platina.uz
Мақола

Герб атрофидаги баҳслар

Қудратилла Рафиқовнинг мақоласи бир қарашда герб дизайни ҳақидаги баҳсдек туюлиши мумкин. Аммо амалда у жамиятдаги анча чуқур саволларни очиб ташлади.

Герб атрофидаги баҳслар

Сўнгги кунларда Ўзбекистон жамоатчилигида давлат герби мавзуси қизғин муҳокама қилинмоқда. Бунга Ўзбекистон касаба уюшмалари федерация кенгаши раиси, сенатор Қудратилла Рафиқовнинг давлат рамзлари ҳақидаги мақоласи сабаб бўлди. Сенатор ўз мақоласида мустақилликнинг дастлабки йилларидаги давлат рамзларида “90-йиллардаги сиёсий хавотир ва иккиланиш” акс этганини таъкидлаб, гербда пахта ва буғдой рамзларининг сақланиб қолгани ҳақида савол қўйди.

Бу фикр эса ижтимоий тармоқларда кескин реакция уйғотди. Айримлар сенатор фикрини “миллий ўзликни қайта кўриб чиқишга чақириқ” сифатида қабул қилган бўлса, бошқалар буни реал муаммолардан чалғитиш деб баҳолади.

Герб – оддий расм эмас

Ҳар қандай давлат герби – бу нафақат эстетик белгилар тўплами, балки тарихий хотира, сиёсий ғоя ва миллий идентлик концентрати ҳисобланади. Давлат рамзлари орқали мамлакат ўзини қандай кўришини намоён қилади.

Ўзбекистон давлат герби 1992 йилда қабул қилинган. Унда Ҳумо қуши, қуёш, тоғлар ва дарёлар, пахта, буғдой, ярим ой ва юлдуз тасвирланган.

СССР таркибида, Ўзбекистон ССР пайтида эса пахта ва буғдой тимсоллари ўша пайтда мамлакат иқтисодиёти ва аграр табиатининг муҳим қисми сифатида қаралган. Ростан ҳам Ўзбекистон собиқ СССР учун шунчаки хомашё базаси – пахта етиштириб берадиган чалақуллар мамлакати ҳисобланган.

Ўзбекистон ССР герби

Сенатор нимани назарда тутди?

Сенатор Қудратилла Рафиқов айнан шу нуқтага эътибор қаратди: нега мустақил давлат рамзида совет даври аграр риторикаси сақланиб қолди?

Рафиқов мақоласидаги асосий ғоя шундан иборатки, мустақилликнинг дастлабки йилларида мамлакат мафкуравий жиҳатдан собиқ тизимдан тўлиқ узилиб кетолмаган.

Унинг фикрича пахта ва ғалла атрофидаги давлат риторикаси. “Дала”, “ҳосил”, “сафарбарлик” маданияти, аграр символизм совет даври онгининг давоми сифатида сақланиб қолган.

Бу фикр муайян тарихий асосга эга. Чунки пахта ва совет давридаги пахта сиёсати Ўзбекистон тарихи учун оғир ижтимоий ва экологик оқибатлар қолдирган.

Айниқса, мажбурий меҳнат, пахта яккаҳокимлиги, Орол денгизи фожиаси пахта сиёсати билан боғлиқ ҳолда кўп тилга олинади.

Шу маънода сенаторнинг “пахта – шунчаки ўсимлик эмас, балки мафкуравий мерос рамзи ҳам” деган фикри муайян интеллектуал баҳс сифатида қаралиши мумкин.

Пахтада нима айб?

АҚШда пахта плантацияларида фақат қора танли қулларни калтаклаб, уриб ишлатишган. Озод одам бу меҳнатга бардош бера олмаган.

Чор Россияси ҳам Марказий Осиёни босиб олганидан кейин пахта етиштиришни кўпайтирди. Чунки пахтадан нафқат ип-калава ва мато, балки қоғоз ва энг муҳими порох ишлаб чиқариш мумкин.

Чор Россияси Кавказдаги иқлими иссиқ ҳудудларда яшовчиларга пахта эктириб кўрмоқчи бўлди. Аммо мағрур кавказликлар меҳнати оғирлиги учун рад этишди.

Фақат Марказий Осиё халқлари итоаткорлик қилишди. Итоат қилмаганларини ичимиздан чиққан маддоҳ ва хоинлар “оқ танли хўжайинга” сотиб йўқ қилишди. Руслар ўзбек ва тожикларни қора танли қуллар ўрнига ишлатишди.

Шу-шу пахта балоси юртимизга ёпишди. Руслар “Пахта – миллий бойлигимиз, ризқу рўзимиз” деб куйлашга мажбур қилишди.

Ҳозир ҳам айримлар бу гапни кўтариб юришади. Аслида пахта – миллий касофатимиз. Халқимизни йиллар давомида жисмонан ва руҳан майиб қилган, табиатимизни заҳарлаб ва Орол денгизини қуритган нарса – шу пахта бўлади. Чор Россияси ва кейинчалик СССР даврида руслар пахтани 6 миллион тоннагача эктиришди. Ҳатто уй томларига ҳам пахта экилди. Чўлларга пахта экилди. Кўллар қуритилиб пахта экилди.

Аммо пахта халқимизга фаровонлик ё бойлик келтирмади. СССР таркибидаги барча миллатлар Марказий Осиё хақлларидан кўра озодроқ ва бойроқ яшади. Халқларимиз хўрланди, мазах қилинди, энг қора ишлар ва лавозимлар берилди. Спорт ва дипломатия соҳасига ҳам халқларимиз яқинлаштирилмади. Шу ўринда “эшакнинг меҳнати ҳалол, ўзи харом” деган нақл ёдга тушади беихтиёр.

Бу ҳам камлик қилгандек, СССР қулаши арафасида “пахта иши” деган жараён баҳонасида Ўзбекистонда ҳақиқий террор ўтказилди: минглаб бегуноҳ инсонлар қамалди, қийнаб ўлдирилди, аёллар зўрланди. Бутун ўзбек халқи порахўрга, ўғри ва ёлғончига чиқарилди. Аммо бунга мажбурлаган асосий жиноятлар – Иваново ҳамдаги Москвадаги амалдорлар омон қолишди.

Ҳатто мустақилликдан кейин ҳам пахта миллий фожиалигини йўқотмади. Одамлар ёппасига пахтага ҳайдалди, талаба ва ўқувчилар ойлаб вақтини таълим даргоҳида эмас, пахта даласида ўтказишди. Билимдонлик ва саводхонлик даражаси пастлиги ўша даврлар натижаси экани айтилади.

Мустақилликда ҳам пахта халқимизга фойда келтирмади. Ҳамма пул бир ҳовуч амалдор-мафиозларнинг чўнтагига кетди. 2016 йилдан кейингина бу ифлос ишларга барҳам берилди.

Аммо Россия ва унинг ичимиздаги гумашталари ҳамон рус-коммунист тамғаларини улуғлашга мажбурламоқда. Россия ҳатто ҳозир ҳам, мустақил бўлганимизга 40 йилга яқинлашаётган бўлса-да, собиқ колонияларидаги дарсликларда ўзини “мустамлакачи” деб аташларига қарши чиқмоқда.

Шундай шароитда миллатимизни баланд эмас, хор қилган пахта тамғасидан – қуллик тамғасидан воз кечиш мақбул йўлга ўхшайди. Пахта – оқ ва фойдали нарса. Аммо уни гербимизда кўтариб юриш – худди пахта терган қора танли қулларнинг пахтани севишига ўхшайди. Лекин ҳатто қора қуллар ҳам пахтани севмаган. “Бу ризқу рўзимиз, муқаддас” демасликка ақли етган. Чаккасига пахта чаноғи қистириб суратга тушмаган.

Аммо жамият нега муносабат қилди?

Ижтимоий тармоқлардаги асосий эътироз бошқа нуқтага қаратилди: одамлар рамзлардан кўра иқтисодий ва ижтимоий муаммоларни муҳимроқ деб ҳисобламоқда.

Facebook фойдаланувчиси Алишер Цветков шундай ёзди:

“Гербни ўзгартириш катта бюджет талаб қилади, давлат муассасаларидаги барча герблар янгиланиши керак бўлади. Бу вақтда аҳоли иқтисодий қийинчиликлар билан яшамоқда”.

Унинг постидаги энг муҳим нуқта – жамоатчиликдаги ишонч муаммоси. Яъни одамлар: “Бу ислоҳот ҳақиқатан ҳам зарурми?” деган саволни бермоқда.

Блогер Зафарбек Солижонов ҳам маблағларни ҳозирда зарур ижтимоий лойиҳаларга сарфлаш кераклигини, гербни ўзгартиришнинг мавриди эмаслигини таъкидлаган.

Рамзлар атрофидаги баҳс – дунё амалиётида бор

Давлат рамзларини қайта кўриб чиқиш фақат Ўзбекистонга хос эмас.

Масалан, Қозоғистон лотин алифбосига ўтиш орқали янги миллий идентликни шакллантиришга уринмоқда.

Жанубий Африка Республикаси ҳам апартеиддан кейин байроқ ва давлат символларини ўзгартирган.

Сурияда ҳокимият алмашгач, байроқ рангларидан бири яшилга ўзгартирилди.

Қирғизистонда ўтган йили байроқдаги қуёш нурлари тўлқинсимон эмас, тик шаклга ўзгартирилди.

Грузия ва Украинада ҳам, айниқса, Россия босқинларидан сўнг совет символикасини декоммунизация қилиш жараёнлари кечган.

Арманистон Туркия ва Озарбайжон билан алоқаларни яхшилаш шарти сифатида давлат символикаларидаги Арарат тоғи тасвирини олиб ташлашга тайёрланмоқда.

Демак, миллий рамзларни қайта муҳокама қилишнинг ўзи ғайритабиий ҳолат эмас.

Бироқ бундай жараёнларда энг муҳим масала – жамоатчилик консенсуси.

Нимадан эҳтиёт бўлиш керак?

Сиёсатшунослар фикрича, давлат рамзлари масаласи эҳтиёткорлик билан кўриб чиқилиши лозим. Чунки рамзлар сиёсий барқарорлик, тарихий хотира, миллий бирлик тушунчалари билан бевосита боғлиқ.

Айрим тарихчилар эса пахта ва буғдойни фақат совет мероси сифатида эмас, балки меҳнат, ризқ-рўз, аграр цивилизация, миллий иқтисодиёт рамзи сифатида ҳам кўради.

Яъни бир хил тимсол турли авлод ва турли қарашда турлича маъно касб этиши мумкин.

Баҳснинг энг муҳим жиҳати – жамиятнинг асаб нуқтаси очилди. Аслида бу баҳс герб ҳақидагина эмас. У миллий ўзлик, мустақиллик мазмуни, совет мероси, давлат ва жамият муносабати, иқтисодий адолат, элита ва оддий одамлар ўртасидаги ишонч ҳақидаги баҳсга айланди. Шунинг учун ижтимоий реакция шунчалик кескин бўлди.

Гербни ўзгартириш осон эмас

Агар давлат рамзлари ўзгарса, ҳужжатлар, давлат бинолари, муҳрлар, мактаблар, армия ва дипломатик объектлар, расмий ҳужжат қоғозлари каби жуда катта инфратузилмавий ўзгаришларни талаб қилади. Бу эса йирик харажат дегани.

Шу сабабли дунё амалиётида давлат рамзларини ўзгартириш одатда катта сиёсий бурилиш ёки инқилоб, давлат модели алмашиши каби вазиятларда содир бўлади.

Хулоса

Қудратилла Рафиқовнинг мақоласи бир қарашда герб дизайни ҳақидаги баҳсдек туюлиши мумкин. Аммо амалда у жамиятдаги анча чуқур саволларни очиб ташлади.

Айтайлик, мустақиллик нимани англатади? Совет меросига муносабат қандай бўлиши керак? Миллий рамзлар тарихми ёки келажак концепциясими? Давлат аввало рамзларними ёки одамларнинг кундалик муаммоларини ўзгартириши керакми?

Ҳозирча гербни ўзгартириш бўйича расмий ташаббус йўқ. Аммо бу баҳс бир нарсани аниқ кўрсатди: Ўзбекистон жамиятида миллий идентлик ва давлат рамзлари мавзуси ҳануз жуда сезгир ва эмоционал масала бўлиб қолмоқда.

Абулфайз Сайидасқаров

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid