Мексиканинг ЖЧдаги ғалабасини нишонлаш пайтида тўрт киши ҳалок бўлди
Эквадорга қарши 1/16 финалдаги ғалабадан сўнг Мехикода улкан оломон кўчага чиқди.

2026 йилги Жаҳон чемпионати плеф-оффидаги ғалабани нишонлаш пайтида Мехико шаҳрида тўрт киши ҳалок бўлди.
Associated Press агентлиги хабар беришича, Мексиканинг Эквадор устидан қозонган ғалабасидан сўнг 1,4 миллион мухлис кўчаларга чиқди.
Мехико шаҳрида Мексика терма жамоасининг Жаҳон чемпионатида Эквадор устидан қозонган ғалабасини оммавий нишонлаш пайтида тўрт киши ҳалок бўлди. Ғалаба Мексиканинг 1/8 финалга чиқишини таъминлади.
Сешанба куни кечқурун 1,4 миллионга яқин мухлис кўчаларга чиқди. Зоcало майдонидан Чапултепеc боғигача чўзилган беш километрлик Пасео де ла Реформа хиёбонини оломон тўлдирди.
Минглаб мухлислар тўпланган Мустақиллик фариштаси ёдгорлиги яқинидаги кўчаларда уч киши ҳушидан кетган ҳолда топилди. Учаласи ҳам бўғилишдан вафот этди. Қурбонлар 48 ва 44 ёшли икки аёл ва 19 ёшли эркак эди. 30 ёшлардаги яна бир эркак кейинчалик шифохонада вафот этди. У эпилептик тутқаноқ, конвулсиялар ва ошқозон-ичакдан қон кетишини бошдан кечирди. "Шифокорлар уни қутқара олмадилар", деб ёзади нашр.
Мехико шаҳар мери Клара Бругада фавқулодда хизматлар дарҳол чоралар кўрганини, аммо жабрланганларнинг ҳаётини сақлаб қола олмаганини айтди. У мухлисларни "масъулиятли, эҳтиёткорлик ва меҳр-шафқат билан нишонлашга" чақирди.
Пойтахт том маънода фалаж бўлиб қолди. Чорраҳаларда вақтинчалик оркестрлар чалинди ва мушакбозлик аравалари тиқилинч кўчаларда ҳаракатланишга қийналди.
