Уйлар атрофида болалар ўйнаши учун майдончалар бўлиши лозим этиб белгиланди
Жисмоний тарбия машғулотлари билан шуғулланиш учун майдонлар ҳам рўйхатдан ўрин олган.

Мактабгача ва мактаб ёшидаги болалар ўйнаши учун майдончалар бўлиши лозим этиб белгиланди.
Адлия вазирлиги Кўп квартирали уйларни сақлаш ва улардан фойдаланиш қоидалари (рўйхат рақами 3824, 29.04.2026 й.)ни давлат рўйхатидан ўтказди.
Бошқариш органи аҳолига қулайлик яратиш мақсадида:
- кўп квартирали уйга туташ ер участкасида ўриндиқлар ўрнатиши;
- тегишли масофада чиқиндиларни ташлаш учун чиқиндиларни ажратувчи ўрналар жойлаштириши лозим.
Уйларга туташ ер участкаларида қуйидаги умумий фойдаланиш майдончалари бўлиши керак:
- мактабгача ва мактаб ёшидаги болалар ўйнаши учун;
- катта ёшдаги аҳолининг дам олиши учун;
- жисмоний тарбия машғулотлари билан шуғулланиш учун;
- маиший чиқиндиларни йиғиш учун;
- ит ва бошқа уй ҳайвонларини сайр қилдириш учун;
- велосипед ва бошқа мобил воситаларни (самокат, ногиронлиги бўлган шахслар ва болаларнинг аравачалари) сақлаш учун.
Уйларга туташ ер участкаси ҳамда инфратузилма объектлари ободонлаштирилиши, дарахтлар ва ўсимликларга, ўтиш йўлкалари ва тротуарларга сув сепиш учун муҳандислик-техник қурилмалар билан жиҳозланиши, электр ёритиш тизимига эга бўлиши керак.
