platina.uz
Таҳлил

FETÖ ва Эрдўғон қарама-қаршилиги – сабаблар, воқеалар ва оқибатлар

Бу адоват 2013 йилдаги катта аксилкоррупцион операциядан сўнг кучайди. Унда вазирлар ва Эрдўғоннинг фарзанди қўлга олинган эди. Туркия ҳукумати бу ишда Гюлен ҳаракатига яқин одамларни айблади, бу муносабатларни янада кескинлаштирди.

FETÖ ва Эрдўғон қарама-қаршилиги – сабаблар, воқеалар ва оқибатлар
Фотоколлаж: Platina.uz

Ўтган йил декабр ойидан бошлаб Туркияда FETÖнинг “махфий тузилмаси” аъзоларини қўлга олиш бўйича амалиётлар бошланди ва ҳозиргача давом этмоқда.

Ўшанда Анқара бош прокуратураси FETÖнинг “махфий тузилмаси”га алоқадорлиги гумон қилинган 21 нафар шахсни қўлга олиш учун ордер берди. Текширув доирасида аниқланишича, улар ҳаракатнинг бошқа аъзолари билан алоқа ўрнатган ва “ташкилий ҳаракатлар” ҳақида хабар бериб турган. Уларнинг 9 нафари Туркия давлат органларининг ходими экани қайд этилган.

Бош полиция бошқармасининг Терроризмга қарши кураш бўлими томонидан 6 та вилоятда гумонланувчиларни қўлга олиш бўйича бир вақтда амалиётлар олиб борилди. Ўша пайтдаги Ички ишлар вазири Ерликая сўнгги икки ҳафтада мамлакатнинг 37 вилоятида 121 нафар гумонланувчи қўлга олингани ҳақида хабар берди.

Шунингдек, Истанбул шаҳрида ўтказилган махсус амалиёт давомида FETÖ етакчиси Фатҳуллоҳ Гюленнинг жияни Ёсир Гюлен қўлга олинди. У қуролли террорчилик ташкилоти аъзоси сифатида қидирувда эди. Амалиёт Туркия Миллий разведка хизмати (MİT) билан мувофиқлаштирилган ҳолда полиция томонидан ўтказилди ва гумонланувчи кейинчалик қўшимча процедуралар учун полиция бўлимига олиб кетилди.

Бундан ташқари, Туркияда FETÖнинг “талабалар тузилмаси” фош этилгани ҳақида ҳам хабар қилинди. Туркиянинг 5 та вилоятида 12 нафар гумонланувчи– Фракия университети талабалари ва битирувчилари қўлга олинди. Текширувлар давомида уларнинг манзилларидан рақамли материаллар олиб қўйилган.

Аввалроқ, ўтган йил ноябр ойида эса гумонланувчилар орасида ҳарбийлар ва давлат хизматчилари ҳам борлиги хабар қилинган эди. Анқара бош прокуратураси FETÖ билан алоқадорликда гумон қилинган 22 нафар шахсни қўлга олиш учун ордер берди. Улардан 8 нафари хизматдаги ҳарбийлар, 10 нафари нафақага чиққан ёки хизматдан бўшаган шахслар, 3 нафари давлат органлари ходимлари экани маълум қилинди. Прокуратура маълумотларига кўра, гумонланувчилар FETÖнинг “махфий хизмати” билан алоқадор бўлишган. Улар турли ҳудудлардаги стационар телефонлар орқали ўз кураторлари билан алоқа қилишгани аниқланган.

FETÖ – ташкил этилиши, мафкураси ва тузилмаси

FETÖ – Туркия расмий ҳокимиятлари томонидан Fethullahçı Terör Örgütü – “Фатҳуллоҳ Гюленнинг террор ташкилоти” деб номланган атаманинг қисқартмасидир. Туркия ичида бу атама 2016 йилгача унинг тарафдорлари Hizmet (хизмат) ҳаракати деб атаган, диний ва таълимий мафкура асосида ташкил этилган мактаблар, хайрия ва жамоат ташкилотлари тармоғини англатади. Туркия давлатининг баёнига кўра, бу тармоқ конституциявий тузумни бузишга қаратилган махфий ва иерархик тартибда ташкил этилган тузилмани шакллантириш учун асос бўлган.

Гюлен тарафдорлари ўз ҳаракатини таълим, динлараро мулоқот, маънавий ривожланиш ва зўравонликсиз модернизация йўналишидаги тармоқ сифатида тасвирлашган. Аммо Туркия бу ҳаракат вақт ўтиши билан яширин сиёсий ва қудратли тармоқка айланган, деб ҳисоблайди.

Фатҳуллоҳ Гюлен ва унинг FETÖ билан алоқаси

Фатҳуллоҳ Гюлен – 1941 йилда туғилган турк даъватчиси ва жамоат арбоби бўлиб, 1999 йилда АҚШга кўчиб ўтган ва Пенсилванияда яшаган, 2024 йил 20 октябрда АҚШдаги шифохонада вафот этган. У Hizmet ҳаракати руҳоний раҳбарига айланди, кейинчалик Туркия ҳукумати бу ҳаракатни FETÖ – “Фатҳуллоҳ Гюленнинг террор ташкилоти” деб эълон қилди.

Гюлен таълим, конфессиялараро мулоқот ва маънавий ҳаётни фаол тарғиб қилди, унинг тарафдорлари Туркия ва дунёдаги ўнлаб мамлакатларда юзлаб таълим муассасаларини очди. Аммо 2010 йилга келиб ҳаракат ва ҳукуматдаги Адолат ва тараққиёт партияси (AKP) билан муносабатлар бузилди, давлат унинг тармоқ таъсирини давлат назорати учун таҳдид деб қарашни бошлади.

Нега Туркия ҳукумати FETÖни террор ташкилоти деб ҳисоблайди?

Туркия ҳукумати фикрига кўра, FETÖ фақат диний-таълимий ҳаракат эмас, балки ҳокимиятни эгаллаш мақсадида асосий давлат институтларига – армия, полиция, суд тизими, таълим ва маъмуриятга ўз вакилларини киритган яширин тармоқдир. Анқара расмий версиясига кўра, унинг аъзолари 2016 йилда давлат тузумига қарши давлат тўнтаришини ташкиллаштирган ва бошқа ҳаракатларни тайёрлаган.

Нафратга айланган муҳаббат

Аввалбошда Гюлен ва Эрдўғон иттифоқчилар эди: Гюлен ҳаракати Эрдўғоннинг сиёсий лойиҳасини қўллаб-қувватлаган ва унинг ҳокимиятини мустаҳкамлашга ёрдам берган.

1990-2000-йилларда Эрдўғон ва Гюлен яқин дўстона муносабатда бўлишган. Гюленнинг “Хизмат” диний-ижтимоий ҳаракати Туркия ва хорижда кўплаб мактаблар, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий лойиҳаларга эга эди.

Эрдўғон Гюленни “ҳожа” (устоз, раҳбар) деб атаган ва унинг сиёсий қўллаб-қувватлашига таянган. Гюлен тарафдорлари Эрдўғоннинг Адолат ва ривожланиш партиясини сайловларда қўллаб-қувватлаган ва уларнинг ОАВлари мухолифатни кескин танқид қилган.

Аммо 2000-йилларнинг охири ва 2010-йилларнинг бошларида улар ўртасидаги дўстона муносабат бузила бошлади. Гюлен тарафдорларининг давлат тизимлари(таълим, суд, полиция)даги таъсири Эрдўғонда уларнинг “параллел давлат”қураётган бўлиши мумкинлиги ҳақида шубҳалар уйғотди.

“Хизмат” ва Эрдўғон ўртасидаги совуқлик белгилари илк марта 2010 йилда, турк гуманитар кемаси атрофидаги воқеалар даврида намоён бўлди.

Эслатиб ўтадиган бўлсак, 2010 йил май ойида Ғазо секторига гуманитар ёрдам ташувчи турк конвойи “Эркинлик флотиллияси” блокадани бузишга уриниш пайтида Исроил чегарачилари томонидан ўққа тутилди. Ҳужум натижасида Туркиянинг 8 фуқароси ҳалок бўлди. Гюлен Туркия раҳбарлигининг бу ҳаракатини кескин танқид қилди. Чунки бу амалиёт Исроил билан стратегик муносабатлар бузилишига сабаб бўлди.

2013 йил ноябр ойида Эрдўғон “Хизмат”га тегишли хусусий мактабларни ёпишни таклиф қилди, бу эса Гюленнинг норозилигига сабаб бўлди. Охирги қадам Туркиянинг “Тараф” газетасида эълон қилинган “Гюленни тугатиш режаси” номли мақола бўлди. Мақолада 2004 йилда Туркия Миллий хавфсизлик кенгаши томонидан қабул қилинган ҳужжат мазмуни келтирилган бўлиб, унда Туркия ҳокимияти яқин келажакда давлат структураларини “Хизмат” вакилларидан тозалашни ният қилгани қайд қилинган.

Бу қарама-қаршилик 2013 йилдаги катта аксилкоррупцион операциядан сўнг авж олди. Унда вазирлар ва Эрдўғоннинг фарзанди қўлга олинган эди. Туркия ҳукумати бу ишда Гюлен ҳаракатига яқин одамларни айблади, бу муносабатларни янада кескинлаштирди.

2013 йилдан сўнг Эрдўғон гюленчиларга қарши фаол кураш олиб борди: уларни давлат идораларидан ҳайдади, мактаб ва ОАВларни ёпди, тарафдорларини қўлга олди.

Туркиядаги тўнтаришга уриниш ва унда FETÖнинг роли

Энг охирги нуқта – 2016 йил 15 июлдаги Туркиядаги давлат тўнтаришига уринишда Гюлен ва унинг тарафдорлари айбланиши бўлди.

Шу куни кечаси Туркияда рўй берган ҳарбий тўнтариш чоғида ҳарбий авиация парламент ва президент саройига зарба берди, қўшинлар Анқара, Истанбул ва бошқа шаҳарларда стратегик объектларни назоратга олди. Натижада тахминан 290 киши ҳалок бўлди, 2000 дан зиёд одам жароҳатланди. Эрдўғон қийинчилик билан бўлса-да, ушбу тўнтаришга чек қўйди. Анқара бу уринишни ташкил этиш ва бошқаришда FETÖни айблади. Эрдўғон бу ҳаракатни террористик ташкилот деб эълон қилди ва АҚШдан Гюленни Туркияга экстрадиция қилишни талаб қилди. Вашингтон бу талабни бажармади.

Эроннинг Fars агентлиги маълумотларига кўра, исёнчиларга қарши курашда Москва Эрдўғонга катта ёрдам берган. Эҳтимолий давлат тўнтаришидан бир неча соат олдин Туркия ҳукумати Россиядан исёнчиларнинг махфий суҳбатлари ёзувларини олган. Улар бошқа масалалар билан бир қаторда президент Эрдўғонни ўлдиришни ҳам муҳокама қилишган. Аммо Анқара ва Москва бу хабарни расман тасдиқламади.

Ушбу воқеалардан сўнг ҳукумат оммавий қамоққа олиш тадбирларини бошлади, 25 000 дан зиёд ҳарбий, полиция ва давлат хизматчилари тўнтаришга алоқадорлиги ёки Гюлен тармоғи билан боғлиқлиги иддао қилинди.

2016 йилдан сўнг Туркиянинг FETÖга қарши кураши

2016 йилдаги муваффақиятсиз тўнтаришдан сўнг Туркия давлатининг FETÖга қарши кенг кўламли кураши амалга оширилди.

Хусусан, ушбу ҳаракат билан боғлиқ мактаблар, университетлар, оммавий ахборот воситалари ва бизнеслар ёпилди. Ўн минглаб одамлар ишдан олинди ёки қамоққа ташланди. Минглаб шахслар мамлакатдан чиқиб кетиб, хориждан сиёсий бошпана сўради. Анқара уларни экстрадиция қилишга ҳаракат қила бошлади. Хавфсизлик чоралари кучайтирилди ва бир неча ой давомида фавқулодда ҳолат жорий этилди. Президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон бир неча марта бу ташкилотга қарши кураш “у тўлиқ йўқ қилингунича” давом эттирилади, дея муносабат билдирди.

Халқаро муносабат ва FETÖга қарши кампаниянинг танқиди

2016 йилда Туркияда давлат тўнтаришига уринишдан сўнг FETÖ ҳаракати Форс кўрфази давлатлари, Покистон ва Туркияда террор ташкилоти деб эътироф этилди.

Бироқ халқаро жамоатчилик ва инсон ҳуқуқлари ташкилотлари вазиятни турлича баҳолади. Баъзилари Туркиянинг давлатни таҳдид ва исёнчилардан ҳимоя қилиш ҳуқуқини қўллаб-қувватлади, бошқалари эса оммавий қўлга олиш, қамоққа олиш ва кенг кўламли тозаланишлардан хавотир билдирди. Чунки бу фақат тўнтариш иштирокчиларига эмас, FETÖ билан боғлиқлиги қийин исботланадиган кўплаб одамларга ҳам тегишли эди.

Шунингдек, хорижий матбуотда ҳукумат “террор ташкилоти” номи орқали сиёсий рақибларини йўқ қилиш ва ҳокимиятни кенгайтириш учун фойдалангани танқид қилинди. Бу FETÖ таърифининг сиёсий мақсадда қўлланилишига шубҳа туғдирди.

Фатҳуллоҳ Гюленнинг вафоти ҳаракатга қандай таъсир қилди?

2024 йил октябрда АҚШда Гюленнинг вафоти рамзий воқеа бўлди, аммо тармоққа қарши курашни тугатмади. Туркия ҳамон унинг тарафдорлари ва ташкилот структурасини қидириб, уларни давлат барқарорлиги ва хавфсизлиги учун таҳдид деб ҳисоблайди.

Анқара бошқа давлатлардан гумонланувчиларни экстрадиция қилишда ҳамкорлик, ҳаракат билан боғлиқ таълим ва хайрия муассасаларини ёпиш ҳамда хорижий ҳукуматларга Гюлен тарафдорларини қўллаб-қувватлаш ёки паноҳ беришни тўхтатиш учун босим ўтказишга уринмоқда. Кўплаб мамлакатлар Туркия билан яхши алоқаларни сақлаш мақсадида бундай тузилмаларни ёпишга рози бўлди.

Аммо баъзи давлатлар Анқаранинг талабларига кўнмади. Масалан, Швеция ҳукумати FETÖ билан боғлиқ икки турк фуқаросини Туркияга экстрадиция қилишдан бош тортди. Швеция адлия вазирлиги буни юқори суднинг ишни тўхтатгани билан изоҳлади ва экстрадиция учун тўсиқлар мавжудлигини таъкидлади. Шу ҳолатда ҳукумат бу масалани тасдиқлай олмайди, дея изоҳ берилди.

Бу воқеалар фонда Turkiye Gazetesi Швеция НАТОга аъзо бўлиш жараёнида терроризмга қарши кураш ваъдасини “бузгани” ҳақида ёзди. Нашрнинг таъкидлашича, бу Анқаранинг мамлакатнинг НАТОга аъзо бўлиши учун асосий шартларидан бири эди. Маълумки, Туркия Швециянинг НАТОга аъзо бўлиш борасида 2022 йил май ойида топширган аризасини деярли 18 ой блоклаб турди. Ниҳоят Швециянинг FETO масаласида ҳамкорлик қилиш ваъдаси олингач, 2024 йил бошида Туркия парламенти аризани маъқуллади ва Президент Эрдўғон мамлакатнинг аъзолигини тасдиқлади.

Хулоса

FETÖ – бугунги кунда фақат диний ҳаракат ёки таълим муассасалари тармоғи билан чегараланиб қолмайдиган феномен ҳисобланади. Туркия давлатининг расмий баёни бўйича, бу ташкилот конституциявий тартибни бузиш ва давлат тўнтаришини амалга ошириш мақсадини кўзлаган. 2016 йилдан сўнг Эрдўғоннинг кучли реакцияси – оммавий қўлга олишлардан тортиб муассасаларни ёпишгача – давлат режимини мустаҳкамлаш ва давлатчиликни таъминлашнинг бир қисмига айланди.

Бироқ бу курашнинг халқаро баҳоси мураккаб ва зиддиятли қолмоқда: бир томондан – хавфсизликни таъминлаш ва тўнтаришларнинг олдини олиш, бошқа томондан – ҳуқуқий адолат, оммавий қўлга олишлар ва “террор ташкилоти” сифатида сиёсий мақсадда қўллаш масалалари билан боғлиқ. Бундай чораларнинг Туркия фуқаролик эркинликлари ва демократия институтларига таъсири ҳақидаги саволлар ҳозирга қадар муҳокама қилиб келинмоқда.

Абулфайз Сайидасқаров

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid