platina.uz
Мақола

Психология – инсон ҳақидаги абадий баҳс

Биз ўтмиш таъсиридамизми ёки келажакни қуряпмизми? Бизда инстинктлар устунми ёки мақсадлар? Инсон индивидуал мавжудотми ёки ижтимоий? Бу каби саволларга жавоб топишда беихтиёр Фрейд ва Адлер мактабларига мурожаат қилишга мажбур бўламиз.

Психология – инсон ҳақидаги абадий баҳс
Фотоколлаж: Platina.uz

Ҳозир ҳаётда, ҳеч бўлмаса, кинофилмларда одамларнинг психоаналитик ёки психолог қабулига қатнашиши ва унга ўз дардларини тўкиб, маслаҳат сўрашига гувоҳ бўламиз. Айниқса, вақт ва меҳр етишмайдиган замонавий дунёда психологга эҳтиёжи борлар биз ўйлагандан ҳам кўпроқ.

Руҳий саломатлигидан хавотир олаётган инсонлар психолог ҳузурига фақат тасалли излаб келмайди. Психолог бемордаги руҳий бузилишларни таҳлил қилади, муаммоларни аниқлайди, уларни ва хасталикни бартараф этиш чораларини кўради.

Бундай даволаш услублари аввалида йўналиш – индвидуал психология ва психонализ шаклида тарқалган эди.

Австриялик машҳур психолог ва психиатр Алфред Адлер (1870-1937) индвидуал психология мактабининг намояндаси бўлса, яна бир астриялик психолог ва психиатр Зигмунд Фрейд (1856-1939) психонализ мактабига асос солган. Лекин негадир кейинчалик психоанализ усутвор аҳамият касб этиб, бошқа йўналишларни сиқиб чиқарди.

Тўғри, психология тарихи кўплаб илмий қарама-қаршиликларга гувоҳ бўлган. Аммо Зигмунд Фрейд ва Алфред Адлер психология мактаблари ўртасидаги ихтилоф – шунчаки оддий илмий баҳс бўлмаган. У – инсон табиати ҳақидаги икки мутлақо фарқли қарашнинг тўқнашуви бўлиб, биологик ва ижтимоий, детерминация ва мақсадга йўналгани билан ажралиб туради.

Нега бу баҳс орқали юз йилдан ортиқ вақт ўтган бўлса-да, ҳали ҳам долзарблигини сақлаб келмоқда? Буни тушуниш учун ҳар икки мактабнинг илмий асосларига мурожаат қилиш лозим.

Тарих: иттифоқдан – ажралишгача

Алфред Адлер эндигина шифокорлик амалиёти билан шуғулланиб қолганида ўша пайтда зиддиятли машғурликка эга, ҳатто қораланиб келаётган Зигмунд Фрейднинг илмий назарияларини чуқурроқ ўргана бошлайди.

Маълумот учун, Фрейднинг инсон табиати ҳақидаги қарашлари ўз даври учун новаторлик эди. Фрейднинг ҳаёти давомида унинг ишлари илмий жамоатчиликда доимо катта резонанс ва танқидларга сабаб бўлиб келди. Олим назарияларига қизиқиш бугунги кунгача сўнгани йўқ.

Фрейднинг энг муҳим ютуқлари – психиканинг уч қисмдан иборат тузилмавий модели(“У”, “Мен” ва “Супер-Мен”)ни ишлаб чиқиши, шахс психосексуал ривожланишининг муайян босқичларини ажратиб кўрсатиши, Эдип комплекси назариясини яратиши, психикада амал қилувчи ҳимоя механизмларини кашф этиши, “онгсизлик” тушунчасини психологик жиҳатдан асослаши, кўчиш (трансфер) ҳодисасини очиши, шунингдек, эркин ассоциациялар усули ва тушларни талқин қилиш каби терапевтик методларни ишлаб чиқишида кўринган эди.

Шу билан бирга, Фрейд ғоялари ва шахсиятининг психологияга таъсири шубҳасиз бўлса-да, кўплаб тадқиқотчилар унинг ишларини интеллектуал шарлатанлик деб ҳисоблайди. Фрейд назариясининг деярли ҳар бир асосий постулати таниқли олим ва мутафаккирлар – Карл Ясперс, Эрих Фромм, Алберт Эллис, Карл Краус ва бошқалар томонидан танқид қилинган. Фрейд назариясининг эмпирик асослари Фредерик Крюс ва Адолф Грюнбаум томонидан “ноадекват” деб баҳоланган, психоанализ Питер Медавар томонидан “фирибгарлик” деб аталган, Карл Поппер эса Фрейд назариясини ноилмий деб ҳисоблаган.

Фрейд: инсон – ички зиддиятлар майдони

Фрейд назарияси бир неча асосий тушунчаларга таянади. Фрейд психикани “У” (Id) – онгсиз инстинктлар, “Мен” (Ego) – рационал назорат, “Супер-Мен” (Superego) – ахлоқий меъёрлардан ташкил топган, дея таълим берган.

Фрейднинг асосий ғояларига кўра, психик жараёнларнинг катта қисми – ғайриихтиёрий онгдан иборат. Хулқ-атвор бостирилган истаклар билан белгиланади. Болалик (айниқса 5 ёшгача бўлган давр) ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади.

Фрейд киритган айрим тушунчалар замонавий фан томонидан қисман тасдиқланган. Психологик ҳимоя механизмлари ҳамда эрта тажрибанинг аҳамияти шулар жумласидандир. Замонавий нейропсихология ҳам инсоннинг кўп қарорлари онгсиз даражада қабул қилинишини тасдиқлайди, лекин Фрейд таърифлаган шаклда эмас.

Адлер: инсон – ижтимоий мавжудот

1901 йилда истиқболли ёш шифокор Алфред Адлер матбуотда Фрейднинг “Тушларни таъбир қилиш” номли янги китобини фаол ҳимоя қилди. Гарчи Зигмунд Фрейд аввал Адлер билан таниш бўлмаса-да, у Адлернинг ўз асарини шижоат билан ҳимоя қилганидан чуқур таъсирланди ва унга миннатдорлик мактуби юбориб, янги ташкил этилган психоанализ муҳокама гуруҳига қўшилишни таклиф қилди.

Амалиётчи шифокор сифатида Алфред Адлер 1902 йилда Фрейд тўгарагига қўшилди. Бироқ у ҳеч қачон болаликдаги жинсийлик инсон психикаси ривожида универсал аҳамиятга эга, деган фрейдистик ғоя тарафдори бўлмаган.

Шу тариқа Алфред Адлер XX аср бошларида Фрейд атрофида шаклланган машҳур “Вена психоаналитик жамияти” аъзоси бўлди. Бироқ 1911 йилга келиб, уларнинг йўллари айро тушди.

Бу ажралишнинг сабаблари шахсий эмас, балки назарий эди. Чунки Фрейд либидо ва онгсиз инстинктлар устуворлигини таъкидлар эди. Адлер “жинсий редукционизм”ни рад этди. У ижтимоий омиллар муҳимроқ деб ҳисоблади

Психология тарихи нуқтаи назаридан, бу психоанализ ичидаги биринчи катта бўлиниш сифатида янги мактабларнинг пайдо бўлишига олиб келди

Фрейддан фарқли равишда Адлер мутлақо бошқа ёндашувни таклиф қилди.

Адлер таълимотининг асосий тушунчаларига кўра, нотўлиқлик ҳисси (inferiority) – инсонга хос универсал ҳолат ҳисобланади.

Устунликка интилиш – ривожланишнинг асосий ҳаракатлантирувчисидир. Ижтимоий қизиқиш – руҳий соғломлик мезонини белгилайди.

Адлернинг фикрича, инсон ўтмишнинг қули эмас, у келажак ва мақсадларга йўналган.

Замонавий тадқиқотлар буни қисман тасдиқлайди. Масалан, компенсация назарияси психологияда кенг қўлланилади. Ижтимоий муҳит шахс шаклланишида ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Энг асосийси, Адлер ғоялари гуманистик психологияга асос бўлган.

Асосий ихтилоф: биологиями ёки жамият?

Фрейд ва Адлер қарашлари учта асосий саволда тўқнашади: хулқ-атворни нима белгилайди? Фрейдга кўра, инстинктлар инсон хулқ-атворини белгилайди. Адлер эса ижтимоий муҳит ва мақсадларни кўрсатади. Замонавий илм-фанга кўра, хулқ-атвор – бу био-психо-ижтимоий омиллар натижаси ҳисобланади.

Нима муҳим – ўтмишми ёки келажак?

Фрейд инсондаги руҳий бузилишлар ёки муаммоларни асосан болалик давридаги воқеалар ва таъсир қилувчи омиллар билан белгилайди. Масалан, ёшликда меҳр кўрмаслик, болалик травмалари (зўравонлик ва бошқалар) шулар жумласидандир. Фрейд психоаналази даврида асосан пациентнинг ўтмиши билан қизиқади. Бугунги муаммоларнинг илдизини ўтмишдан қидиради. Бу пациент учун жуда қулай. Яъни, Фрейд назариясига кўра, педофил ёки серияли қотил ўзининг бундай ҳолга келиб қолишида ота-онасинниг тарбияси ва тарофдагиларнинг таъсирини айблайди.

Адлер эса ўтмишга эмас, бугунги вазият – мақсад ва маъно билан тушунтиради. Яъни айб ёки муаммо бошқаларда эмас, айнан сизда, сизнинг мақсад ва ҳаракатларингизда яшириндир.

Замонавий тадқиқотларга ўкра, бу йўналишларнинг ҳар иккиси ҳам муҳим. Улар бир-бирини ўзаро тўлдиради. Шу боис улардан фақат биттасига таяниб қолиш мақсадга мувофиқ бўлмайди.

Инсон эркинми, денган саволга Фрейд “чекланган даражада” дея жавоб беради. Адлер эса “инсон – ўз ҳаётининг муаллифи” дея изоҳ беради. Замонавий қарашларга кўра эса эркинлик инсонда чекланган, аммо реал эркинлик ҳам мавжуд

Психотерапия: ёндашувлар фарқи

Фрейд психоанализи узоқ муддатга чўзилади. Пациент ҳафталаб ёки ойлаб психологга қатнайди. Айримларнинг фикрича, Фрейд пациентдан кўпроқ пул ундириш ва қарам қилиб қўйиш мақсадида шундай услубни танлаган эмишки, буни тасдиқлашнинг иложи йўқ.

Фрейд психонализининг методлари – эркин ассоциациялар, тушлар таҳлилидан иборат. Мақсад эса асосан онгдан ташқари вазиятни баҳолашга қаратилади.

Адлер терапияси булардан фарқ қилади. Адлер амалиёти қисқа муддатлироқ, мақсадга йўналган ва ижтимоий мослашувга қаратилган.

Илмий жиҳатдан олиб қараганда, Фрейдга хос узоқ муддатли психодинамик терапия самарали бўлиши мумкин. Аммо Адлерга хос когнитив-хулқ-атвор терапияси (КХТ) тезроқ натижа бериши билан ажралиб туради. Бироқ ягона универсал усул мавжуд эмас.

Танқид ва илмий баҳолаш

Фрейд таълимоти ундаги илмий жиҳатдан текшириб бўлмас гипотезалари учун танқид қилинади. Унинг кўп ғоялари ноилмий, деб баҳоланади. Аммо олимлар ва аҳоли орасида таъсири жуда катта.

Адлер назариялари эса замонавий фанга яқинроқ, ижтимоий психология билан уйғун. Лекин Адлер таълимоти ҳам чекланган бўлиб, истиснолардан холи эмас.

Замонавий психологияга таъсир

Ҳар икки мактаб бугун яшаб келмоқда. Фрейддан – ғайриихтиёрий онг тушунчаси, психологик ҳимоя механизмлари, инсоннинг бугунги хулқ-атворида болалик даврининг аҳамияти қимматли мерос сифатида қолди.

Адлердан эса ўзини баҳолаш, ижтимоий муҳитнинг аҳамияти ва мақсадга йўналганлик илм-фан хизматига ўтди. Шу боис, “замонавий психология – бу икки мактаб уйғунлашган нуқта” деб айта олсак бўлади.

Ким ҳақ эди?

Жавоб оддий эмас. Фрейд – инсон тўлиқ рационал эмаслигини кўрсатди. Адлер – инсон ижтимоий ва мақсадли эканини исботлади. Замонавий хулоса эса шундай – инсон биология, психика ва жамият уйғунлигидан иборат тушунчадир.

Хулоса: тугалланмаган баҳс

Фрейд ва Адлер баҳси ўтмишда қолган эмас. У ҳар бир инсонда давом этади.

Биз ўтмиш таъсиридамизми ёки келажакни қуряпмизми? Бизда инстинктлар устунми ёки мақсадлар? Инсон индивидуал мавжудотми ёки ижтимоий? Бу каби саволларга жавоб топишда беихтиёр Фрейд ва Адлер мактабларига мурожаат қилишга мажбур бўламиз.

Фан берган жавоб эса мураккаб: инсон – зиддиятли мавжудотдир.

Шунинг учун ҳам на Фрейд, на Адлер мағлуб бўлди. Улар фақат инсон табиатининг турли томонларини ёритиб беришди холос.

Аммо ҳозирда Фрейдга хос психоанализ кенг тарқалган. Пациентлар шу усулда даволанишни афзал кўришади. Чунки инсон айбни ўзидан эмас, ташқаридан қидиришга мойил. Фрейд эса айни шу эҳтиёжни қондиради: агар ёшлигингда сенга тўғри ва соғлом муносабатда бўлишганида, сен ҳам ҳозир тўғри ва руҳан соғлом бўлардинг”, дея уқдиради. Пациент учун бундан ширинроқ тасалли бўлмаса керак...

Абулфайз Сайидасқаров

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid