Самарқанд шаҳри учун 250 та электробус харид қилинади
Бунинг учун Европа тикланиш ва тараққиёт банкидан 120 миллион доллар маблағ жалб қилиш режалаштирилган. Натижада ёқилғи сарфи 32 минг литр, зарарли газлар миқдори 27 тоннага камаяди.

Президент Шавкат Мирзиёев Самарқанд шаҳрида жамоат транспорти учун олиб келинган замонавий электробуслар ва қувватлаш станцияси фаолияти билан танишди.
Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 17 февралда қабул қилинган “Жамоат транспорти тизимини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида ҳудудларда ҳам автотранспорт хизматлари яхшиланиб, жамоат транспорти йўналишлари кенгайтирилмоқда.
Бунда автобус паркларини замонавий талаблар асосида модернизация қилиш, йўналишлар бўйлаб экологик тоза автотранспорт қатновини ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Айни мақсадларда Самарқанд шаҳрига биринчи босқичда 49 миллион доллар ҳисобига 100 та замонавий электробус олиб келинди. Мазкур “Yutong” русумли электробуслар 30 ўринли бўлиб, умумий сиғими 75 нафар йўловчидан иборат.
Янги автобуслар учун 4 гектарга яқин майдонда автосарой ташкил этилган. Бу ердаги электробусларни қувватлаш станциясида бир вақтнинг ўзида 50 та жамоат транспортига хизмат кўрсатиш имконияти яратилди.
Электробуслар учун барпо этилган ёпиқ тураргоҳда техник хизмат кўрсатиш учун мобил таъмирлаш техникаси ҳам мавжуд. Электробуслар шаҳарнинг 9 та йўналишида брутто-шартнома асосида ҳаракатланиб, кунига 70 мингга яқин йўловчига хизмат кўрсатмоқда.

Лойиҳанинг иккинчи босқичида эса яна 250 та электробус харид қилиш назарда тутилган. Бунинг учун Европа тикланиш ва тараққиёт банкидан 120 миллион доллар маблағ жалб қилиш режалаштирилган. Натижада ёқилғи сарфи 32 минг литр, зарарли газлар миқдори 27 тоннага камаяди.
Бугунги кунда автосаройда 265 нафар ходим меҳнат қилмоқда. Янги электробусларнинг олиб келиниши жараёнида эса яна 500 дан зиёд иш ўринлари яратилади.
Президентимиз янги автобусларни кўздан кечирди.
– Мазкур соҳанинг иқтисодий барқарорлигини ошириш учун электробусларга хизмат кўрсатадиган, уларни таъмирлайдиган мутахассисларни тайёрлаш бўйича Самарқанд тажрибасини яратишимиз керак, – деди давлатимиз раҳбари.
Шу ернинг ўзида Самарқанд шаҳрида жамоат транспортини ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишлар, жумладан, автобуслар ҳаракатини бошқариш жараёнларини рақамлаштириш юзасидан тақдимот ўтказилди.
Президент ташриф асносида мазкур ҳудудга ёндош бўлган Гагарин ва Рудакий кўчалари кесишмасида барпо этилган йўл ўтказгични ҳам кўздан кечирди.
Узунлиги 600 метрни ташкил этган туннель 12 миллион доллар ҳисобига барпо этилган, бир кунда ўртача 50 мингта транспорт воситасини ўтказиши мумкин.
Кўча бўйларига электрон шаклда бошқариладиган тунги ёритиш тизими, ер ости пиёдалар йўлаги барпо этилган.
Туннель Хитой ва Туркия қурилиш компаниялари билан ҳамкорликда барпо этилди. Деворлари замонавий қурилиш технологиясидан фойдаланган ҳолда бурғилаш усули орқали тиргак деворлари барпо этилган.
Мазкур қурилиш транспорт воситалари ҳаракати тўхтатилмаган ҳолда олиб борилди. Ҳудуд кўкаламзорлаштирилиб, манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилди.
