Икки давлат - бир миллат: Молдова ва Руминия бирлашувининг ижтимоий-сиёсий омиллари
Бирлашув ғоясини қўллаб-қувватлаш бир хил даражада эмас. Энг юқори даражада қўллаб-қувватловчилар, асосан, ёшлар, йирик шаҳарлар аҳолиси, Европа Иттифоқи мамлакатларидаги молдова диаспораси, евроинтеграция тарафдорларидан ташкил топган.

Шу кунларда Молдова ва Руминиянинг бирлашуви мавзуси яна сиёсий кузатувчилар эътиборини тортди. Жорий йилнинг 25 июн куни Руминияда Молдова билан бирлашиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси парламентнинг Депутатлар палатаси (қуйи палата) томонидан маъқулланди. Бу ҳақдаги маълумот Руминия парламентининг Депутатлар палатаси ҳамда Сенати (юқори палата) расмий сайтларида эълон қилинган.
Руминия ОАВларининг хабар беришича, қонун лойиҳаси «жим қабул қилиш» деб аталувчи тартиб асосида маъқулланган. Ушбу тартибга кўра, 45 кун ичида пленар мажлисда кўриб чиқилмаган ва рад этилмаган ташаббуслар автоматик равишда маъқулланган деб ҳисобланади.
Руминия ва Молдовани бирлаштириш тўғрисидаги қонун лойиҳаси «SOS Romania» партияси томонидан муҳокама учун тақдим этилган. Ҳужжатнинг 2-моддасида, жумладан, «Руминия парламенти Молдова Республикаси билан бирлашиш ҳақида қарор қабул қилади», деб белгиланган. 3-моддада эса «Руминия парламенти мамлакат ҳукуматини Молдова Республикаси билан бирлашишни якуний расмийлаштириш мақсадида Кишинёв ҳокимияти билан зудлик билан, шошилинч тартибда музокараларни бошлашга ваколатли қилади», дейилган.
Энди қонун лойиҳаси Руминия парламенти Сенати томонидан кўриб чиқилиши лозим. Аввалроқ Молдова президенти Майя Санду икки мамлакатнинг бирлашувини қўллаб-қувватлашини билдирган эди.
Гарчи бу ташаббус ҳозирча амалга ошишдан анча йироқ бўлса-да, масаланинг қўйилишининг ўзи муҳим тенденцияни кўрсатади: яқин-яқингача фантастика ҳисобланган бирлашув ғояси аста-секин жиддий сиёсий муҳокаманинг бир қисмига айланмоқда.
Аммо бундай сценарий қай даражада реал? Нега икки мамлакат сиёсатчилари ва фуқароларининг бир қисми бирлашувни қўллаб-қувватлайди? Кимлар бунга қарши? Ва агар харитада ягона румин-молдова давлати пайдо бўлса, Европа учун нималар ўзгаради?
Бӯлинган халқ тарихи
Замонавий вазиятни тушуниш учун XIX асрга назар солиш керак.
Ҳозирги Молдова ҳудуди тарихан Молдова князлиги таркибига кирган. 1812 йилда рус-турк уруши якунланганидан кейин князликнинг шарқий қисми — Бессарабия — Россия империяси таркибига қўшиб олинди.
Империя парчаланганидан сўнг, 1918 йилда маҳаллий парламент — Сфатул Цэрий — Руминия билан бирлашиш учун овоз берди. Бироқ Совет Россияси бу қарорни тан олмади. 1940 йилда Молотов — Риббентроп пактидан кейин СССР Руминияга ультиматум қўйди ва Бессарабияни яна босиб олди. Унинг негизида Молдова ССР ташкил этилди.
Айнан совет даврида алоҳида молдова миллий ўзлиги шакллантирила бошланди. Аҳолининг аксар қисми Руминия аҳолиси билан бир хил тилда сўзлашган бўлишига қарамай, совет сиёсати изчил равишда алоҳида «молдова халқи» ва «молдова тили» мавжудлигини таъкидлаб келди.
1991 йилда СССР парчалангач, мустақил Молдова Республикаси икки хил миллий ўзлик — руминлик ва постсовет мерос ӯртасида қолди.
Икки давлат, битта миллат ғояси устуворми?
Бу савол ҳамон асосий сиёсий ажралиш чизиғи бўлиб қолмоқда. Замонавий тилшунослик нуқтаи назаридан олсак, Молдова ва Руминиянинг давлат тили — румин тилидир. Айнан шу ном Молдова қонунчилигида ҳам мустаҳкамланган. Бироқ Молдова аҳолисининг сезиларли қисми совет маданий мероси таъсиридв ўзини алоҳида миллат сифатида қабул қилишда давом этмоқда. Бунинг сабаблари тилдан кўра кўпроқ тарихий тажриба, совет ўтмиши ҳақидаги хотира ва 1991 йилдан кейин давлатчилик шаклланишининг ўзига хос хусусиятлари билан боғлиқ. Шунинг учун баҳс маданият ёки тил ҳақида эмас, балки сиёсий ўзлик ҳақида кетмоқда. Баъзилар учун бирлашув тарихий адолатни тиклашни англатади. Бошқалар учун эса — ўз давлатининг йўқолишини билдиради.
Нега бирлашув ғояси яна долзарб бўлиб қолди?
1990 ва 2000-йиллар давомида бирлашув масаласи кўпроқ мафкуравий лойиҳа сифатида қаралар эди. Вазият 2014 йилдан кейин кескин ўзгара бошлади.
Россия томонидан Қримнинг аннекция қилиниши, Украинанинг шарқидаги уруш ва кейинчалик 2022 йилда бошланган кенг кўламли Россия — Украина можароси бутун Шарқий Европада хавфсизлик ҳақидаги тасаввурларни тубдан ўзгартирди. Кўплаб молдовалик сиёсатчилар учун мамлакат ташқи босимлар олдида ҳамон заиф экани аён бўлди. Бундай шароитда Руминия билан бирлашув нафақат миллий лойиҳа, балки хавфсизлик воситаси сифатида ҳам кўрила бошлади. Аслида, гап Европа Иттифоқи ва НАТОнинг сиёсий маконига автоматик равишда кириш имконияти ҳақида бормоқда.
Майя Санду ва Европа танлови
Молдова президенти Майя Санду анъанавий равишда мамлакатнинг ғарбпараст йўналиши билан боғланади. Бироқ муҳим бир жиҳатни тушуниш лозим.
Санду биринчи навбатда Молдованинг Европа Иттифоқига киришига интилади, Руминия билан дарҳол бирлашишга эмас. Сандунинг сиёсий стратегияси мустақил Молдова давлатининг Европа интеграцияси ғояси атрофида қурилган. Шу билан бирга, у бир неча бор таъкидлаганидек, агар фуқароларнинг кўпчилиги бирлашувни қўллаб-қувватласа, халқнинг демократик танлови ҳурмат қилиниши зарур. Амалда Кишинёвдаги ҳозирги ҳокимият бирлашувни бугунги сиёсатнинг расмий мақсади сифатида эмас, балки келажакдаги эҳтимолий сценарий сифатида кўради,
Кимлар бирлашувни қўллаб-қувватлайди?
Тан олиш керак бирлашув ғоясини қўллаб-қувватлаш бир хил даражада эмас. Энг юқори даражада қўллаб-қувватловчилар, асосан, ёшлар, йирик шаҳарлар аҳолиси, Европа Иттифоқи мамлакатларидаги молдова диаспораси, евроинтеграция тарафдорларидан ташкил топган.
Сўнгги йилларда бирлашув ғоясини қўллаб-қувватлаш даражаси сезиларли равишда ошди. Ӯтказилган турли тадқиқотлар шуни кўрсатадики, Молдовада бирлашув тарафдорлари улуши саволнинг қўйилиши ва ҳисоблаш усулига қараб тахминан 35 фоиздан 50 фоизгача ўзгариб туради.
Айниқса бир барқарор натижа диққатга сазовор: фуқаролардан даромадлар ва ижтимоий стандартлар Руминия даражасигача кўтарилиши шарти билан бирлашувга рози бўлиш-бўлмасликлари сўралганда, қўллаб-қувватлаш даражаси анча юқори бўлган. Бу эса иқтисодий омил тарихий омилдан кам аҳамиятга эга эмаслигини кўрсатади.
Нега кўплаб молдоваликлар бирлашишга қарши?
Бунинг камида тўртта сабаб мавжуд.
Биринчи сабаб — давлатчиликни сақлаб қолиш.Кўплаб фуқаролар учун мустақил Молдова ўзига хос қадрият ҳисобланади.
Иккинчи сабаб — советча миллий ўзлик (идентификация). Бу айниқса катта авлод ва рус тилида сўзлашувчи аҳолининг бир қисми орасида кучли сақланиб қолган.
Учинчи сабаб — Бухарестнинг сиёсий устунлик қилиши ҳақидаги хавотирлар билан боғлиқ. Жамиятнинг бир қисми бирлашувдан кейин Молдова йирикроқ давлатнинг чекка ҳудудига айланиб қолишидан қўрқади.
Тўртинчи сабаб — минтақавий омил. Айниқса, Россия амалда босиб олган Приднестровье ва Гагаузия билан боғлиқ масалалар мураккаблигича қолмоқда.
Приднестровье тӯсиғи
Ҳар қандай бирлашув йўлидаги асосий тўсиқ - Приднестровье бўлиб қолмоқда. Бу ҳудуд 1990-йиллар бошидан бери амалда Кишинёв назоратида эмас. Унинг ҳудудида ҳануз Россия ҳарбийлари жойлашган. Аҳолисига Россия паспортлари тарқатилган. Москва учун Приднестровье Молдовадаги вазиятга таъсир кўрсатишнинг яъни Руминия билан бирлашмаслигини таъминлашнинг муҳим воситаси бўлиб қолмоқда.
Шу боис, бирлашувнинг ҳар қандай сценарийси автоматик равишда қуйидаги саволни қўяди: Кишинёв ҳокимиятини ҳам, Руминия таркибига кириш истиқболини ҳам тан олмайдиган ҳудуд билан нима қилиш керак? Ҳозирча бу саволга аниқ ва самарали жавоб йўқ.
Нега Россия бирлашувга қарши?
Москва нуқтаи назаридан қараганда, бирлашув Молдовадаги Россия таъсирининг батамом йўқолишини англатади. Аслида, Европа Иттифоқи билан постсовет макони ўртасида жойлашган бир нейтрал, буфер давлат йўқолган бўлар эди. Бундан ташқари, Россия раҳбарияти постсовет давлатларини ўз стратегик манфаатлари ҳудудининг бир қисми сифатида кўради. Шунинг учун Кремль анъанавий равишда румин-молдова бирлашуви ҳақидаги ҳар қандай муҳокамаларни ўта ёмон қабул қилади.
Европа Иттифоқи нима фикрда?
Парадокс шундаки, Брюссель бирлашувнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучи эмас. Европа Иттифоқининг расмий позицияси фуқароларнинг суверен танловини қўллаб-қувватлашдан иборат. Бугун Евроиттифоқ Молдованинг ташкилотга мустақил аъзо бўлишига таянмоқда.
2022 йилда Молдова Европа Иттифоқига номзод мақомини олган эди. 2023 йил декабрида Европа Иттифоқи етакчилари аъзолик бўйича музокараларни очиш ҳақида қарор қабул қилди, 2024 йил июнида эса аъзолик музокаралари расман бошланди. Европа интеграцияси жараёни бир неча йил аввал кутилганидан анча тез суръатларда кечмоқда. Шунинг учун Брюссель учун бирлашув энди Молдовани Европа маконига киритишнинг ягона усули сифатида кўринмайди. Яъни, Молдоввани Европа оиласига қабул қилишлари учун унинг Рруминия билан бирлашуви шарт эмас. Бирлашув - автоматик равишда Евроиттифоққа ӯтишни англатади холоос.
Иқтисодиёт масласи: ким кӯпроқ фойда кӯради?
Молдова учун иқтисодий афзалликлар яққол кӯриниб турибди. Мамлакат Руминияга қӯшилса, улкан иқтисодий имкониятлар эшигини очади.
Масалан, Руминияда ўртача иш ҳақи Молдовадагидан анча юқори. Шунингдек, инфратузилма ва бошқа соҳалар ҳам тезроқ ривожланган бӯлар эди. Инвестициялар ва Европа фондларидан фойдаланиш имкониятлари осонлашарди.
Бироқ харажатлар ҳам мавжуд. Руминия ижтимоий стандартларни тенглаштириш, инфратузилмани модернизация қилиш ва давлат институтларини интеграция қилиш учун катта маблағ сарфлашига тўғри келади. Шу маънода Молдова-Руминия бирлашувини кўпинча Германиянинг бирлашуви билан таққослашади.
Ўша пайтда Шарқий Германия интеграцияси юзлаб миллиард евро талаб қилган ва бу жараён амалда ҳозиргача давом этмоқда. Советлар таъсирида қолган Шарқий Германия ҳамон қолоқ ҳудуд сифатида қолмоқда.
Европа Иттифоқи учун нималар ўзгаради?
Агар бирлашув амалга ошса, Европа Иттифоқи автоматик равишда ҳозирги Молдова ҳудудига кенгаяди. Бу Хорватия қўшилганидан кейинги ЕИ чегараларидаги энг йирик ўзгариш бўлади. Бирлашган давлат аҳолиси сони тахминан 22 миллион кишига яқинлашади. Руминия Европа институтлари ичидаги сиёсий таъсирини кучайтиради. Европа Иттифоқининг шарқий чегараси янада Қора денгиз минтақаси ва Украина йўналишига сурилади. НАТО учун эса бу шарқий қанотда стратегик иштирокнинг кучайишини англатади.
Бирлашув сценарийси қай даражада реал?
Бугун сиёсий риторика билан амалий сиёсат ўртасида катта тафовут мавжуд. Ҳатто Руминиядаги қонун лойиҳаси парламентдаги барча босқичлардан ўтган тақдирда ҳам, бу бирлашув жараёни дарҳол бошланишини англатмайди.
Бундай лойиҳани амалга ошириш учун қуйидагилар талаб этилади:
— Молдова фуқароларининг кўпчилик қўллаб-қувватлови;
— Руминия фуқароларининг кўпчилик қўллаб-қувватлови;
— Приднестровье масаласининг ҳал қилиниши;
— ўта мураккаб ҳуқуқий тартиб-таомилларни мувофиқлаштириш;
— қулай халқаро вазият.
Афсуски, ҳозирча ушбу шартларнинг ҳеч бири тўлиқ бажарилган эмас.
Шунинг учун яқин истиқболда энг эҳтимолий сценарий - расмий бирлашув эмас, балки иқтисодиёт, инфратузилма, таълим ва Европа институтлари орқали Молдованинг румин ва умумевропа маконига босқичма-босқич интеграциялашуви бўлиб кўринмоқда.
Хулоса
Молдова ва Руминиянинг бирлашуви масаласи аллақачон миллатчиларнинг романтик ғояси бўлишдан тўхтаган. Бугун у тарих, геосиёсат ва иқтисодиёт кесишган нуқтада турибди. Баъзилар учун бу тарихий адолатни тиклаш ва умумий илдизларга қайтишдир. Бошқалар учун эса давлатчиликни йўқотиш ва янги можаролар пайдо бўлиши хавфидир.
Бироқ асосий хулоса бироз бошқача. Ҳатто расмий бирлашув юз бермаган тақдирда ҳам, икки мамлакатнинг яқинлашув жараёни аллақачон бошланган. Умумий тил, ягона маданий макон, Молдованинг юз минглаб аҳолиси учун Руминия фуқаролиги, транспорт ва энергетика тизимларининг интеграцияси, шунингдек Кишинёвнинг Европа Иттифоқи томон ҳаракати Прут дарёсининг икки соҳили ўртасидаги чегараларни аста-секин йўқотмоқда.
Шунинг учун бугун «Молдова ва Руминия бирлашадими?» деб эмас, «Ўн ёки йигирма йилдан кейин улар ўртасидаги чегара қай даражада йӯқолиб кетади» деб сӯраш мантиққа мувофиқроқ бӯлади.
Абулфайз Сайидасқаров
