platina.uz
Мақола

Иқлим қуроли қўлланиляптими?

Эрон ва АҚШ ўртасидаги қуролли можаролардан сўнг Эронда бир неча йил давом этган узоқ қурғоқчилик сунъий равишда келтириб чиқарилгани ҳақида даъволар тарқалди.

Иқлим қуроли қўлланиляптими?
Фотоколлаж: Platina.uz

Айрим конспирологик фикрларга кўра, 2024 йилдан бошлаб, глобалистлар иқлим қуролидан жадал фойдаланмоқда. Ҳамма жойда – нафақат Россияда, балки Қозоғистон, Хитой, Бразилияда ҳам сув тошқинлари кузатилди. Бунга қўшимча равишда, май ойи бошида оммавий совуқ уришлар бўлди.

Айни сиёсий можаролар пайтида Туркия ёки Афғонистонда зилзилалар юз беришини глобал фитна билан боғлашади, гарчи бу минтақалар азалдан сейсмик фаол ҳудулар ҳисобланса-да. Гўёки буларнинг барчасини глобалистлар ҳосилни йўқ қилиш ва сунъий очлик келтириб чиқариш учун амалга оширмоқда, айрим давлатларда иқлим қуроли бор ва у фаол ишлатилмоқда.

Бироқ бу қарашлар илмий далиллар билан исботланмаган. Иқлим қуроли ва “химтрейллар” ҳақидаги конспирологик назариялар илмий асосга эга эмас. Ҳозирги вақтда об-ҳавони глобал миқёсда бошқариш инсоннинг имкониятлари – илмий, технологик ва логистик салоҳиятларидан анча ташқарида ҳисобланади. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, сўнгги ўн йилликлардаги иқлим ўзгаришлари қандайдир махфий технологиялар таъсири билан эмас, асосан инсон фаолияти натижасида парник газлари концентрациясининг ошиши билан боғлиқ.

Иқлим қуроли нима?

Иқлим қуроли бу – душманга зарар етказиш мақсадида об-ҳаво ва иқлимни сунъий равишда ўзгартириш учун мўлжалланган метеорологик қурол тури ҳисобланади. У булутларни ташкил этувчи ва атмосферада эркин ҳолда мавжуд заррачаларнинг микроскопик беқарорлигидан фойдаланишга асосланиши мумкин. Глобал иқлим ўзгаришига шамолларни ажратувчи тоғ тизмаларини бузиш, айрим бўғозларни тўсиб қўйиш, ядровий портлашлар ва бошқа омиллар сабаб бўлиши мумкин.

Интернетда иқлимни қурол сифатида қўллаш масалалари билан шуғулланувчи марказлар ҳақидаги хабарларни учратиш мумкин – улардан бири АҚШнинг Аляска штатида, иккинчиси эса Россияда жойлашгани айтилади. HAARP (High Frequency Active Auroral Research Program) дастури шулар жумласидандир. Ушбу дастур сайёранинг айрим ҳудудларида иқлимни ўзгартириш мақсадида геофизик қурол яратишни кўзда тутган, деган даъволар мавжуд.

HAARP – бу Аляска штатидаги Гакон ҳудудида жойлашган илмий лойиҳа бўлиб, Ернинг ионосферасини (ер юзасидан тахминан 80-640 км баландликда) кучли юқори частотали узатгичлар ёрдамида ўрганишга қаратилган. Дастур илгари АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари назоратида эди. Лекин 2015 йилдан бери Аляска штатидаги Фэрбенкс университетининг Геофизика институтига топширилган бўлиб, юқори атмосферадаги физик жараёнларни ўрганиш орқали алоқа ва навигацияни яхшилашни мақсад қилади. Лойиҳада 180 та радиоантеннадан фойдаланилади.

HAARP мақсади ионосферани ўрганиш, сунъий чақнаш ҳосил қилиш, паст частотали тўлқинларни генерация қилиш ва радиофизик тажрибалар ўтказишдан иборат.

Лекин HAARP – иқлим ёки геоинжиниринг қуроли эмас, у аввало илмий тадқиқот воситасидир. У зилзила чақириш ёки об-ҳавони ўзгартириш имкониятига эга эмас. Бу комплексни “зилзила қилади, иқлимни бошқаради, ҳатто инсон онгига таъсир этади” дейишса-да, аслида унинг қувватини табиат кучлари билан таққослаб бўлмайди, у глобал таъсир кўрсата олмайди.

“Бу тасодиф эмас. Бу технология”.

Иқлим қуроли ҳақидаги гаплар Иккинчи жаҳон уруши якунига етиб, коммунистик ва капиталистик блок орасига темир парда тушиб, “совуқ уруш” бошланганидан бери мавжуд. Бу мавзудаги энг муҳим жиҳат – ҳаммаси ҳам фантастика эмас.

Чунки иқлимни ўзгартириш аллақаонлардан бери очиқчасига қўлланиб келинади. Масалан, Москвада байрамлар ўтказилиши арафасида ёмғир тадбирга халақит бермаслиги учун самога ракета ёки самолётлар ёрдамида махсус кимёвий моддалар сочилади ва булутлар тарқатиб юборилади. Ёки дўл ва кучли ёмғир ёғиб экинларга ва аҳолига зарар етказишининг олдини олиш учун совет пайтларида ҳам осмонга шундай ракеталар отилиб, булутлар тарқатиб юборилган.

Ҳақиқат устига қурилган тахминлар

Эрон ва АҚШ ўртасидаги қуролли можаролардан сўнг, ижтимоий тармоқлар ва айрим Telegram-каналларда Эронда бир неча йил давом этган узоқ қурғоқчилик сунъий равишда келтириб чиқарилгани ҳақида даъволар тарқалди. Унга кўра, гўёки АҚШ ва Исроилга тегишли “иқлимий қурилмалар” Эрондан “ёмғирни ўғирлаган” ва бу қурилмалар БАА ҳудудида жойлашган, деган фикрлар илгари сурилди.

2026 йил апрел ойида Эрон БААдаги гўёки махфий булутларни экиш марказига (“Пиромидон” маркази) зарба бергани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Манбаларга кўра, айнан шу воқеадан сўнг Эронда қурғоқчилик тугаган, дарёлар тўлган ва ҳатто чўл ҳудудларида қор ёғган, деган иддаолар билдирилди.

Эколог-мутахассислар ва олимлар бу контекстдаги “иқлимий қурол” назарияси танқидга бардош бермаслигини таъкидламоқда. BBC ва бошқа манбаларга кўра, бундай назариялар минтақадаги ҳарбий ҳаракатлар фонида тарқатилаётган манипуляция ва асоссиз даъволар ҳисобланади. Хусусан Эрон ва бошқа эронпараст шиа гуруҳлари Теҳроннинг араб давлатларидаги фуқаролик объектларига душманона зарбаларини оқлаш учун давлат пропагандаси шундай фикрни жамоатчилик онггига сингдиришга уринмоқда.

Бундан ташқари, “иқлим ўзгартирувчи қурилмаларга зарба берилди” деган иддаолардан кейин чўл ҳудудларида кузатилган кескин об-ҳаво ўзгаришлари (кўп миқдорда ёғингарчилик) инсон омиллари эмас, балки табиий жараёнлар билан изоҳланади. Хулоса қилиб айтганда, 2026 йил май ҳолатига кўра, Эронга қарши “иқлимий қурол” қўлланилгани ҳақидаги маълумотлар ахборот-психологик уруш характерига эга бўлиб, илмий фактлар билан тасдиқланмаган.

Лекин бу пропаганда материаллари реал фактларга асосланган. Масалан, БАА булутларни “экиш” (яратиш, жамлаш) технологиясидан 1990-йиллар охиридан бери фойдаланиб келмоқда ва уни амалга ошириш учун мураккаб инфратузилма яратган. Бу инфратузилма тармоқли метеостанциялар, интеграциялашган радар тизими ва махсус экиш ишларини бажариш учун мўлжалланган самолётларни ўз ичига олади. БААда булутлар учун калий хлорид ва натрий хлорид каби табиий тузлар қўлланилади ва улар хавфсиз ҳисобланади.

Атроф-муҳитга таъсирига келсак, экологик мувозанат бузилиши эҳтимоли ҳақидаги хавотирларга қарамай, БААда булут экиш амалиётларида ишлатиладиган тузлар мавжуд маълумотларга кўра атроф-муҳитга зарар етказмайди. Бироқ бундай технологияларнинг узоқ муддатли оқибатлари ҳали ҳам тадқиқот ва муҳокама мавзуси бўлиб қолмоқда.

БАА 2024 йилда 300 тагача булут экиш миссиясини ўтказди. Шу билан бирга, анъанавий экиш воситаларига экологик жиҳатдан тоза муқобилларни ишлаб чиқиш бўйича қўшимча тадқиқотлар олиб борилмоқда. Бу мамлакатнинг иқлим ўзгариши шароитида миллий сув хавфсизлигини таъминлаш ва қишлоқ хўжалиги экинлари ўсишини қўллаб-қувватлашга қаратилган саъй-ҳаракатларининг бир қисми ҳисобланади.

Шунингдек, Хитойда ҳам ёмғирларни кўпайтириш учун уринишлар кучайгани айтилади. Аввалроқ эса Ҳиндистон ҳукумати махсус заррачалар ёрдамида булутларни уруғлаш орқали ёмғир чақириш бўйича тажриба ўтказган.

Бу усул булутлар ичига реагентлар, жумладан, кумуш йодиди ва натрий хлориди каби моддаларни тарқатиш орқали ёғингарчиликни рағбатлантиришни назарда тутади. Деҳли атроф-муҳит вазири Манжиндер Сингҳ Сирса ушбу лойиҳа устидаги ишлар етти ой давом этганини маълум қилган.

Ўзбекистонда ҳам 2026 йил 1 мартдан бошлаб ёмғирни сунъий чақириш технологиясини жорий этиш бўйича пилот лойиҳа бошланди. Бунинг учун Франция, Хитой ва Саудия Арабистони тажрибаси ўрганилади. Бу чоралар Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2026 йилга мўлжалланган давлат дастури тўғрисидаги фармонида назарда тутилган.

Лойиҳани ишлаб чиқиш билан Экология ва иқлим ўзгариши бўйича миллий қўмита, Фанлар академияси ҳамда Тошкент вилояти ҳокимлиги шуғулланади. Молиялаштириш манбаи – умуммиллий экологик муаммоларни бартараф этишга қаратилган давлат мақсадли жамғармаси. Пилот синовлар доирасида камида 3-5 та амалий тажриба ўтказилиши режалаштирилган. Лойиҳани амалга ошириш натижасида ёғингарчилик ҳажми 10-20 фоизга ошиши кутилмоқда.

Тизим 2027 йил 1 октябрга қадар тўлиқ ишга туширилиши режалаштирилган. Шунингдек, қисқа вақт ичида ҳаводаги чанг заррачалари ва зарарли аралашмалар миқдори камайиши кутилмоқда. Расмийлар таъкидлашича, агар пойтахт ҳудудидаги тажриба муваффақиятли деб топилса, қурғоқ иқлимдан азият чекаётган Ўзбекистоннинг бошқа вилоятларида ҳам шундай қурилмалар жорий этилиши мумкин.

Лекин бу каби уринишлар ҳаммага ҳам ёқиб тушавермайди. Масалан, Хитойга ва БААга қўшни айрим давлатлар “бизнинг ёмғиримиз ва намгарчилигимизни ўғирлашяпти” деган айбловлар билан чиқишган. Олимларнинг айтишича, ҳозирча бу уринишлар қўшни ҳудудлар ёки умуман минтақа иқлимига катта таъсир қилмайди.

Масалан, Россия иқтисодиёт олий мактабининг География ва геоинформацион технологиялар факултети декани, география фанлари номзоди Николай Куричевнинг айтишича, Тошкент ва унинг атрофида ёмғирни сунъий чақириш дастурининг кўлами бутун минтақадаги вазиятга таъсир кўрсатиш учун жуда кичик.

Шуни ҳам таъкидлаш керакки, ҳозирги вақтда бундай лойиҳаларнинг оқибатлари бўйича тўлиқ илмий тадқиқотлар мавжуд эмас. Масалан, Хитойда амалга оширилаётган лойиҳалар Ўзбекистондагидан анча катта кўламга эга. Айрим ғарб экспертларининг қўшни давлатларда ёғингарчилик ва сув оқимига таъсир ҳақида фикрлари бор, лекин улар Пекинга нисбатан сиёсий қарашлар таъсирида бўлиши мумкин. Олимлар орасида ягона фикр шаклланмаган – масала етарлича ўрганилмагани учун аниқ хулоса чиқариш қийин.

Аммо шу факултет доценти Михаил Варенцовнинг айтишича, ёғингарчиликни бир жойда ошириш мақсадида таъсир кўрсатиш ҳақиқатан ҳам бошқа жойда, айниқса, шамол йўналиши бўйича қуйи томонда унинг камайишига олиб келиши мумкин, Бу шундай кечади: аввал ёғингарчилик сунъий равишда туширилади, сўнг ҳаво массаси намлик камайган ҳолда ҳаракатланади. Шунинг учун кейинги ҳудудларда ёғингарчилик эҳтимоли ва унинг интенсивлиги пасаяди. Масалан, Москвада булутларни тарқатиш амалиёти ёғингарчилик шаҳарга етиб келишидан олдин тушириш орқали амалга оширилади. Яъни ёғингарчилик Москвада эмас, балки Москва вилоятида чақирилади. Ҳар қандай ҳолатда ҳам таъсирнинг натижаси унинг кучига, жойлашувига ва бошқа омилларга боғлиқ бўлади. Шу сабабли уни баҳолаш учун таъсир хусусияти ҳақида аниқ маълумотлар ва улар асосида чуқур тадқиқотлар талаб этилади.

Иқлим қуроли қўлланилган ҳолатлар

Лекин иқлимга таъсир қилиш имкониятидан душманга қарши қурол сифатида фойдаланилган реал мисоллар ҳам мавжуд.

Масалан, 1967-1972 йилларда АҚШ томонидан (асосан Лаос, Камбоджа ва Шимолий Вьетнам ҳудудлари устида) амалга оширилган “Попай” (Popeye) махфий операцияси тарихда ягона тасдиқланган иқлимни қурол сифатида ишлатишга уринишдир. Операциядан мақсад – Вьетнамдаги Хо Ши Мин йўлини – шимолийВьетнам партизанларининг асосий таъминот маршрутини – лой-ботқоққа айлантириш, шунингдек, шолипояларни сув босишига олиб келиб, душманнинг ҳарбий логистикасини издан чиқариш бўлган.

Бунинг учун АҚШ самолётлари осмонда булутларга йодли кумуш сепиб чиққан ва ёмғир сунъий равишда кучайтирилган, ёмғир мавсуми 30-45 кунга узайтирилган. Операция давомида 2600 дан ортиқ авиация парвози амалга оширилиб, минглаб тонна кимёвий моддалар сепилган. Лекин у пайтда ёмғирни тўла бошқариш имконсиз бўлган. Бундан ҳар қанча улкан ресурслар ҳам табиатни тўлиқ назорат қилиш учун етарли эмас, деган хулоса чиқариш мумкин.

Иқлим қуроли нега тақиқланган?

1977 йилда БМТ томонидан иқлимдан қурол сифатида фойдаланишни тақиқловчи Конвенция (инглизча Environmental Modification Convention (ENMOD) қабул қилинган. Мазкур конвенция иқлимни қурол сифатида ишлатишни расман тақиқлади. Тақиқ асосан иқлим ўзгариши, зилзилалар, океан ва атмосфера жараёнларига тегишли.

Конвенция табиий муҳитга таъсир ўтказиш воситаларини ҳарбий ёки ҳар қандай бошқа душманлик мақсадларида қўллашни тақиқлайди. Лекин бир нозик жиҳат бор – фақат “кенг кўламли, узоқ муддатли ва жиддий” таъсирлар тақиқланган. Бу эса “кулранг зона”ни яратади: маҳаллий технологияларга рухсат этилган, лекин бошқа жиҳатлар бўйича чегара ноаниқ қолмоқда.

Иқлим қуролининг имкониятлари каттами?

Фараз қилайлик, иқлим қуроли яратилган тақдирда ҳам, айни пайтда ундан катта натижалар кутиб бўлмайди. Масалан, душманни “сувга ғарқ қилиш учун” йўқ жойдан булут чақириб бўлмайди. Шунингдек, Эрон томонининг ўзини оқлаш учун “бизда сунъий қурғоқчилик чақиришди” деган ғоялари ҳам асоссиз. Чунки бутун бир давлатни ёмғирли булутлардан тўсиб қолиб бўлмайди. Яъни сунъий қурғоқчилик чақириш, циклон ва бўронларни бошқариш имконсиз.

Масалан, сунъий тўфон ва бўрон ҳосил қилиш қийин. Битта бўрон кунига ≈ 5×10¹⁹ жоул энергия чиқаради. Бу эса минглаб атом бомбалари кучига тенг. Демак, тўфонни бошқариш – сайёралар миқёсдаги энергияни бошқариш дегани.

Шунингдек, қаердадир зилзила ёки денгиз тўфони ҳосил қилиш учун юзлаб бомба портлатишга тўғри келади. Бундай амалиёт, биринчидан махфий қолмайди, иккинчидан имконсиз.

Зилзилалар ўнлаб километр чуқурликда юз беради ва тектоник плиталар ҳаракатига боғлиқ. Мисол учун, 7 баллик зилзила қўзғатиш учун юзлаб атом бомбалари портлатиш лозим. Хуллас, инсоният ҳали иқлимни ўз истаганидек бошқариш даражасига чиққани йўқ. Бу қурол мавжудлигига оид расмий далиллар йўқ.

Абулфайз Сайидасқаров

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid