platina.uz
Таҳлил

2025 йил журналистлар учун энг ҳалокатли йил бўлди

Нони қаттиқ касб эгалари ҳар йили турли тазйиқларга дуч келади: айтган сўзи ё фикри, ёзган мақоласи ё репортажи ҳамда бошқа ҳолатларда улар энг кўп таҳдидга учрайди.

2025 йил журналистлар учун энг ҳалокатли йил бўлди

Ҳар йили 3 майда Жаҳон матбуот эркинлиги куни нишонланади. 1994 йилдан бошлаб татбиқ этилган ушбу сана ЮНЕСКО Бош конференциясининг 26-сессияси тавсиясига кўра БМТ Бош Ассамблеяси томонидан таъсис этилган. Бу куннинг асосий мақсади – демократик жамиятларда матбуот эркинлигининг аҳамиятини таъкидлаш ва ўз хизмат вазифаларини бажариш чоғида ҳалок бўлган журналистларни ҳимоя қилишдир. Жаҳон матбуот эркинлиги куни, шунингдек, ОАВ мустақиллиги ва ахборотга кириш имконияти билан боғлиқ долзарб масалаларни муҳокама қилиш учун ҳам хизмат қилади.

Таҳликали касб эгалари

Жаҳон матбуот эркинлиги куни арафасида бу касбнинг нафақат машаққатли ва ҳатто хавфли экани ёдга олинади. Таҳлилларга кўра, 2025 йил журналистлар учун сўнгги ўн йилликлар ичида энг ҳалокатли йиллардан бири бўлди. Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси (CPJ) маълумотларига кўра, 2025 йилда дунё бўйлаб 129 нафар оммавий ахборот воситалари ходими ўлдирилган.

Бу кўрсаткич CPJ 1992 йилдан буён статистика юритишни бошлаганидан бери энг юқори даража бўлиб, кетма-кет иккинчи йил ўсиш қайд этилганини кўрсатади.

Ҳужжатга кўра, ўлдирилган 129 журналистдан 104 нафари ҳарбий тўқнашувлар пайтида ҳалок бўлган. Уларнинг 86 нафари 2024 йилда, Фаластин-Исроил можароси энг юқори нуқтага чиққан пайтда Исроил армияси томонидан ўлдирилган.

CPJ таъкидлашича, журналистлар тобора кўпроқ дронлар орқали амалга оширилган ҳужумлар натижасида ҳалок бўлмоқда. 2025 йилда бундай ҳолатларда камида 39 журналист ўлдирилган. 2023 йилда эса қўмита бундай ҳолатларнинг атиги иккитасини қайд этган.

2024 йилда жами 124 нафар журналист ҳалок бўлган, 2025 йилда бу кўрсаткич яна ошган ва бу журналистларнинг глобал хавфсизлиги борасида жиддий хавотир уйғотмоқда.

“Чегара билмас мухбирлар” халқаро ташкилоти маълумотларига кўра, 2024 йил декабридан 2025 йил декабригача дунё бўйлаб 67 нафар ОАВ ходими ўлдирилган. Уларнинг аксарияти уруш ҳудудларида ёки уюшган жиноятчилик ҳаракатлари натижасида ҳалок бўлган. Ўлимларнинг деярли ярми Ғазога тўғри келган, Россия, Хитой ва Мянма эса журналистлар учун қамоқхоналар рўйхатида етакчилик қилган.

Янги ҳисоботда таъкидланишича: журналистлар ўз-ўзидан ўлмайди, улар ўлдирилади. “Ўлдирилган журналистлар сони яна ошди, бу мунтазам ва номунтазам қуролли тузилмалар, шунингдек, уюшган жиноятчилик ҳаракатлари натижасидир. Бир йил давомида ҳалок бўлган 67 нафар ОАВ мутахассисидан камида 53 нафари уруш ёки уюшган жиноятчилик қурбонига айланган”, дейилади сўнгги маълумотларда.

Сўнгги 12 ой ичида ўлган журналистларнинг қарийб ярми (43 %) Ғазода Исроил қуролли кучлари ўқларидан ҳалок бўлган.

Айни пайтда Украинада Россия армияси маҳаллий ва хорижий мухбирларга ҳужум қилишни давом эттирмоқда. Судан ҳам журналист касби учун айниқса хавфли уруш ҳудуди сифатида намоён бўлди. Мексикада эса журналистлар ўлими ошишининг асосий сабаби уюшган жиноятчилик бўлиб қолмоқда – 2025 йил камида сўнгги уч йил ичида энг ҳалокатли йил бўлди ва мамлакат дунёда журналистлар учун иккинчи энг хавфли давлатга айланди: бу ерда тўққиз нафар журналист ўлдирилган.

Энг кўп жабрни маҳаллий журналистлар чекмоқда – мамлакат ташқарисида фақат икки нафар хорижий журналист ҳалок бўлган: Украинада дрон зарбаси натижасида ўлган француз фотожурналисти Антони Лалликкан ва Ҳондурасда ўн йилдан ортиқ вақт давомида яшаб келган салвадорлик журналист Хавьер Эркулес ўлдирилган. Қолган барча журналистлар ўз мамлакатларида иш жараёнида ўлдирилган.

Шу билан бирга, ўлдиришдан ташқари, журналистлар бошқа турдаги зўравонликларга ҳам дуч келмоқда. Дунё бўйлаб турли мамлакатларда 503 нафар журналист қамоқда сақланмоқда. Энг йирик қамоқхоналар Хитойда (121 нафар) ва Россияда (48 нафар) бўлиб, Россия Мянмадан (47 нафар) ўзиб кетган ва энг кўп хорижий журналистларни қамоқда сақлаётган мамлакат ҳисобланади – 26 нафар Украина фуқароси. Россия, шунингдек, хорижий журналистлар сони энг кўп бўлган (26 нафар) мамлакатга айланган.

2024 йил 1 декабрдан бошлаб ОАВ соҳасидаги 67 нафар мутахассис ўз касбий фаолияти билан боғлиқ ҳолда ўлдирилди. Уларнинг камида 79 фоизи мунтазам ва номунтазам қуролли кучлар (37 нафар журналист) ёки уюшган жиноятчилик (16 журналист) қурбонига айланган.

Сўз эркинлиги ўрнига – қамоқ

Дунё бўйлаб турли мамлакатларнинг қамоқхоналарида 503 нафар журналист – виждон тутқунлари сақланмоқда. 2025 йил 1 декабр ҳолатига кўра, 47 мамлакатда 503 нафар журналист ҳибсда бўлган. Биринчи ўринда – Хитой (121). Иккинчи ўринни энди Россия (48) эгаллаган. “Фахрли” учинчи ўриндан 47 нафарни қамоқда ушлаб турган Мянма жой олган. Беларус тўртинчи ўринни эгаллаб, мазкур давлатлардан кейин жой олган ҳолда, постсовет ҳудудида ОАВ фаолияти учун энг хавфли мамлакатлардан бири бўлиб қолмоқда, деб ҳисоботда қайд этилган.

Сирли ғойиб бўлганлар

Бедарак йўқолган журналистларнинг 72 фоизи Яқин Шарқ ва Лотин Америкасида ғойиб бўлган. 2025 йилда 37 мамлакатда 135 нафар журналист ҳалигача бедарак йўқолганлар рўйхатида қолмоқда, уларнинг айримлари 30 йилдан ортиқ вақтдан бери топилмаган. Муаммо барча қитъаларда мавжуд бўлса-да, айниқса, икки мамлакатда – Мексика (28) ва Сурия (37)да жуда кескин тус олган.

Ҳозирги вақтда Сурияда 37 нафар журналист бедарак йўқолган деб ҳисобланади. Кўп ҳолларда гап “Ислом давлати” томонидан гаровга олинган ёки Башар Асад режими томонидан асирга олинган шахслар ҳақида бормоқда, бироқ ИД йўқ қилиниши ва Дамашқдаги режим қулашига қарамай, уларни ҳозирча топиш имкони бўлмаган, деб ҳисобланади.

Маълумки “Чегара билмас мухбирлар”1995 йилдан бошлаб журналистларга нисбатан зўравонликлар бўйича ҳар йиллик шарҳ тайёрлаб келади. У нашр этиладиган йилнинг 1 январидан 1 декабригача тўпланган ишончли маълумотларга асосланади.

“Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти маълумотларни синчиклаб йиғиб, журналистнинг ҳибсга олиниши, ўғирланиши, бедарак йўқолиши ёки ўлими унинг касбий фаолиятининг бевосита натижаси эканини тўлиқ ишонч ёки жуда юқори эҳтимол билан тасдиқлаш имконини беради. Аслида “маҳмадоналиги” учун бўлса-да, халқаро обрўга доғ туширмаслик учун бошқа айблар – фирибгарлик, наркотиклар савдоси каби “навбатчи” жиноятларда айбланган журналистлар бу рўйхатга кирмай қолиши ҳам мумкин.

RSF фақат ўз мандатига кирувчи журналистлар ҳолатларини ҳисобга олади, яъни ҳар қандай алоқа воситалари орқали мунтазам равишда ёки касбий вазифалари доирасида ахборот ва ғояларни жамлайдиган, қайта ишлайдиган ва тарқатадиган, жамият манфаатлари ва асосий ҳуқуқларига хизмат қиладиган шахслар, шунингдек, сўз эркинлиги тамойиллари ва касбий этикага риоя қилган ҳолда фаолият юритувчилар назарда тутилади.

2025 йил учун RSF шарҳида келтирилган статистика касбий ва нокасбий журналистлар, шунингдек, ОАВ ходимларини ҳам ўз ичига олади.

Ўзгаришлар бор, аммо кам

Ушбу ташкилот эълон қилган ҳисоботга кўра, жумладан, Ўзбекистон 2026 йилги матбуот эркинлиги жаҳон индексида 180 мамлакат орасида 147-ўринни эгаллади. Ўзбекистон ўтган йилга нисбатан бир поғонага кўтарилган бўлса-да, умумий балл бироз пасайган.

“Чегара билмас мухбирлар” (RSF) халқаро ташкилоти томонидан тузилган янги Жаҳон матбуот эркинлиги индексида Ўзбекистон 100 баллдан 34,95 балл олди. Бу 2025 йилги кўрсаткичдан (35,24 балл) бироз паст бўлиб, ОАВ фаолияти учун вазиятни “жуда мураккаб” деб баҳолайди. Бир поғонага кўтарилиш сиёсий муҳит, ҳуқуқий тизим ва маданий-ижтимоий шароит каби учта асосий кўрсаткич бўйича балллар пасайганига қарамай юз берган. ОАВ иқтисодиёти ва журналистлар хавфсизлиги кўрсаткичлари эса бироз яхшиланган.

Ташкилот иддаосига кўра, “2016 йилда президент Ислом Каримов вафотидан сўнг мамлакатда матбуот эркинлиги билан боғлиқ вазият фақатгина озгина яхшиланган: ҳокимиятни танқид қилиш ҳамон қийин, блогерлар ва ОАВнинг катта қисми эса давлат тузилмалари билан яқин боғлиқлигича қолмоқда”.

RSF ҳисоботига кўра, Шарқий Европа ва Марказий Осиё минтақасида матбуот эркинлиги ҳануз энг паст ўринлардан бирида қолмоқда, қўшни мамлакатларда ҳам вазият шунга ўхшаш мураккаб: Қирғизистон – 146-ўрин, Қозоғистон – 149-ўрин, Туркманистон – 173-ўрин.

Шимолий Европа мамлакатлари жаҳон миқёсида рейтинг етакчилари бўлиб қолмоқда: Норвегия ўнинчи йил кетма-кет биринчи ўринни эгаллаб турибди, ундан кейин Нидерландия, Эстония, Дания ва Швеция келади. Энг сўнгги ўринларда Хитой, Шимолий Корея ва Эритрея жойлашган.

RSF қайд этишича, сўнгги 25 йил ичида илк бор дунё мамлакатларининг ярмидан кўпи матбуот эркинлиги бўйича “мураккаб” ёки “жуда мураккаб” вазиятга эга давлатлар сифатида баҳоланмоқда, бу эса ОАВга нисбатан глобал босим кучайгани ва автократик тенденциялар ўсиб бораётганини акс эттиради.

Абулфайз Сайидасқаров

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid