Александр Дугиннинг псевдоилмий қарашларида Марказий Осиёнинг роли
Россия ўзини иҳоталанган қалъа сифатида кўрмоқчими ёки мулоқот макони сифатидами? Бу диёр истиқболи ҳозир шу саволга боғлиқ бўлиб турибди.

Рус политологи Александр Дугиннинг Марказий Осиё ва Кавказ давлатлари ҳақидаги фикрлари катта можаро ва баҳсларга сабаб бўлди. Таъкидлаш керак, Дугиннинг бу муносабати кеча шакллангани йўқ. Унинг асарларида геосиёсат оддий чегаралар ва ресурслар ҳақидаги фан бўлиб қолмайди. У тақдир фалсафасига айланади: бу ерда макон тарихни белгилайди, цивилизациялар эса нафақат ҳудудлар, балки мавжудлик маъноси учун курашади. Унинг машҳур “Геополитика асослари” асари таҳлилий ишдан кўра кўпроқ манифест бўлиб, унда Россия алоҳида цивилизация сифатида тасвирланади.
Энг қизиқ жиҳати, Дугин асарларида Россия тирик организм – тана сифатида тушунтирилади. Марказий Осиё эса Россиянинг нозик жойи, Ахиллес товони сифатида ифодаланади. Дугиннинг фикрича, Россия империяси Ғарбдан – Европадан келган душманга бардош берган ва енгган (Наполеон, Ҳитлер ва бошқалар). Лекин Шарқдан – Марказий Осиё тарафдан келган хавф Россияни мағлуб қила олган (мўғуллар, туркийлар ва бошқалар). Шу боис Россия бу ҳудуд устидан доимий назорат ўрнатиши шарт ва бу унинг учун ҳаёт-мамот масаласи бўлиши лозим.
Шу нуқтаи назардан олиб қараганда, “жанубий заифлик” ёки “Россиянинг қорни” ғояси фақат стратегик эмас, балки деярли метафизик маъно касб этади.
Россия – қуруқлик цивилизацияси
Дугиннинг асосий ғояси классик геосиёсий дуализмга – “қуруқлик” ва “денгиз” зиддиятига таянади. Дугинга кўра, “қуруқлик” – барқарорлик, анъана, иерархияни англатади. “Денгиз” – ҳаракатчанлик, либерализм, беқарорликни.
Дугиннинг фикрича, Россия – қуруқлик цивилизациясининг маркази, Евроосиёнинг юрагидир. Аммо агар Ғарб ташқи идеологик рақиб бўлса, география анча мураккаб таҳдид манзарасини яратади.
Дугин ўз концепциясини тарихий мисоллар билан асослайди. Масалан, Ғарбдан келган ҳужумлар (Наполеон, Ҳитлер) доим қайтарилган. Шарқдан келган таҳдидлар эса давлатни пароканда қилган, аммо батамом йўқ эта олмаган. Дугиннинг фикрича, бу вазият Россиянинг ўзига хос заифлигини кўрсатади: мамлакат ҳужумни енгиши мумкин, лекин жанубий йўналиш унинг ички тузилишини ўзгартириши мумкин.
“Россия қорни”: география – заифлик манбаими?
Дугин “қорин” деганда аниқ чегарани эмас, балки бутун бир ҳудудни – Марказий Осиёдан Евроосиё ичига кириб келувчи даштлар камарини назарда тутади.
Нега айнан шу йўналиш? Бунинг бир қанча изоҳлари мавжуд.
- Табиий тўсиқлар йўқлиги: Ғарбда дарёлар ва ўрмонлар бўлса, жануб – очиқ дашт.
- Тарихий очиқлик: кўчманчи империялар айнан шу ердан келган.
- Цивилизацион фарқ: Жануб бошқа маданий ва диний дунё билан боғланади.
Натижада жанубий йўналиш географик эмас, балки рамзий маъно касб этади – бу ўзига хос “ноаниқлик ҳудуди”дир.
Марказий Осиё: таҳдидми ёки таянч?
Дугин тасаввурида дашт – тартибсизлик макони. Кўчманчилар доим ҳаракатда, чегараларга боғлиқ эмас, уларнинг кейинги ҳаракатларини олдиндан айтиб бўлмайди
Бу образ архетипга айланади. Таҳдид ҳарбий эмас, балки экзистенциал тус олади. Жануб – бу бошқа дунё мантиғига хос тушунчадир.
Қизиғи шундаки, Александр Дугин Марказий Осиёни мутлақ душман сифатида кўрмайди.
Унинг назариясида икки йўл бор. Буфер ҳудуд – агар интеграция бўлса. Беқарорлик манбаи – агар таъсир камайса! Демак, бу ердаги “қўрқув” давлатлардан эмас, балки макон устидан назоратни йўқотишдан келиб чиқади.
Замонавий давр: таҳдиднинг ўзгариши
XXI асрда жанубий йўналиш янги мазмунга эга. Бу Хитой таъсирининг ўсиши, ислом дини омили, энергетик трансфер йўллари ва демографик ўзгаришлар билан боғлиқ.
Бу ҳолат Дугин учун бир хил хулосага олиб келади: жануб – ҳали ҳам ҳал қилувчи макон.
Дугин назариясида энг муҳим жиҳат – таҳдиднинг муқаррарлигидир. Зеро, Россия ёпиқ бўла олмайди, изоляцияда яшай олмайди ва периферияни (атрофдаги субъектларни) инкор эта олмайди. Россиянинг кучи – кенгайишда, аммо айнан шу нарса уни заифлаштириши ҳам мумкин.
Демак, парадокс юзага келади: макон қанча катта бўлса, чегаралар шунча узун бўлади, чегаралар қанча узун бўлса, Россиянинг нозик ва ҳимоясиз тарафи – “қорин” ҳам шунча катта бўлади.
Танқид: фан ва миф чегараси
Мазкур назария жиддий саволларни ҳам туғдиради. Бу аввало географик детерминизм билан боғлиқ. Бу назарияда иқтисодиёт, технология ва сиёсатнинг роли камайтириб кўрсатилади.
Шунингдек, тарихий соддалаштириш ҳам кўзга ташланади. Мўғуллар босқини бир томонлама талқин қилинади.
Дугин мифологиясида “Дашт” реалликдан кўра рамзга айлантирилади. Қолаверса, регион субъектлигини инкор қилиш ҳам тўғри эмас. Марказий Осиёга мустақил актор сифатида қаралмаслиги ҳам Дугиннинг замонавий жараёнлардан ва охирги ўзгаришлардан хабарсиз қолаётганидан дарак беради.
Қўрқув – фикрлаш шакли сифатида
Александр Дугиннинг “жанубий қорин” ҳақидаги қарашлари геосиёсий таҳлилдан кўра кенгроқ маънога эга. Жануб – бу ерда очиқлик, ноаниқлик ва хавф рамзидир.
Лекин бу заифлик ҳақиқийми ёхуд тарихий хотира ва фалсафий қўрқув маҳсулими, ноаниқ қолади. Эҳтимол, жавоб хариталарда эмас, балки Россия ўзини қандай кўришидадир. Россия ўзини иҳоталанган қалъа сифатида кўрмоқчими ёки мулоқот макони сифатидами? Бу диёр истиқболи ҳозир шу саволга боғлиқ бўлиб турибди.
Абулфайз Сайидасқаров
