Эронни бошқарган туркий сулолалар
Эрон ислом фатҳидан кейин араблар томонидан бошқарилди. Ундан сўнг тўлиқ туркий сулолалар ҳукмронлиги остида яшади. Ҳатто ҳозир ҳам Эрон ҳудуди туркий ҳукмдорлар томонидан бошқариб келинмоқда.

Ҳозирги Эрон ҳудуди – қадимий цивилизация макони бўлиб, XVII асрда мусулмонлар томонидан забт этилгандан сўнг, кўп асрлар давомида ўз мустақиллигини йўқотган.
Эрон Халифалик даврида
Ҳадисларда айтилишича, Муҳаммад пайғамбарга Эрон шоҳлигини забт этиш башорати берилган. Ўшанда кўпчилик бунга ишонмаган. Чунки Эрон ўшанда Византия (Рум) империяси билан курашаётган ўта йирик ва қудратли империя эди. Қуролланмаган ва кичик бир мусулмонлар қўшинининг бундай империяни маҳв эта олиши афсонадек туюлган.
Тарихчиларга кўра, 628 йилдаги Ҳудайбия сулҳи(келишуви)дан сўнг пайғамбар турли қабилалар, подшоҳлар ва ўша давр давлатларининг ҳукмдорларига мактублар юбориб, уларни исломни қабул қилишга чақирган. Бу мактублар элчилар орқали Эрон, Византия, Ҳабашистон, Миср, Яман ва Ҳирога (Ироқ) етказилган.
Мусулмон манбаларига кўра, ҳижратнинг 7-йили бошларида (тахминан 629 йилда) Муҳаммад пайғамбар ўз саҳобаларидан бири Абдуллоҳ ибн Ҳузофа ас-Саҳмийга Эрон подшоси Хусрав II га мактуб етказишни топширган. Мактубда ундан Ислом динини қабул қилиш сўралган.
Форс подшоси Хусрав II нинг бу мактубга муносабати ҳақида турли ривоятлар мавжуд. Деярли барча манбаларга кўра, у ғазаб билан мактубни йиртиб ташлаган. Бу ҳақда хабар етганида, пайғамбар шундай дегани ривоят қилинади: “Аллоҳ Хусравнинг мулкини худди у менинг мактубимни парчалаганидек парчалаб ташлайди”.
Муҳаммад пайғамбар (с.а.в.) 632 йил июнда вафот этди. Абу Бакр Мадинада халифа ва сиёсий ворис унвонини олди. Унинг даврида бошланган юришлар халифа Умар даврида Сонийлар сулоласининг яксон қилиниши ва форс ерларининг фатҳ этилиши билан тугади.
Эронда туркийлар ҳукмронлигининг бошланиши
Аммо Бағдод халифаларининг ҳукмронлиги ҳам сусайиб боргач, тезда уларнинг ўрнини турклар эгаллади. Туркийлар кейинги минг йил давомида форсларни бошқариб келишди. Бу давр мобайнида кўплаб сулолалар алмашди.
Эрон салжуқийлар ҳукмронлиги остида
Салжуқийлар империясига 1030-йилларда, Каспийорти даштларидан келган кўчманчи ўғуз қабилалари жанубий чегарани ёриб ўтиб, ғарбга йўл олган пайтда асос солинган. Улар Византия ва Кавказдаги насроний давлатларни мағлуб этиб, салбчиларни денгизга улоқтирдилар ҳамда бугунги бир қатор давлатлар ва миллатларнинг шаклланишига асос бўлдилар. Бу Шарқ тарихидаги энг яхши ҳукмдорлардан деярли бири эди: диний бағрикенг, бир халқнинг бошқаси ҳисобига юксалишига йўл қўймаган, маданиятни нозик тушунадиган ва қадрлайдиган, улар даврида иқтисод ва халқаро савдо ривожланган.
Озарбайжоннинг Илдегизийлар сулоласидан бўлган Отабеклари – Кавказда салжуқийларнинг ворислари – ўз давлатларининг бойлиги ва алоҳида мавқеидан фойдаланиб, уларнинг мулкларини қайтадан бирлаштиришга ҳаракат қилдилар. Кўп жиҳатдан бунинг уддасидан чиқдилар ҳам: уларга шарқда Макрангача чўзилган туркий князликлар бўйсунган эди. Аммо мўғуллар улар учун енгиб бўлмас куч бўлиб чиқди ва босқинни тўхтатиб қолиш имконсиз эди.
Эрон Хоразмшоҳлар ҳукмронлиги остида
Хоразмшоҳлар, салжуқийларнинг собиқ вассаллари, Марказий Осиёда туркман қабилалари, яъни уйида қолган, ғарбга кетмаганлари томонидан тахтга кўтарилган эди. Бу сулоланинг дастлабки вакиллари жуда жанговар бўлиб, ўз собиқ хўжайинларининг Эрондаги ерларининг сезиларли қисмини “узиб олган” эди. Афсуски, Ислом дунёсининг энг қудратли ҳукмдорларидан бири бўлган Алоуддин Муҳаммад II ҳукмронликка мослашмаган шахс бўлиб чиқди ва Чингизхонга қарши кучли зарба бериш учун барча кучларини бирлаштира олмади. Бир неча ўн йиллар давомида деярли бутун Осиё мўғуллар ҳукмронлиги остига ўтди. Кейинчалик Хулагу мўғул сулоласи форсларни бошқарди.
Яна туркийларнинг қайтиши
Мўғуллар ҳукмронлигига барҳам берилгач, Оқ Қўюнлу – сунний туркман қабилалари конфедерацияси – ғарбда Усмонийлар империяси билан чегарадош бўлгани учун шарқий экспансия йўлини танлади. XV аср давомида улар бутун Эронни забт этдилар ва бу жараёнда буюк Темурнинг ўғиллари ва набираларини ҳам мағлуб этдилар. Аммо ўқотар қуролларга эга турклар улардан кучлироқ бўлиб чиқди ва бу кўчманчилар янада яхши ташкил этилган туркий давлатга ўз ўрнини бўшатиб беришга мажбур бўлди.
Темурийлар ҳукмронлиги остидаги Эрон
Темурийлар даврида ўрта асрлар Шарқининг энг буюк маданий уйғонишларидан бирининг пойдевори қўйилди. Темурийлар ўзларидан санъат, фан ва меъморчиликдаги бой меросни ҳам қолдирдилар.
XIV аср охирида соҳибқирон Амир Темур қўшини Марказий Осиё, Эрон, Кавказ ва Яқин Шарқ бўйлаб кенг кўламли юришларни бошлади.
Ўша даврда Эрон турли сулолалар ва маҳаллий ҳукмдорлар қўлида парчаланган ҳудуд эди. Амир Темур юришлари Исфаҳон, Шероз ва Табриз каби йирик шаҳарларнинг вайрон қилиниши билан кечди. Бироқ Темурнинг мақсади фақат вайрон қилиш эмас эди: у шахсий ҳарбий ва сиёсий ҳокимиятга таянган марказлашган империя барпо этишга интилган.
XV аср бошларига келиб, Эроннинг катта қисми темурийлар назоратига ўтди ва 1405 йилда Темур вафотидан кейин унинг авлодлари улкан, аммо беқарор империяни мерос қилиб олдилар.
Амир Темур ўлимидан кейин империя тезда парчаланишга юз тутди. Ҳокимият расман унинг авлодларига ўтди, улар орасида Хуросон ва Мовароуннаҳр ҳукмдорлари алоҳида ажралиб турарди. Бироқ Эрон ягона давлат эмас эди: у турли сулола шохобчалари ва маҳаллий ҳукмдорлар томонидан бошқарилган минтақаларга бўлинган эди.
Минтақа сиёсатида Хуросон шаҳарлари – Ҳирот, Машҳад ва Нишопур муҳим рол ўйнади. Улар турли даврларда темурийлар маъмурияти ва маданияти марказига айланган.
Темурийлар даврининг энг ёрқин юксалиши Амир Темурнинг ўғли Шоҳруҳ ҳукмронлиги билан боғлиқ. У ҳокимият марказини Ҳиротга кўчирди ва бу шаҳар нафақат сиёсий пойтахт, балки минтақанинг энг йирик маданий марказига айланди.
Шоҳруҳ саройида фан, адабиёт ва санъат ривожланди. Унинг рафиқаси Гавҳаршод ҳомийлигида меъморчиликнинг дурдоналари, жумладан, Машҳаддаги машҳур масжид барпо этилди.
Шу даврда “темурийлар ренессанси” деб аталган жараён шаклланди. Темурийлар кейинчалик “форс маданияти” деб аталган даврни яратди.
Айнан Темурийлар даврида форс тили давлат ҳужжатларини юритиш тилига айланди. Ҳозир форс-тожик илм фани ва адабиёти намоёндалари деб аталган атоқли шахслар ҳам аслида бу миллатларга мансуб бўлмаса-да, форс тилининг мақоми боис бу тилда ижод қилишган.
Темурийлар даврида Буюк ипак йўли орқали савдо алоқалари қайта тикланди. Эрон шаҳарлари Хитой, Ҳиндистон ва Ўрта ер денгизи ўртасидаги халқаро савдонинг муҳим тугунларига айланди. Карвонлар нафақат товар, балки ғоялар, технологиялар ва маданий таъсирларни ҳам олиб келарди.
XV асрга келиб темурийлар ҳокимияти заифлаша бошлади. Авлодлар ўртасидаги ички курашлар, маҳаллий сулолаларнинг кучайиши ва янги сиёсий кучларнинг босими ғарбий ҳудудлар устидан назоратнинг йўқолишига олиб келди.
XVI аср бошларида Эрон ҳудудида янги ва яна бир туркий сулола – Сафавийлар ҳукмронлиги ўрнатилди ва улар темурийлар таъсирини бутунлай тугатдилар. Бироқ темурийларнинг маданий мероси йўқолиб кетмади: у кейинги форс цивилизацияси тараққиётининг асосига айланди.
Эрон Сафавийлар ҳукмронлиги остида
Исмоил I Сафавийлар сулоласидан ўзини Озарбайжон ҳукмдори деб эълон қилганида, унинг қўшини фақат тўрт минг отлиқдан иборат эди. Бироқ ўн йил ўтмай, у бутун Эронни забт этди ва жуда катта қўшин тўплашга эришди. Бухоро хонлиги ўзбеклари Афғонистон ва Хуросонни эгаллашга улгурган эса-да, Амударё ортига чекинишга мажбур бўлдилар. Шу тариқа буюк шиалар давлатига асос солинди, унинг ворислари ҳозирги Эрон ва Озарбайжон ҳисобланади.
Таъкидлаш керак, айнан сафавийлар – бир пайтлари яна бир темурийзода Бобурга ёрдам беришга уринган Шайбонийхондан мағлуб бўлиб, Марказий Осиёдан қочган “қизилбош” шиа сафавийлар Эронда шиа ақидаларини давлат дини даражасига кўтариб, Эронни шиа давлатига айлантиришди.
Исмоил I шиалик ғояларини фаол тарғиб қилди ва суннийларга нисбатан диний тоқатсизлик сиёсати олиб борди. Бу эса Усмонийлар империяси ва ўзбек хонлиги каби қўшни сунний давлатлар билан можаро ва урушларга сабаб бўлди.
Эрон Афшорийлар ҳукмронлиги остида
Сафавийлар қулаганидан кейин Афшорлар сулоласидан Надиршоҳ Форсни қайта бирлаштирди. У армияни тўлиқ замонавийлаштириб, бир неча ўн йил давомида Усмонийлар империясидан тортиб Бобурийлар Ҳиндистонигача бўлган ҳудудларда барча рақибларини мағлуб этди. Бироқ у кўпинча буюк забт этувчиларга хос бўлганидек, заиф маъмур бўлиб чиқди: оғир солиқлар мамлакатни қашшоқлаштирди. Шунингдек, ўз ўғилларига нисбатан қаттиқ муносабати, уларнинг кўпини ўлимга маҳкум этиши, сулоланинг узилишига олиб келди ва шундан сўнг ҳокимият учун кураш яна авж олди.
Қажарлар сулоласининг юксалиши
Ўша даврда яна бир туркий қавм – Қажар қабиласи кучая борди. Унинг Астробод шохобчаси асосий рақибларни бирин-кетин мағлуб этиб, янги шоҳлик сулоласини барпо этди. Бу оиладан чиққан биринчи шоҳ ажойиб жангчи ва бошқарувчига айланди. Бироқ тахтни ўз жиянига топширишга мажбур бўлди. Унинг авлодлари 1925 йилгача Форсни бошқардилар, шу йили биринчи марта – минг йил ичида илк бор этник жиҳатдан эронлик бўлган Паҳлавийлар сулоласи ҳокимиятга келди.
Эрон Паҳлавийлар даврида
Паҳлавийлар сулоласи диндан кўра миллий қадриятларга кўпроқ эътибор қаратди. Ўзини гўёки афсонавий орий форс ҳоқонлари авлодининг давомчиси деб ҳисоблади.
Шоҳ даври Эронда ахлоқий ва диний қадриятларнинг қулаши, Ғарб маданиятига ҳаваснинг кучайиши билан ифодаланади. Шунингдек, Шоҳлар бойлик, ҳашамат ва маишатга муккасидан кетишди. Халқ аҳволи ўта оғирлашди. Қийноқлар ва оммавий қирғинлар кучайди. Эрон халқида шоҳ тузумини ағдаришга интилиш кучайиб борди.
Ҳумайний бошчилигидаги теократ сиёсатчилар бундан унумли фойдаланишди ва 1979 йилда шоҳ тузумини ағдариб, Эронни ислом давлати деб эълон қилишди, Эрон Ислом Республикаси тузилди. Қайд этиш жоиз, бу давлатнинг олий раҳбари – Оятуллолар ҳам туркий – озарбайжон миллатига мансуб экани айтилади. Ҳозирги президент – Пезешкиён ҳам озарбайжон қавмидан.
Хулоса қилиб айтганда, Эрон ислом фатҳидан кейин халифалик таркибида араблар томонидан бошқарилди. Ундан кейин эса тўлиқ туркий сулолалар ҳукмронлиги остида яшади. Фақатгина Паҳлавий шоҳ даврини инобатга олмаганда, токи халифаликдан кейинги даврдан бошлаб, токи ҳозиргача Эрон ҳудуди туркий ҳукмдорлар томонидан бошқариб келинмоқда.
Абулфайз Сайидасқаров
