platina.uz
Мақола

Педофилия учун шафқатсиз жазолар керак, лекин...

Ишончли суд тизими ва адолат тамойилларини ҳам ўйлаш керак. Акс ҳолда кимлардир туҳмат билан умрбодга қамалиб кетиши эҳтимолдан холи эмас.

Педофилия учун шафқатсиз жазолар керак, лекин...
Фотоколлаж: Platina.uz

Кўпинча қонунларнинг такомиллашуви мавжуд вазият ва ҳал қилишини кутаётган муаммоларга жавобан юз беради. Юртимизда ҳам вояга етмаганларга нисбатан оғир жинсий жиноятлар учун умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазосини жорий этиш масаласи кенг муҳокама қилинмоқда. Чунки бунга туртки бўладиган омиллар кўпаймоқда.

Вазият оғир, қонунчилик “юмшоқ”

2024 йилда оилавий меҳрибонлик уйининг 18 ёшга тўлмаган, етим ҳамда ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган тарбияланувчилари билан бир йил давомида ўзига бириктирилган хизмат уйида жинсий зўрлаб келган Хоразм вилоят адлия бошқармаси собиқ бошлиғи Ойбек Машарипов ва ФВВнинг туман бўлими собиқ бошлиғи Анвар Курязовга ҳамда етимхонани фоҳишахонага айлантирган директорга енгил жазо берилди, деган гумонлар ортидан педофилларга жазони оғирлаштириш масаласи янада долзарблашди.

2025 йилда Наманган вилояти Янгиқўрғон туманида 7 ёшли қизга нисбатан 38 ёшли қариндоши томонидан содир этилган жиноятдан сўнг бу масала яна жамоатчилик муҳокамалари марказига қайтди. Мазкур воқеа жиноятни юмшатилган ёки анъанавий тарзда жазолаш орқали ҳал қилишнинг самарасизлигини очиқ кўрсатди.

Олий Мажлис депутати, “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси аъзоси Дилноза Азизова бундай ҳолатларни тизимли муаммо деб атаб, анъанавий юмшоқ жазолар, масалан, “ахлоқ тузатиш ишлари” бу турдаги жиноятларнинг олдини олмаслигини таъкидлади.

Азизованинг фикрига кўра, жазони қисқартириш ва жиноятчиларнинг эркин ҳаракатланиши давлатнинг болаларга нисбатан муносабатини акс эттиради. Шу боис депутат қонунчиликда қатъий чораларни мустаҳкамлаш зарурлигини, бундай жиноятчиларни кечириш мумкин эмаслигини, умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазосини қонун даражасида белгилаш кераклигини таъкидлади.

Амалий қадамлар

Вояга етмаган шахсларга нисбатан жинсий зўравонлик учун жазони оғирлаштириш таклифи “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини амалга ошириш давлат дастури лойиҳаси доирасида ҳам илгари сурилди ва болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш бўйича ёндашувни тубдан ўзгартиришни кўзда тутади.

Энди 14 ёшга тўлмаган болаларга нисбатан содир этилган оғир жинсий жиноятлар учун умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси жорий этилади. Бундай ишлар бўйича тергов ва айблов жараёни прокуратуранинг алоҳида назорати остига олинади.

Маълумотларга кўра, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги раҳбарининг биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева болаларга қарши жиноятлар учун масъулиятни кучайтириш масаласида қатъий позиция билдирди. Унинг таъкидланишича, жамиятда қонун оғир жиноятлар учун жазонинг шартлисиз қўлланилишини таъминлаши лозим.

Аввалги қонунчилик қандай эди?

Жиноят кодексига мувофиқ, болаларга нисбатан жинсий жиноятлар учун узоқ муддатли, аммо чекланган озодликдан маҳрум қилиш жазолари назарда тутилган эди. Умрбод қамоқ жазоси мажбурий санкция сифатида белгиланмаган. Қолаверса, суд жазо тайинлашда ҳолатнинг оғирлиги, такрорийлик ва бошқа омилларни инобатга олар эди.

Лекин сўнгги йилларда болалар порнографияси, мажбурий ҳаракатлар ва зўравонлик ҳолатлари бўйича жавобгарлик кучайтирилган бўлса-да, умрбод қамоқ масаласи илк бор тизимли тарзда кўтарилмоқда.

Зеро, мамлакатда нафақат жинсий зўравонлик, балки боллар порнографияси жиноятлари ҳам маънавий-ахлоқий муҳитга таҳдид солмоқда. Биргина 2013-2017 йилларда бундай ҳолатлар 3 бараварга кўпайган.

Масалан, яқинда ёпиқ Telegram-каналлар орқали болалар иштирокидаги порнографик видеоларни тарқатиб келган шахслар қўлга олинди. Улардан бири ана шундай материалларни 837 кишига сотиб, жами 29,2 млн сўм ноқонуний даромад топган.

Фарғона вилоятида 1997 йилда туғилган шахс Telegram-канал администратори сифатида порнографик видеоларни пул эвазига тарқатиб келган. У 2025 йил феврал ойидан буён тармоққа 925 та турли кўринишдаги болалар порнографик материалларини жойлаштирган.

Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси аниқлаган бошқа бир ҳолатда 442 та фойдаланувчига эга ёпиқ Telegram-каналда турли кўринишдаги 403 та болалар порнографик материалларини тарқатиб келган шахс қўлга олинган. Бундай жирканч контент учун мамлакатдаги вояга етмаган болалар ҳам “актёр” сифатида жалб этилмагани ёки мажбурланмаганига ҳеч ким кафолат бера олмайди.

Табиийки, болаларга нисбатан содир этилаётган бундай мудҳиш жиноятлар жамиятда катта норозилик уйғотмоқда. Ижтимоий тармоқларда ва оммавий ахборот воситаларида жазони кескин кучайтириш талаблари бот-бот янграмоқда. Шу боис, қонун ташаббускорлари фикрича, максимал жазо чораси потенциал жиноятчилар учун кучли тўсқинлик механизми бўлиб хизмат қилиши мумкин.

Халқаро амалиёт

Сир эмас, Ўзбекистон сўнгги йилларда болалар ҳуқуқларини муҳофаза қилишга қаратилган ислоҳотларни кучайтиряпти. Умрбод жазо таклифи шу сиёсатнинг давоми сифатида баҳоланмоқда. Бунда албатта халқаро амалиётга ҳам мурожаат қилинади.

Масалан, АҚШнинг айрим штатларда болаларга нисбатан оғир жинсий жиноятлар учун умрбод қамоқ, ҳатто шартли – муддатидан олдин озодликка чиқиш ҳуқуқисиз жазо қўлланилади. Серияли жиноятчиларга нисбатан жазо эса жуда қаттиқ.

Шунингдек, кўпчилик штатларда педофиллар жазони ўтаб қайтганидан кейин ҳам, махсус ҳисобда туради. Улар бирор жойга доимий яшаш учун кўчиб ўтса, полиция ўша ҳудуд аҳолисини шундай шахс уларга қўшни бўлгани ҳақида дарҳол огоҳлантиради.

Буюк Британияда айрим ҳолатларда суд умрбод қамоқ (шартли озодликка чиқиш ҳуқуқисиз) жазосини тайинлаши мумкин. Бироқ бу фақат энг оғир ва такрорий жиноятларга нисбатан қўлланади.

Европа Иттифоқи мамлакатларининг аксариятида бу каби жиноятлар учун максимал жазо 15-20 йилни ташкил этади. Баъзи давлатларда умрбод жазо мавжуд бўлса-да, амалда кам қўлланилади ва қайта кўриб чиқиш механизми бор.

Таиланд ва айрим Осиё давлатларида болаларга қарши жиноятлар учун узоқ муддатли ёки умрбод қамоқ жазоси назарда тутилган.

Шунингдек, айрим давлатларда педофилларни кимёвий кастрация – махсус моддани жиноят танасига киритиб, жинсий ноқобил ҳолга келтириш амалиёти ҳам қўллинилади. Мисол учун, Қозоғистонда ўтган йилнинг 17 октябридан бошлаб педофилия учун судланган шахсларга нисбатан кимёвий кастрация бўйича янги қоидалар кучга кирган.

Мазкур чора суд қарори билан қўлланилади. Энди колония ходимлари маҳкумнинг жазо муддати тугашига камида 12 ой қолганида, судга материалларни юбориши лозим бўлади, шундан сўнг судланувчига суд-психиатрия экспертизаси ўтказилади. Мутахассислар шахсда жинсий зўравонликка мойиллик бор ёки йўқлигини аниқлайди. Уларнинг хулосалари асосида мажбурий чора сифатида кимёвий кастрация тайинланиши мумкин.Процедура тўғридан-тўғри қамоқхонада ўтказилади. Маълумот учун, эркакдаги жинсий майл учун жавоб берувчи тестостерон гормонининг қондаги ҳажмини камайтирувчи бундай инъекция врачлар кузатувида мунтазам амалга ошириб турилиши лозим.

Қирғизистонда эса шу кунларда болалар ва аёлларга қарши оғир жиноятлар, жумладан педофилия ва зўравонлик билан қотиллик учун умрбод қамоқ жазосини жорий қилиш тўғрисида қонун лойиҳаси муҳокама қилинмоқда. Бу қонун лойиҳасини республика президенти Садир Жапаров маъмурияти жамоат муҳокамасига тақдим этган. Унга кўра, қонунда жазони юмшатиш ёки муддатини алмаштириш имконияти чиқариб ташланади. Шунингдек, жиноят содир этган шахснинг мулки мусодара қилиниши ҳам назарда тутилган.

Ўтган йил охирида Жапаров мактаб ўқувчисига нисбатан содир этилган зўравонлик ва қотиллик воқеасидан сўнг болалар ва аёлларга қарши оғир жиноятлар учун ўлим жазосини қайта жорий қилишни таклиф этган эди. Бироқ республика Конституциявий суди бу ташаббус Конституцияга зид эканини ва уни референдумга қўйиб бўлмаслигини қайд этди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда қонунларни либеризация қилиш доирасида ўлим жазоси қўлланилмайди – мораторий эълон қилинган.

Жазони оғирлаштириш қанчалик оқилона?

Жиноят ҳуқуқи мутахассисларнинг айтишича, агар жиноят ўта оғир, зўравон ва такрорий характерга эга бўлса, умрбод жазо жамиятни ҳимоя қилиш нуқтаи назаридан асосли бўлиши мумкин. Лекин қонун аниқ ва мувозанатли ишлаб чиқилиши шарт.

Суд амалиёти бўйича экспертлар эса барча ҳолатларни бир хил баҳоламаслик, судда индивидуал ёндашув сақланиши лозимлигини таъкидлашаяпти.

Депутатлар нуқтаи назарига кўра, юқорида айтилганидек, болаларга нисбатан зўравонликка нисбатан муросасиз сиёсат давлатнинг устувор вазифаси ҳисобланади.

Хулоса

Ўзбекистонда педофилия учун умрбод қамоқ жорий этиш ташаббуси жиноят сиёсатини кескин кучайтиришга қаратилган муҳим қадамдир. Бу болалар хавфсизлигини таъминлашга интилишнинг ифодаси ҳисобланади. Энг аҳамиятлиси – Ўзбекистон аҳолисининг деярли 60 фоизи ёшлар. Демак, бу каби жиноятлар мамлакат аҳолисининг ярмидан зиёдига таҳдид солади.

Шу билан бирга, бундай ўзгаришлар аниқ ҳуқуқий механизмлар, қатъий процессуал кафолатлар, суд мустақиллиги ва адолат тамойиллари асосида амалга оширилиши лозим. Тергов ва суд жараёнларида холислик ва адолат кафолатланмаса, бу каби жазолашдан турли қудратли шахслар ўз рақиблари ёки душманларини туҳмат орқали зарарсизлантириш воситасига айланиш хавфи ҳам мавжуд.

Абулфайз Сайидасқаров

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid