Россия ва НАТО: Европада уруш хавфи қанчалик реал?
Урушнинг олдини олаётган асосий омил НАТО шартномасининг 5-моддаси ҳисобланади. Унга кўра, бир аъзо давлатга қилинган ҳужум барча аъзоларга қилинган ҳужум сифатида баҳоланади. Бу Россия учун алоҳида давлат билан эмас, балки дунёдаги энг қудратли ҳарбий иттифоқ билан тўқнашув хавфини англатади.

Шу кунларда Рссия ва НАТО ўртасида эҳтимолий ҳарбий тўқнашув масаласи Европа хавфсизлигининг энг муҳим мавзуларидан бири бўлиб қолмоқда. НАТО давлатлари ҳудудига учиб кириб қолаётган дронлар худди "совуқ уруш" даврида бӯлгани каби "Россия таҳдиди" борасидаги хавотирларни кучайтирмоқда.
"Бугуноқ урушга тайёрмиз"
Ӯтган ҳафтада Германия Ҳарбий-ҳаво кучлари (Люфтваффе) қўмондони Хольгер Нойманнинг The Telegraph газетасига берган интервьюси кузатувчиларда кучли ҳиссиёт уйғотди. У Германия «ҳатто бугун тундаёқ жангга киришга тайёр» эканини ва НАТО ҳудудининг ҳар бир сантиметрини ҳимоя қилишини таъкидлади.
Шунингдек, Россия НАТО давлатларига ҳужум қилган тақдирда жавоб зарбалари берилиши мумкин бўлган ҳарбий объектларни ва ҳудудларни ҳам санаб ўтди.
Ӯтган йили январда эса Россия ОАВлари тарқатган хабарга кӯра, Эстонияда россиялик ҳарбий асирлар учун қамоқхона тайёрланади. Ўтган йил январь ойида Эстония расмийлари Йихви шаҳридаги Виру қамоқхонасини ёпмасликларини маълум қилган эди, дея хабар берган RT.
Мазкур қамоқхона деярли бўшаб қолган, аммо Эстония адлия ва рақамли ривожланиш вазири Лийза Пакоста келажакда шаҳардаги қамоқхона ёпилмаслигини маълум қилди — у россиялик ҳарбий асирлар учун керак бўлиши мумкин.
«Биз Украина тажрибасидан кўп нарсани ўрганяпмиз ва ҳозирда урушни имкони борича кечиктириш учун барча чораларни кўраётганимизни айта оламиз», — деган эди Пакоста.
Аслида мазкур баёнотлар кенгроқ тенденцияни акс эттиради. Европадаги кўплаб ҳарбий раҳбарлар Украина уруши тугагач ёки музлатилгач, Россия ўз қуролли кучларини тиклаши ва НАТОнинг шарқий қанотига босим ўтказиш имкониятларини кенгайтиришга уриниши мумкин деб ҳисобламоқда.
Германия қуруқликдаги қўшинлари қўмондони Кристиан Фройдингнинг баёноти айниқса эътиборга молик бўлди. Унинг айтишича, Россия 2029 йилга бориб ёки ундан ҳам олдин НАТО аъзоларидан бирига ҳужум қилиш имкониятига эга бўлиши мумкинлиги ҳақидаги баҳо НАТОнинг барча 32 аъзо давлати разведка хизматлари томонидан муҳокама қилинмоқда.
Шу билан бирга, бу баҳолар яқин орада уруш бошланишини англатмайди. Россия ҳали ҳам Украинадаги урушга чуқур жалб қилинган ва катта ҳарбий ҳамда иқтисодий харажатларга пул ажратмоқда. Шундай бӯлсада, кўпчилик экспертлар ҳозирги пайтда Россия бутун НАТОга қарши кенг кўламли уруш олиб бориш учун етарли ресурсларга эга эмас деган фикрда.
НАТОнинг Европадаги Олий қўмондони генерал Алексус Гринкевич ҳам шунга ўхшаш фикр билдирди. Унинг сўзларига кўра, мавжуд разведка маълумотлари Россиянинг НАТО билан тўғридан-тўғри можаро излаётганини кўрсатмайди. Шу билан бирга, Россия раҳбарияти НАТОнинг ҳарбий устунлигини ва иттифоқнинг тийиб туриш салоҳиятини яхши тушунишади.
Эҳтимолий инқирознинг энг заиф нуқтаси сифатида Калиниград шаҳри, Эстония, Латвия ва Литва кўрилмоқда. Шу сабабли НАТО айнан Болтиқ минтақасида қўмондонлик тизимларини кучайтирмоқда, қўшимча кучларни жойлаштирмоқда ва коллектив мудофаа режаларини такомиллаштирмоқда.
Европа Россия билан эҳтимолий урушга қандай тайёргарлик кўрмоқда?
Эстония: биринчи мудофаа чизиғидаги давлат
Эстония сўнгги йилларда мудофаа салоҳиятини сезиларли даражада кучайтирди. Мамлакат Россия билан чегара бўйлаб юзлаб мудофаа бункерлари қуриш дастурини бошлади. Шунингдек,танкларга қарши хандақлар ва муҳандислик тўсиқлари барпо этмоқда; НАТО кучларини қабул қилиш учун янги ҳарбий инфратузилмалар қурмоқда;
Шунингдек, йирик халқаро ҳарбий машқларни мунтазам ўтказмоқда;. Шунингде, эҳтимолий ҳарбий инқироз ҳолатида давлат бошқаруви, сафарбарлик ва ҳарбий асирлар билан ишлаш тартибларини режалаштирмоқда.
Эстония раҳбариятининг таъкидлашича, мамлакат НАТОнинг асосий кучлари етиб келгунига қадар камида 30 кун мустақил мудофаа олиб бориш имкониятига эга бўлиши лозим.
Польша: Европадаги энг йирик қайта қуролланиш дастури
Польша ҳозирги вақтда Европадаги энг катта ҳарбий модернизация дастурларидан бирини амалга оширмоқда: юзлаб янги танклар сотиб олмоқда, замонавий артиллерия тизимларини жорий қилмоқда, ҳаво мудофааси тизимларини кенгайтирмоқда.
Шунингдек, янги жанговар самолётлар ва вертолётлар қабул қилмоқда, қуролли кучлар сонини сезиларли даражада оширмоқда. Польша расмийлари мамлакатни Европадаги энг кучли қуруқликдаги армиялардан бирига айлантириш мақсадини бир неча бор маълум қилган.
Финляндия: Россия билан қўшничилик тажрибаси
НАТОга аъзо бўлганидан кейин Финляндия ҳам мудофаа тайёргарлигини кучайтирди. Мамлакатнинг асосий афзалликлари - катта сафарбарлик захираси, яхши тайёрланган резерв кучлар, минглаб ерости паноҳгоҳлари, аҳолини фавқулодда ҳолатларга тайёрлаш тизимида ӯз ифодасини топган. Финляндия узоқ йиллар давомида Россия билан қўшничилик шароитида яшаб келгани сабабли фуқаролик мудофааси соҳасида катта тажрибага эга.
Германия: ҳарбий тайёргарликка қайтиш
Совуқ уруш тугаганидан кейин Германия мудофаа харажатларини қисқартириб келган эди. Бироқ Украина уруши бошланганидан сўнг мамлакат сиёсати кескин ўзгарди.
Бугун Германия Бундесверни модернизация қилиш учун юз миллиардлаб евро ажратмоқда, ҳарбий техника паркини янгиламоқда, НАТОнинг шарқий қанотидаги иштирокини кучайтирмоқда,, мамлакатни эҳтимолий катта ҳарбий можарога тайёрлаш бўйича режалар ишлаб чиқмоқда. Шу сабабдан немис ҳарбий раҳбарлари 2029 йил атрофидаги хавфлар ҳақида тобора кўпроқ гапирмоқда.
Болтиқ мудофаа чизиғи
Эстония, Латвия ва Литва Россия ҳамда Беларусь билан чегаралар бўйлаб ягона мудофаа тизимини яратиш бўйича келишувга эришган.
Лойиҳа доирасида бункерлар, муҳандислик тўсиқлари, танкларга қарши жиҳозлар, мудофаа позициялари қурилиши режалаштирилган. Бу чоралар Украина уруши давомида мустаҳкам мудофаа иншоотларининг самарадорлиги исботланганидан кейин янада долзарб аҳамият касб этди.
Бу нимани англатади?
Европа давлатларининг бункерлар қуриши, армияларни кенгайтириши ёки эҳтимолий ҳарбий асирларни сақлаш тартибларини ишлаб чиқиши уруш муқаррар дегани эмас. Аксинча, НАТО мамлакатлари мантиғи - қанчалик яхши тайёргарлик кўрилса, эҳтимолий рақиб учун ҳужум қилиш шунчалик қимматга тушади ва шунчалик хавфли бўлади.
Шунинг учун бугунги кунда Европа совуқ уруш тугаганидан бери кузатилмаган даражада мудофаа салоҳиятини оширмоқда. Бунинг асосий мақсади уруш бошлаш эмас, балки унинг олдини олиш ва ҳар қандай эҳтимолий агрессияни тийиб туриш ҳисобланади.
Урушнинг олдини олаётган асосий омил НАТО шартномасининг 5-моддаси ҳисобланади. Унга кўра, бир аъзо давлатга қилинган ҳужум барча аъзоларга қилинган ҳужум сифатида баҳоланади. Бу Россия учун алоҳида давлат билан эмас, балки дунёдаги энг қудратли ҳарбий иттифоқ билан тўқнашув хавфини англатади.
Шу билан бирга, хавфни бутунлай инкор этиш ҳам мумкин эмас. НАТО мамлакатлари разведка хизматлари Россиянинг ҳарбий салоҳиятини тиклаш жараёнини диққат билан кузатмоқда. Агар Украинадаги уруш тугаса ёки фаоллиги пасайса, Россия озод бўлган ресурсларни бошқа стратегик йўналишларга йўналтириши мумкин.
Аммо бугунги кунда Россия учун НАТОга қарши тўғридан-тўғри ҳужум қилишнинг эҳтимолий фойдаси унинг эҳтимолий харажатларидан анча паст кўринади. Бундай қарор Россияни АҚШ, Германия, Буюк Британия, Франция, Польша ва бошқа НАТО давлатларининг бирлашган ҳарбий қудратига қарши қўяди. Бундан ташқари, ҳар икки томондаги ядровий қуроллар ҳар қандай кенг кўламли можаронинг назоратдан чиқиб кетиш хавфини кескин оширади.
Яқин йилларда тўлиқ урушдан кўра гибрид кураш, чегаравий провокациялар, киберҳужумлар, разведка фаолияти ва маҳаллий инцидентлар эҳтимоли юқорироқ ҳисобланади.
Хулоса
2026 йил ўрталари ҳолатига кўра Россия ва НАТО ўртасида тўлиқ масштабли уруш муқаррар эмас. Бироқ Европа хавфсизлик тизими совуқ уруш тугаганидан бери кузатилмаган даражадаги таранглик даврини бошдан кечирмоқда.
Европа давлатлари бугун фақат дипломатик баёнотлар билан чекланиб қолмаяпти. Улар армияларни кенгайтирмоқда, мудофаа харажатларини оширмоқда, чегараларни мустаҳкамламоқда, бункерлар қурмоқда ва аҳолини эҳтимолий инқирозларга тайёрламоқда. Бу ҳаракатлар уруш бошлаш учун эмас, балки унинг олдини олиш учун амалга оширилмоқда.
Абулфайз Сайидасқаров
