. Унинг ўрнига Sh, Ch, O‘ ва G‘ каби ҳарф бирикмалари ҳамда апострофга ўхшаш белгилар жорий этилди.

Орадан ўтган ўттиз йиллик амалий тажриба бу қарор айрим жиддий муаммоларни келтириб чиқарганини яққол намоён қилди.

Нега бу масала бугун яна долзарб бўлди?

Бир қарашда, гап атиги тўртта ҳарф ҳақида кетгандек туюлади.

Аммо бугун тил фақат китобларда эмас. У интернетда, давлат ахборот тизимларида, сунъий интеллект платформаларида, халқаро маълумотлар базаларида ҳамда мобил қурилмалар ва рақамли хизматларда яшайди.

Шунинг учун алифбо энди фақат тилшунослар муҳокама қиладиган мавзу эмас. У рақамли иқтисодиёт, давлат бошқаруви ва миллий рақобатбардошликнинг муҳим элементига айланди.

1995 йилнинг асосий хатоси — тил техникага мослаштирилди

Янги ислоҳот тарафдорларининг энг кучли далилларидан бири айнан шу нуқтадир. 1995 йилда қабул қилинган қарорни тушуниш учун ўша давр технологияларини эслаш керак.

Ўша пайтда шахсий компьютерлар эндигина оммалашаётган эди. Unicode ҳали жаҳон стандартига айланмаган эди. Интернет энди ривожланаётган эди. Смартфонлар, сунъий интеллект, булутли технологиялар ва глобал ахборот платформалари ҳали мавжуд эмас эди. Шундай шароитда диакритик ҳарфлардан воз кечиб, оддий клавиатура имкониятларига мослашиш маълум маънода техник ечим сифатида қабул қилинди. Аммо бу ечим ўша давр технологияларига боғланиб қолди.

Бугун эса вазият мутлақо бошқача. Ҳозирги компьютерлар, смартфонлар, операцион тизимлар ва дастурий таъминотлар дунёдаги юзлаб тилларнинг махсус ҳарфларини бемалол қўллаб-қувватлайди.

Масалан, поляк тили Ł ҳарфидан фойдаланади.

Чех тили Č ва Š ҳарфларини ишлатади.

Турк тилини Ğ, Ş, Ç ва Ö ҳарфларисиз тасаввур қилиб бўлмайди.

Немис тили Ä, Ö ва Ü ҳарфларини сақлаб қолган.

Румин тили Ș ва Ț ҳарфларидан воз кечмаган.

Кўриниб турганидек, ҳеч қайси мамлакат ўз тилини клавиатура имкониятларига қурбон қилмаган. Аксинча, технологиялар миллий тилларга мослаштирилган.

Бугун Ўзбекистон ҳам айнан шу тамойилга қайтишни мақсад қилмоқда.

Рақамли иқтисодиёт учун янги алифбо зарур

Ислоҳотнинг энг муҳим жиҳатларидан бири унинг рақамли аҳамиятидир.

O‘ ва G‘ ҳарфларида қўлланиладиган белгилар амалиётда турлича ёзилади.

Кимдир оддий апостроф ишлатади. Кимдир тескари вергулдан фойдаланади.

Яна кимдир бошқа Unicode белгисини қўллайди. Натижада битта сўз турли кўринишларда ёзилиб қолади.

Бу эса қидирув тизимлари, давлат маълумотлар базалари, электрон ҳужжат айланиши,

сунъий интеллект алгоритмлари ва ахборот алмашинуви учун қатор техник муаммоларни келтириб чиқаради.

Рақамли давлат қуриш йўлида бундай ноаниқликлар жиддий тўсиқ бўлиши мумкин.

Ҳар бир товушнинг ягона ҳарф билан ифодаланиши эса ахборот тизимлари учун ҳам, инсон учун ҳам анча қулайдир.

Бир товуш — бир ҳарф

Бу замонавий имлонинг энг муҳим қоидаларидан бири ҳисобланади.

Ҳозирги ўзбек алифбосида айрим товушлар икки ҳарф билан ифодаланади:

Sh.

Ch.

Бу эса матн ҳажмини сунъий равишда оширади. Ўқиш тезлигини пасайтиради. Ҳарф теришни секинлаштиради. Сўзларни бўғинларга ажратишни қийинлаштиради. Диакритик ҳарфлар эса ҳар бир товушни ягона белги билан ифодалайди.

Бу тилшунослик нуқтаи назаридан ҳам, амалий жиҳатдан ҳам анча мантиқий ечим ҳисобланади.

Болалар учун савод чиқариш осонлашади

Алифбо, энг аввало, келажак авлод учун яратилади.

Бугунги ўқувчи бир вақтнинг ўзида қайси апострофни ишлатишни, қайси ҳолатда Sh битта товуш эканини, қандай кўчириш қоидаларини, турли техник белгиларни

эслаб қолишига тўғри келади. Бу эса ортиқча имло қоидаларини юзага келтиради.

Янги тизимда эса ҳар бир товуш алоҳида ҳарф билан белгиланади. Бола уни яхлит график бирлик сифатида қабул қилади. Бу савод чиқаришни енгиллаштиради ва имловий хатоларни камайтиради.

Туркий дунё билан яқинлашув

Ислоҳотнинг яна бир муҳим жиҳати - маданий ва цивилизацион аҳамиятга эгалигидир.

Бугунги кунда аксарият туркий давлатлар диакритик ҳарфларга асосланган лотин алифбосидан фойдаланади.

Туркияда Ç, Ş, Ğ ва Ö ҳарфлари қўлланилади.

Озарбайжонда ҳам диакритик белгилар кенг ишлатилади.

Туркман тилида ҳам шунга яқин тамойиллар мавжуд.

Бу, албатта, миллий тилларни бир хил қилиб юбормайди.

Аммо ўзаро китоб алмашиш, илмий ҳамкорлик, маданий алоқалар ва рақамли лойиҳаларни анча осонлаштиради.

Ўзбекистон ўз миллий тилини сақлаган ҳолда туркий маданий макон билан график жиҳатдан ҳам яқинлашади.

Алифбо ислоҳоти давлат бюджетига оғирлик қиладими?

Айрим танқидчилар «барча ҳужжатлар, дарсликлар ва пешлавҳаларни алмаштиришга катта маблағ кетади», дея эътироз билдиришади. Аммо қонун лойиҳасида босқичма-босқичлик тамойили аниқ белгиланган.

Бу дегани - амалдаги ҳужжатлар ўз кучини сақлаб қолади, дарсликлар навбатдаги нашрларда янгиланади, давлат ахборот тизимлари босқичма-босқич мослаштирилади ҳамда пешлавҳалар табиий янгиланиш жараёнида алмаштирилади. Шунинг учун гап бир вақтнинг ўзида улкан маблағ сарфлаш ҳақида эмас, балки режали модернизация ҳақида кетмоқда.

Ва яна айримларнинг эътироз билдиришича, одамлар аввалги алифбога ўрганиб бўлган, янги алифбони яна қайта ўрганишга тўғри келади, дейишади.

Тўғри, ҳақиқатан ҳам кўникиш шаклланган. Бироқ кўникиш ҳар доим ҳам энг тўғри ечим эканини англатмайди. Жаҳон тажрибасида кўплаб имло ислоҳотлари дастлаб баҳсларга сабаб бўлган, кейин эса табиий меъёрга айланган. Фақат «кўникиб қолдик» деган сабаб билан ҳар қандай муаммони сақлаб қолиш тараққиётни секинлаштиради.

Аслида ҳам ўзгариш жуда катта эмас. Тилнинг фонетикаси ўзгармаяпти. Ўзгараётгани — атиги айрим товушларнинг график ифодасидир. Энг асосий фойдаланувчилар эса бугунги мактаб ўқувчилари бўлади. Улар учун янги алифбо табиий меъёр сифатида қабул қилинади.

Шунингдек, «бу жуда қимматга тушади, ҳаммасини ўз ҳолида қодирган дуруст эди» деган фикрдагиларга жавобан шуни айтиш мумкинки, ҳар қандай ислоҳотнинг харажатлари бўлади. Иқтисодиёт қоидаларидан бирида айтилганидек, харажатсиз ҳаракат натижаси – нолга тенг. Шунингдек, харажатларни келажакдаги самара билан ҳам таққослаш лозим.

Агар янги алифбо саводхонликни оширса, рақамли технологияларни енгиллаштирса; давлат бошқарувини соддалаштирса, халқаро интеграцияни кучайтирса, сунъий интеллект тизимларида ўзбек тилидан фойдаланишни яхшиласа - унда бу харажат эмас, балки келажакка киритилган стратегик сармоя ҳисобланади.

Қолавреса, ҳар қандай кечиктирилган ислоҳот вақт ўтиши билан қимматлашади.

Янги дарсликлар кўпайган сари, ахборот тизимлари кенгайган сари, архивлар ҳажми ортган сари - ўтиш қийинлашиб бораверади. Шу нуқтаи назардан қараганда, бугунги давр ислоҳот учун энг мақбул пайт ҳисобланади.

Бу янги алифбо эмас, балки тугалланмаган ислоҳотнинг давомидир

Энг қизиқ жиҳати шундаки, бугун таклиф этилаётган ўзгаришларни мутлақо янги алифбо деб аташ ҳам тўғри эмас. Аксинча, у 1993 йилда қабул қилинган дастлабки илмий концепцияга қайтишни англатади. Яъни гап бутунлай янги ёзув яратиш ҳақида эмас. Гап ўттиз йил аввал муайян сиёсий ва техник шароит таъсирида қабул қилинган муваққат ечимни қайта кўриб чиқиш ҳақида кетмоқда.

Хулоса ўрнида

Тарих шуни кўрсатадики, ёзув ҳеч қачон ўзгармас, қотиб қолган ҳодиса эмас. У жамият, давлат ва технологиялар билан бирга ривожланиб боради. Агар 1995 йилда диакритик ҳарфлардан воз кечишни ўша давр техник имкониятлари билан маълум даражада изоҳлаш мумкин бўлган бўлса, бугун бундай асослар деярли қолмади.

Инсоният сунъий интеллект, катта маълумотлар ва рақамли платформалар даврига кириб келди. Бундай шароитда алифбо ҳам миллий рақобатбардошликнинг бир қисмига айланади. Қанчалик мантиқий, изчил ва технологияларга мос ёзув тизими шаклланса, тилнинг глобал ахборот маконидаги ўрни ҳам шунчалик мустаҳкам бўлади.

Шу маънода, янги алифбо ислоҳоти фақат бир нечта ҳарфни алмаштириш эмас. У мустақил Ўзбекистоннинг лотин ёзувига ўтиш жараёнини мантиқий якунига етказишга қаратилган муҳим қадамдир. Ислоҳот ўттиз йил давомида тўпланиб қолган амалий муаммоларни бартараф этиш, ёш авлод учун савод чиқаришни енгиллаштириш, ўзбек тилининг рақамли имкониятларини кенгайтириш ва уни XXI аср талабларига мослаштиришга хизмат қилади.

Албатта, ҳар қандай тил ислоҳоти вақт, сабр ва жамоатчилик мулоқотини талаб қилади. Бироқ жаҳон тажрибаси шуни кўрсатадики, келажакни ўйлаб амалга оширилган ислоҳотлар қисқа муддатли ноқулайликлардан кўра анча катта самара беради. Шу нуқтаи назардан, бугун муҳокама қилинаётган алифбо ислоҳоти ўзбек тилининг рақамли асрдаги барқарор ривожланишига қаратилган узоқ муддатли стратегик сармоядир.

Абулфайз Сайидасқаров

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid