Борис Гафуров “Илҳом”ни сақлаб қолишда кўрсатилган ёрдам учун Саида Мирзиёевага миннатдорлик билдирди
“Илҳом” театри бадиий раҳбари Борис Гафуров “Солнечный ТВ” каналига берган интервьюсида “Илҳом” театрини ёпиш хавфи туғилган мураккаб даврда кўрсатган қўллаб-қувватлови учун Саида Мирзиёевага ўз миннатдорлигини изҳор этди.

“Илҳом” театри 50 йиллик юбилейини нишонламоқда. Шу муносабат билан “Солнечный ТВ” канали театр тарихи ва бугунги фаолиятига бағишланган ҳужжатли фильмни намойиш этди.
Фильм доирасида театрнинг бадиий раҳбари Борис Гафуров ҳам каналга интервью бериб, жамоа босиб ўтган мураккаб йўл ҳақида сўз юритди. У, хусусан, 2020 йилда театр ёпилиш хавфи остида қолганини эслаб, ана шу оғир даврда Саида Мирзиёева томонидан кўрсатилган қўллаб-қувватлов учун миннатдорлик билдирди.
“Бизнинг бу ертўладаги (“Илҳом” театри) фаолиятимиз тарихи ҳам жуда қизиқ, ҳам анча мураккаб. Кўпчилик мазкур жойни бизнинг хусусий мулкимиз деб ўйлайди. Йўқ, биз бу ердан ижара асосида фойдаланамиз.
Аслида, бу жой “Шодлик” мажмуасига тегишли. Эгалари алмашиб кетди, янги раҳбарият эса бизга бу ерни икки ой ичида бўшатиб қўйишимиз кераклигини, таъмирлаш ишлари бошланишини айтди (2020 йил февраль ойидаги вазият — таҳр.). Ўшанда биз, театр аъзолари жамоатчиликка мурожаат қилдик. Мазкур мурожаатимиз нафақат Ўзбекистонда, балки бутун дунёда катта резонанс келтириб чиқарди. Шу тариқа театрни сақлаб қолишга муваффақ бўлдик.
Ўз навбатида театримизни қўллаб-қувватлаганлари учун Саида Шавкатовна Мирзиёевага миннатдорчилик билдиришдан асло тортинмайман. Чунки ўша пайтда у кишининг ижтимоий тармоқлардаги “Биз “Илҳом”имизни хафа қилдириб қўймаймиз” мазмунидаги қисқагина пости қанчалик муҳим бўлганини жуда яхши тушунаман. Уларинг бу кўмаклари учун бениҳоя миннатдорман. Айнан шундан кейин бизни “тинч” қўйишди”, деди Борис Гафуров.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йил февраль ойида Shodlik Palace меҳмонхонаси Ofelos Plaza компанияси номидан “Илҳом” театридан апрель ойи охирига қадар бинoни бўшатишни талаб қилган эди. Театр жамоаси бу ҳолатни фожиали деб баҳолаб, ҳукумат, томошабинлар, журналистлар, дипломатлар ва халқаро ҳамжамиятга мурожаат қилиб, театрни сақлаб қолишга чақирган.
Орадан кўп ўтмай, Саида Мирзиёева мазкур вазият юзасидан муносабат билдириб, театрни қўллаб-қувватлашини маълум қилган эди.
“Илҳом” театри билан боғлиқ вазиятга изоҳ бермоқчиман. Мен ўзим театр санъати мухлисиман. Ушбу масала атрофида айтилаётган ташвишли гап-сўзларни эшитиб, сизни ишонтириб айтаманки, биз театримизни ҳеч кимга хафа қилдириб қўймаймиз. “Илҳом” — маданий ҳаётимизнинг фахри!”, деб ёзганди Саида Мирзиёева.
