Арабий Лоуренс – Усмонлиларни қулатган жосус
Британияликлар яҳудийларнинг Фаластин ҳудудига оммавий кўчиб келиб, жойлашиб олишларига ва кейинчалик, Иккинчи жаҳон урушидан сўнг Исроил давлати пайдо бўлишига шароит ва имконият яратиб берди.

Яқинда Туркия миллий разведка ташкилоти (MİT) 1929 йилда ички ишлар ва ташқи ишлар вазирликларига юборилган машҳур британия разведкаси ходими Томас Эдвард Лоуренснинг жосуслик фаолияти ҳақидаги ҳисоботни эълон қилди.
Махфийликдан чиқарилган ушбу ҳужжатда “Арабий Лоуренс” турли қиёфаларга кириб – гоҳ мусулмон олими, гоҳ яҳудий раввини сифатида – Миср, Сурия ва Ироқ чегараларини кесиб ўтгани батафсил баён этилган. Лоуренс бу сафарларини Усмонлилар империяси ҳукмронлиги остида бўлган ҳудудларда кескинликни кучайтиришга қаратилган махфий миссияларни бажариш учун амалга оширган. Лоуренс минтақада тарғибот ишларини олиб бориб, турли жамоаларни гиж-гижлаб, зиддият ва тўқнашувлар қўзғатган.
Бу ҳаракатлар ортида кенг кўламли геосиёсий ҳисоб-китоб турган эди. Буюк Британия махсус хизматлари Миср ва Фаластин ҳудудларида беқарорлик яратишга интилган. Бу орқали улар минтақада ўз иштирокини “қонунийлаштириш” ва мустамлакавий ҳукмронлигини сақлаб қолишни мақсад қилгани айтилади.
Арабий Лоуренс: жосус, инқилобчи ёки янги Яқин Шарқ меъмори?
XX аср бошидаги Яқин Шарқ тарихи империялар қулаши ва янги давлатлар пайдо бўлишининг драматик жараёнидан иборат бўлди. Бу жараёнда муҳим рол ўйнаган шахслардан бири – Буюк Британия разведкасининг зобити Томас Эдвард Лоуренс, яъни “Арабий Лоуренс” бўлган.
Лоруренснинг номи Арабистон саҳролари романтикаси, сиёсий интрига ва тарихий баҳслар билан боғлиқ. Аммо афсоналар ортида реал тарихий шахс ва унинг катта сиёсий таъсири ётади.
Қулаётган империя
Усмонлилар империяси Биринчи жаҳон уруши (1914-1918) бошланиши арафасида жиддий инқирозга юз тутган эди. Арабистон ҳудудларида мустақиллик ғоялари кучайиб, марказий ҳокимиятга ишонч сусайган пайтлар эди. Катта ва кўп миллатли давлат аста-секин ўз чекка ҳудудлари устидан назоратни йўқотиб борарди. Болқон ҳудудлари қўлдан кетган, араб вилоятларида мустақилликка интилиш кучайган, марказий ҳокимият эса узоқ ҳудудларни бошқаришда қийинчиликларга дуч келган эди.
Яқин Шарқ Буюк Британия учун стратегик жиҳатдан жуда муҳим эди. Бунинг бир нечта сабаблари бор эди.
Аввало, Ҳиндистонга олиб борадиган йўлларни ҳимоя қилиш лозим эди. Шунингдек, Сувайш канали устидан назорат ўрнатиш муҳим вазифа сифатида қўйилди. Форс кўрфази нефтининг аҳамияти ошиб бораётганини ҳам инобатга олиш керак бўлган.
Шундай шароитда Германиянинг иттифоқчиси бўлган Усмонлилар империясини заифлаштириш Буюк Британия учун ҳаёт-мамот вазифаси эди.
Араб ҳудудларида Усмонлилар ҳокимиятига нисбатан норозилик ҳам кучайиб бораётган эди. Мустафо Камол каби ғарбпараст шахслардан ташкил топган “Ёш турклар” ҳукумати марказлашган сиёсат олиб бориб, маҳаллий автономияларни чеклагани араб миллий ҳаракатларининг шаклланишига туртки бўлди.
Шу омиллар натижасида 1916 йилги Араб қўзғолони юзага келди. Бу қўзғолон Макка шарифи Ҳусайн ибн Али ал Ҳошимий раҳбарлигида бошланган эди.
Бу вазиятдан Буюк Британия ҳукумати унумли фойдаланишга ҳаракат қилди. У арабларнинг Усмонийлар империясига қарши исён ва қўзғолонларини қўллаб-қувватлаб, усмонлиларни ичкаридан заифлаштиришни мақсад қилди.
Икки дунё орасидаги инсон
Томас Эдвард Лоуренс (1888-1935) – “Арабий Лоуренс” номи билан машҳур бўлган Буюк Британия разведкаси зобити, археолог ва шарқшунос эди. У урушдан олдин Яқин Шарқда археологик тадқиқотлар олиб борган, араб тилини яхши билган ва минтақанинг ижтимоий муносабатларини яхши тушунган.
Уруш бошланганидан кейин у Қоҳирадаги Британия разведка маркази – Араб бюросида ишлай бошлади. Унинг вазифаси араб вилоятларидаги сиёсий вазиятни таҳлил қилиш ва араб етакчилари билан алоқа ўрнатишдан иборат эди.
1916 йилда у Ҳижозга юборилди ва у ерда Макка шарифининг ўғли – Файсал I билан танишди. Лоуренс Файсални араб қўзғолонининг энг муносиб раҳбари деб ҳисоблаган.
Тил ва маданиятни яхши билиши туфайли Лоуренс араб либосларини кийиб юрар, қабила кенгашларида иштирок этар ва араб кучлари билан британ қўмондонлиги ўртасида воситачига айланди.
1916 йилда у Файсал I билан иттифоқ тузди. Бу иттифоқ 1916 йилги Араб қўзғолони муваффақиятида муҳим рол ўйнади.
Лоуренснинг асосий хизмати ҳарбий қўмондонлик эмас, балки стратегия ва мувофиқлаштириш эди. У араб қўшинлари мунтазам армия билан очиқ жангда ғалаба қозона олмаслигини яхши англаган. Шу боис Лоуруенс араб исёнчиларига Усмонийлар армиясига қарши партизан уруши стратегиясини таклиф қилди.
Бу стратегия катта жанглардан қочиш, таъминот ва коммуникацияларга ҳужум қилиш, кўчманчи бадавий жангари отрядларидан фойдаланиш, рақибга қисқа муддатли тезкор зарбалар бериб, кейин дарров саҳрога чекиниб, беркиниб олишни назарда тутган. Таъкидлаш керак, бу усул туркларнинг мунтазам армияга қарши курашда жуда самарали бўлиб чиқди.
Темир йўлга қарши уруш
Усмонли ҳарбий тизимининг асосий артерияларидан бири Ҳижоз темир йўли эди. Бу темир йўл Дамашқни Мадина билан боғлаб, Усмонли гарнизонларини таъминлаш учун муҳим стратегик йўл ҳисобланган.
Шунинг учун партизан урушидаги асосий нишонлардан бири – Ҳижоз темир йўли бўлди. Лоуренс тузиб берган тактика ва стратегияга мувофиқ, араб қўзғолончилари мунтазам равишда кўприкларни портлатишди, поездларга ҳужум қилишди, темир йўлларни бузишди. Бу ҳаракатлар Усмонли қўшинларини озиқ-овқат, қурол-яроғ ва ўқ-дори билан таъминлаш тизимини жиддий издан чиқарди.
Акаба – бурилиш нуқтаси
1917 йилда араб қўшинлари саҳро орқали кутилмаган юриш қилиб Акаба шаҳрини эгаллади. Бу воқеа қўзғолоннинг бурилиш нуқтасига айланди. Акаба бандаргоҳи орқали Британиядан ёрдам олиш имкони пайдо бўлди.
Акабани эгаллаш Қизил денгизда порт очди, араб қўшинларини таъминлашни енгиллаштирди, қўзғолоннинг руҳий-мафкуравий қудратини ошириб, араб исёнчиларини руҳлантириб юборди. Шундан кейин араб кучлари шимолга ҳаракат қила бошлади.
Янги Яқин Шарқ
Лоуренс араб қўшинлари ва британ армияси ўртасидаги асосий воситачилардан бири бўлди. Британия генерали Эдмунд Алленби қўшинлари Фаластин ва Сурия томон олға силжиётган пайтда араб отрядлари душман коммуникацияларига ҳужум қилиб туришди.
1918 йилдаги ҳал қилувчи жанглардан бири – Мегиддо жанги – Усмонли қўшинларининг мағлубиятига олиб келди. Натижада Яқин Шарқ минтақаси харитасида янги давлатлар – Ироқ, Иордания ва Сурия пайдо бўлди.
Зеро, уруш давомида Британия арабларга мустақиллик ваъда қилган эди. Аммо шу билан бир вақтда Франция билан махфий келишув – Сайкс – Пико келишуви тузилган.
Урушдан кейин Яқин Шарқ ерлари шу икки буюк давлат ўртасида тақсимланди. Ироқ ва Иордания – Британия назоратига, Сурия эса Франция назоратига ўтди. Шу сабабли араб қўзғолони тўлиқ мустақилликка эмас, балки янги геосиёсий тартибга олиб келди. Бу давлатлар тўлиқ мустақил бўлмади – улар тез орада Европа давлатларининг сиёсий таъсири остида қолди.
Айниқса, Фаластин араблари учун бу ўзгаришлар катта йўқотишларга олиб келди. Бир пайтлар фаластин аҳолиси инглизлар қутқусига учиб, улар берган қурол билан усмонлиларга қарши чиқишган эди. Бироқ усмонлилардан фарқли ўлароқ, британияликлар яҳудийларнинг Фаластин ҳудудига оммавий кўчиб келиб, жойлашиб олишларига ва кейинчалик, Иккинчи жаҳон урушидан кейин Исроил давлати пайдо бўлишига шароит ва имконият яратиб берди.
Қайд этиш жоиз, Арабий Лоуренс урушдан кейин ўзида руҳий-маънавий зиддиятни ҳис қилди. У арабларга берилган мустақиллик ваъдаларини бажариш керак деб ҳисоблаган.
1919 йилдаги Париж тинчлик конференциясида у Файсалнинг мустақил араб давлати ҳақидаги талабларини қўллаб-қувватлади. Аммо буюк давлатлар сиёсий қарорларини ўзгартиришга муваффақ бўлмади.
Мураккаб мерос
Бугун Томас Эдвард Лоуренс шахсиятига турлича баҳо берилади. Баъзилар уни араб озодлик ҳаракатининг қаҳрамони деб билади. Бошқалар эса уни Британия геосиёсий манфаатларининг воситаси деб ҳисоблайди.
Бироқ бир ҳақиқат аниқ: Лоуренс ва араб қўзғолони ҳаракатлари Усмонлилар империясининг заифлашувига ва Яқин Шарқ харитасининг тубдан ўзгаришига катта таъсир кўрсатган.
Абулфайз Сайидасқаров
