Президент қўйчилик кластери ва паррандачилик корхонасига борди
Кластерда жорий этилаётган замонавий парвариш технологиялари ва илмий ёндашув орқали гўшт етиштириш ҳажми ҳамда сифатини сезиларли даражада ошириш имконияти мавжуд. Хориждан олиб келинган 40-50 кг вазндаги қўйларни уч ой давомида интенсив усулда боқиш орқали уларнинг вазнини 100 килограммгача етказиш режалаштирилган.

Президент Шавкат Мирзиёев Тўрақўрғон туманидаги “Наманган қўйчилик кластери” фаолияти билан танишди.
Лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 январдаги “Чорвачилик тармоғини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган кенг имкониятлар туфайли амалга ошди.

Умумий қиймати 35 миллион доллар бўлган кластер туман ҳудудидан ажратилган 10 гектар ер майдонида уч босқичда йўлга қўйилади.
Биринчи босқичда хориждан 15 минг бош наслдор қўй олиб келинса, иккинчи босқич якунида чорва сонини яна 35 минг бошга кўпайтириш режа қилинган. Юқори маҳсулдорликка эга бўлган “Арашан”, “Ҳисор” ва “Адельбай” зотларини маҳаллий иқлим шароитига мослаштириш кўзда тутилган.

Кластерда жорий этилаётган замонавий парвариш технологиялари ва илмий ёндашув орқали гўшт етиштириш ҳажми ҳамда сифатини сезиларли даражада ошириш имконияти мавжуд. Лойиҳанинг технологик кўрсаткичларига кўра, хориждан олиб келинган 40-50 килограмм вазндаги қўйларни уч ой давомида интенсив усулда боқиш орқали уларнинг вазнини 100 килограммгача етказиш режалаштирилган. Бу ҳар бир бош қўйдан 60-70 килограммгача соф гўшт олиш демакдир.
Натижада анъанавий чорвачиликка нисбатан маҳсулдорлик 45-50 фоизга ошади ва лойиҳа тўлиқ қувват билан ишга тушганидан сўнг вилоятда йилига 35-40 минг тонна сифатли гўшт маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши таъминланади.
Бу ерда 280 та янги доимий иш ўрни яратилиши ҳамда 95 та камбағал оила вакилларининг бандлиги таъминланиши маҳаллий аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қилади.
Шунингдек, мажмуа негизида замонавий логистика хизматлари, ветеринария ва сервис шохобчалари ҳамда маҳсулотларни тўғридан-тўғри сотишга мўлжалланган савдо нуқталари барпо этилади. Натижада яхлит ва узлуксиз кластер занжири яратилади.
Президентимиз ушбу корхона тажрибаси чорвачилик тармоғини ривожлантириш, ички бозорни сифатли гўшт маҳсулотлари билан таъминлаш ва аҳоли бандлигини оширишда фойдали эканини қайд этиб, уни оммалаштиришга топшириқ берди.
Тўрақўрғон туманида фаолият юритаётган “Уйчи парранда” корхонасида наслли тухум етиштириш, инкубация қилиш ва гўшт ишлаб чиқаришни ўз ичига олган йирик инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятига ташрифи чоғида ушбу корхона билан ҳам танишди.
Тижорат банкининг 50 миллион долларлик маблағи ҳисобидан 121 гектар майдонда Венгриянинг “Авиаген” компаниясидан келтирилган 60 минг бош наслли товуқлар интенсив усулда парваришланмоқда. Корхонанинг оддий хўжаликлардан бош устуворлиги инкубация жараёнидан бошлаб тайёр гўшт маҳсулотлари етиштиришгача бўлган тўлиқ саноат циклини қамраб олганидадир.
Бу ерда жорий этилган замонавий генетик технологиялар наслчилик йўналишида кунига 60 минг дона юқори сифатли тухум олиш ва инкубаторлар орқали 50 минг бош жўжа очириш имконини бермоқда.
Лойиҳанинг гўшт етиштириш тармоғи ҳам юқори иқтисодий самарадорликка эга. Ҳар бири 100 минг бош паррандага мўлжалланган комплексларда бройлерлар 45-50 кун ичида парваришланиб, бир циклда 120 тонна парранда гўшти олинади.

Ушбу муваффақиятли тажриба асосида келгусида вилоятнинг Мингбулоқ, Наманган, Норин, Поп, Уйчи, Чуст ва Чортоқ туманларида янги паррандачилик комплексларини барпо этиш зарурлиги қайд этилди. Натижада вилоятдаги жами паррандалар сони 12 миллион бошга етиб, лойиҳа доирасида қўшимча 500, кенгайтирилган кооперация тизими орқали эса жами 1 мингта янги иш ўрни яратилади.
“Уйчи парранда” корхонаси томонидан йўлга қўйилган яхлит саноат занжири нафақат Наманган, балки бутун Фарғона водийси бозорларида парранда гўшти ва тухум нархи барқарорлигини таъминлайди. Лойиҳа тўлиқ қувватга чиққач, хорижга экспорт ҳажми ҳам ортади.
Давлатимиз раҳбари шу ернинг ўзида ҳудуднинг уста деҳқонлари, фермер ва тадбиркорлари билан мулоқот қилди.
Шунингдек, Президентимиз Наманган вилоятидаги бўш турган ерлардан унумли фойдаланиш ва Поп туманида ташкил этилган 100 гектарлик суперинтенсив боғ лойиҳасининг тақдимоти билан ҳам танишди.
Қиймати 20,7 миллиард сўм бўлган боғ туманнинг табиати ва тупроқ шароитига мос равишда барпо этилган. Энг муҳими, узоқ йиллар давомида фойдаланилмай ётган, сув билан таъминланишда мураккаб бўш ерлар мана шу лойиҳа сабабли чинакам даромад манбаига айланди.
Боғ ҳудудига жами 66,6 минг туп серҳосил мевали дарахт кўчатлари экилган. Бунда бозор талабидан келиб чиқиб, меваларнинг турига алоҳида эътибор қаратилди. Боғнинг 60 гектар майдонида 40 минг туп ўрик, 25 гектарида 16,6 минг туп шафтоли ва 15 гектарида 10 минг туп гилос дарахтлари парвариш қилинмоқда.
Замонавий суғориш ва парваришлаш усуллари туфайли ҳар бир гектардан ўртача 20 тоннадан сифатли ҳосил олиш кутилмоқда. Мазкур кўрсаткич оддий боғларга қараганда бир неча баробар кўп саналади.
Бу ерда йўлга қўйилган кооперация тизими асосида 300 та эҳтиёжманд оиланинг ҳар бирига 30 сотихдан ер бўлиб берилди. Бундай ёндашув кам таъминланган хонадонларни доимий даромад манбаи билан ҳам таъминлайди.
Шу тариқа Наманган вилоятида бўш турган ерларни иқтисодий айланмага киритиш изчил амалга оширилмоқда.
Хусусан, 2019-2024 йилларда вилоятда 38 минг 900 гектар майдон қайта фойдаланишга киритилган бўлса, 2025 йилнинг ўзида яна 7 минг 28 гектар ер муомалага қайтарилди. Бу борадаги стратегик ташаббус доирасида 2028 йилга қадар фойдаланишда бўлмаган жами 18 минг гектар ер майдонини босқичма-босқич ўзлаштириш режалаштирилган.
