platina.uz
Таҳлил

Энди нима бўлади: АҚШ ва Эрон келиша олмади

Ҳар икки томон муросага тайёр эмаслигини намоён этар экан, бир-бирига тўғри келмайдиган муросасиз талаблар қўяр экан, ҳарбий босим ва кескин баёнотлар ортиб бораверади.

Энди нима бўлади: АҚШ ва Эрон келиша олмади

Покистонда Эрон ва АҚШ ўртасида уч кун (2026 йил 10-12 апрел) давом этган музокаралар ҳеч қандай келишув имзоланмасдан якунланди. Томонлар асосий масалалар бўйича муросага кела олмасдан тарқалишди.

Жумладан, Mehr агентлиги хабар беришича, Эрон делегацияси ҳам АҚШ билан музокаралар келишувга эришилмасдан тугагач, Покистонни тарк этди.

Эрон ва АҚШ ўртасидаги музокаралар бир неча кун давом этди, бироқ АҚШ делегацияси раҳбари, вице-президент Жей Ди Вэнс таъкидлашича, томонлар якуний келишувга эриша олмади. У АҚШ делегацияси ҳеч қандай ҳужжат имзоламасдан ватанга қайтишини билдирди.

Эрон ТИВ расмий вакили ўтказилган учрашувларда “ишончсизлик муҳити” мавжуд бўлганини қайд этди.

Вице-президент Жей Ди Вэнс бошчилигидаги АҚШ делегацияси ҳам 21 соатлик интенсив муҳокамалардан сўнг Исломободни тарк этди.

Ҳормуз масаласи – боши берк кўча

Асосий баҳс Ҳурмуз бўғози атрофида кечди. АҚШ денгиз қатнови эркинлигига кафолат талаб қилмоқда, Эрон эса санкцияларни бекор қилиш ва “асоссиз талаблар”ни тўхтатишни талаб этмоқда.

Эрон ОАВлари Вашингтоннинг “ноконструктив позицияси” ҳақида маълум қилди. Доналд Трамп эса, ўз навбатида, музокаралар натижасини “аҳамиятсиз” деб атаб, босим давом эттирилишини таъкидлади.

Энди нима бўлади? Минтақадаги вазият кескинлигича қолмоқда. Эрон расмийлари босим остида чекиниш нияти йўқлигини билдирмоқда, АҚШ аллақачон бўғозни минадан тозалаш учун “шарт-шароит тайёрлаш”ни бошлаган.

Жаҳон кейинги қадамларни кутмоқда. Мутахассислар таъкидлашича, Исломободдаги дипломатик муваффақиятсизлик кенг кўламли кескинлашув хавфини энг юқори даражага олиб чиқмоқда.

АҚШдан кескин қарор

Музокаралар муваффақиятсиз якунлангач, Доналд Трамп АҚШ Ҳормуз бўғозида денгиз қамалини бошлашини эълон қилди.

Оқ уй раҳбарининг Truth Social платформасида ёзилган постида қайд этилишича, АҚШ Ҳормуз бўғозига киришга ва у ердан чиқишга уринаётган барча кемалар ҳаракатини чеклайди.

“Қўшма Штатларнинг Эрон билан музокаралари яхши ўтди, ядровий масаладан ташқари аксарият масалалар бўйича келишувга эришилди. Теҳрон ўзининг ядровий қуролга эга бўлиш мақсадидан воз кечишга рози бўлмади. Мен, шунингдек, ҳарбий-денгиз кучларимизга Ҳормуз бўғозидан ўтиш учун Эронга бож тўлаган ҳар бир кемани халқаро сувларда аниқлаш ва тўхтатиб қолишни топширдим. Ноқонуний бож тўлайдиган ҳеч ким очиқ денгизда хавфсиз ўтиш йўлагига эга бўлмайди. Бундан ташқари, биз эронликлар бўғозга ўрнатган миналарни йўқ қилишни бошлаймиз.

Бизга ёки фуқаролик кемаларига қарата ўт очган ҳар қандай эронлик ЖАҲАННАМГА РАВОНА ҚИЛИНАДИ! Шундоғам уларнинг мамлакатини вайрон қилган бу вазиятга қандай қилиб ЧЕК ҚЎЙИШНИ Эрон барчадан яхши билади”, дейилади АҚШ президентининг постида. “Бу ҳаракатлар Венесуэлага қарши кўрилган чораларга ўхшаш, бироқ миқёси анча кенг бўлади”, дея қўшимча қилган АҚШ етакчиси.

Блокада бошланди

Шундан сўнг АҚШ ҳарбийлари Эрон портларини блокада қилишни бошлашини маълум қилди. АҚШ Марказий қўмондонлигининг (CENTCOM) ижтимоий тармоқларда эълон қилган баёнотида маълум қилинишича, Эрон портларини блокада қилиш 13 апрел шарқий вақт билан соат 10:00 да (Тошкент вақти билан 19:00 да) бошланди.

“АҚШ қуролли кучлари Ҳормуз бўғози орқали Эронга тегишли бўлмаган портларга кираётган ва ундан чиқаётган кемаларнинг эркин қатновига тўсқинлик қилмайди”, дейилади қўмондонлик баёнотида. CENTCOM ушбу қарор АҚШ президентининг фармонига мувофиқ қабул қилинганини билдирди.

Божлар ҳам жорий этилади

АҚШ президенти, шунингдек, Эронни ҳарбий жиҳатдан қўллаб-қувватлайдиган мамлакатларга 50 фоиз божхона тарифлари жорий этилишини маълум қилди. Бу Хитойга ҳам тегишли бўлиши мумкин.

“Хитой Эронга қўлда кўтариладиган зенит-ракета тизимлари етказаётгани ҳақида хабарлар бор. Лекин мен бу хабарларга ҳар доим ҳам ишонавермайман. Агар бирон-бир мамлакат, жумладан Хитой, Эронга ҳарбий техника етказаётгани аниқланса, уларга 50 фоиз тариф қўйилади”, деди Трамп.

Эрон паст кетмаяпти

Ўз навбатида Эрон ҳар қандай денгиз блокадаси муваффақиятсизликка маҳкумлиги ҳақида огоҳлантирмоқда. Эрон олий раҳбарининг ҳарбий маслаҳатчиси Муҳсин Ризоий Доналд Трампнинг Ҳормуз бўғозини ёпиш таҳдидлари фонида АҚШ денгиз блокадасини амалга ошира олмаслигини билдирди. “Америка, худди Эронга қарши Ҳормуз бўғозини очишга уринишдаги тарихий муваффақиятсизлик каби, денгиз блокадасида ҳам мағлубиятга учрайди”, дея таъкидлади Ризоий.

Унинг қўшимча қилишича, мамлакат қуролли кучлари “АҚШга бундай қилишга рухсат бермайди” ва ҳар қандай таҳдидларга қарши туриш учун “йирик, ишга солинмаган дастаклар”га эга. “Эрон – твитлар ва хаёлий режалар билан блокада қилиш мумкин бўлган жой эмас!”, дея қўшимча қилган Ризоий

Можаро узоққа чўзиладими?

Покистондаги музокаралар муваффақиятсизликка учрагани учун, Доналд Трамп Эронга чекланган зарбалар беришни қайта тиклаш масаласини кўриб чиқмоқда. Лекин The Wall Street Journal нашрининг ёзишича, беқарорлик хавфи ҳамда узоқ муддатли можарога ўралашиб қолишни истамаслик сабабли кенг кўламли ҳарбий кампания юз бериши эҳтимолдан йироқ.

Шунга қарамай, АҚШ ва Эрон ўртасидаги музокараларнинг янги раунди яқин кунларда ўтказилиши мумкин. Таъкидланишича, Вашингтон ва Теҳрон томонидан “кескин баёнотлар” билдирилаётганига қарамасдан, “кейинги дипломатия учун эшик очиқ қолмоқда” ва томонлар яқин бир неча кун ичида янги учрашув ўтказиши мумкин.

Arab News нашрининг дипломатик манбаларга таяниб хабар беришича, айни кунларда алоқаларнинг кейинги босқичига тайёргарлик кўрилмоқда. Нашрнинг маълумотига кўра, музокаралар яқин кунларда Покистон воситачилигида – Исломободда ёки Европа давлатларидан бирида қайта тикланиши мумкин.

Айрим давлатлар ҳозирданоқ ушбу музокараларда воситачи бўлишни таклиф этмоқда. Швейцария ҳам Эрон ва АҚШ ўртасида воситачи бўлишга тайёр эканини билдирди. Бу ҳақда мамлакат ТИВ матбуот билан алоқалар бўлими раҳбари Штайнер маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, идора барча иштирокчи томонлар билан алоқаларни сақлаб турибди. У, шунингдек, “ҳимоя қилувчи давлат мандати доирасида Швейцария ҳанузгача Вашингтон ва Теҳрон ўртасида алоқа каналини таъминлаб келмоқда”, деб таъкидлади. “Бу канал очиқ ва томонлар ихтиёрида”, деган Штайнер.

Шунингдек, Девлет Бахчели – Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг асосий сиёсий иттифоқчиси ва Туркиядаги Milliyetçi Hareket Partisi раҳбари – Исломободдаги музокаралар муваффақиятсиз тугаганидан сўнг “Жаҳон тинчлик кенгаши”ни тузишни таклиф қилди.

“Биз БМТ бош котиби Антониу Гутерриш чақириғи билан АҚШ, Россия, Хитой, Туркия ва Европа Иттифоқи “Жаҳон тинчлик кенгаши” деб номланган янги механизмни тузишини таклиф этамиз”, деган Бахчели.

Қолганини вақт кўрсатади

Хулоса қилиб айтганда, Исломободдаги музокараларнинг муваффақиятсиз тугаши АҚШ ва Эрон ўртасидаги зиддиятларни янада чуқурлаштирди ва вазиятни хавфли босқичга олиб чиқди. Ҳар икки томон муросага тайёр эмаслигини намоён этар экан, бир-бирига тўғри келмайдиган муросасиз талаблар қўяр экан, ҳарбий босим ва кескин баёнотлар ортиб бораверади. Шунга қарамай, дипломатик мулоқот учун эшик тўлиқ ёпилмаган – яқин кунлардаги эҳтимолий янги музокаралар минтақадаги кескинликни юмшатиш учун сўнгги имконият бўлиши мумкин.

Абулфайз Сайидасқаров

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid