Эрта никоҳ қурганлар ҳақида хабар берганлар рағбатлантирилади
Президент имзолаган фармон билан никоҳланувчилар никоҳни қайд этиш учун белгиланган давлат божидан озод этилади.

2026 йил 1 сентябрдан бошлаб никоҳ ёши тўғрисидаги қонунчилик ёки никоҳ тузиш тартибини бузишга оид ҳуқуқбузарликлар учун ундирилган жарима суммасининг 15 фоизи бундай ҳолат ҳақида хабар берган шахсларни рағбатлантиришга йўналтирилади.
Шавкат Мирзиёев "Аёллар ва болалар ҳуқуқларининг ҳимоясини кучайтириш ҳамда уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича қўшимча ташкилий-ҳуқуқий чоралар тўғрисида"ги фармонни имзолади.
Унга кўра, никоҳ шартномаси тузилишини рағбатлантириш мақсадида:
- 2027 йилдан бошлаб ҳар иккала тараф камида 21 ёшга тўлганда биринчи маротаба никоҳ тузган ёш оилалар учун давлат томонидан қўшимча имтиёз ва бошқа шаклдаги қўллаб-қувватлаш чоралари тақдим этилади;
- ушбу оилалар Ижтимоий реестрга киритилган тақдирда, оилалар аъзоларига уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш, ривожлантириш, даромадларини ошириш ёки мураккаб вазиятдан чиқариш учун тақдим этиладиган молиявий кўмаклар (субсидия, ссуда, грантлар) қонунчилик ҳужжатларида белгиланган миқдорлардан 1,5 бараварга оширилган ҳолда берилади;
- никоҳ шартномасини тузган никоҳланувчиларни никоҳни қайд этиш учун белгиланган давлат божидан озод этиш тартиби қўлланади.
Вояга етмаган шахслар билан никоҳ тузишга даъват этганлик (қизиқтирганлик) ва уни тарғиб қилганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланади.
Шу пайтгача экологик, йўл ҳаракати каби қоидабузарликлар ҳақида хабар берганлар ҳам маълум фоиз билан рағбатлантирилади.
