Таниқли олим ва профессор Ҳотам Умуров вафот этди
Олим томонидан эълон қилинган уч юзга яқин илмий ишларда адабиёт назарияси ва адабий танқидчиликнинг долзарб масалалари тадқиқ этилган.

Таниқли адабиётшунос-олим, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, филология фанлари доктори, профессор Ҳотам Икромович Умуров 84 ёшида оламдан ўтди. Бу ҳақда Самарқанд вилояти ҳокимлиги хабар берди.
1942 йил 10 январда Жиззах вилоятининг Жиззах туманида туғилган олим 1964 йилда СамДУнинг филология факультетини аъло баҳоларга тугатади.
Ҳотам Умуровнинг олимлик йўли 1964 йилда Ўзбекистон Фанлар Академияси Тил ва адабиёт институтига ўқишга кириш билан бошланади. 1971 йилда Ҳотам Умуров "Адабий танқидда маҳорат масалалари" мавзуида номзодлик диссертациясини ҳимоя қилди. Ўша йилдан эътиборан Садриддин Айний номидаги Самарқанд Давлат педагогика институтида ўзбек адабиёти кафедраси мудири лавозимида мураббийлик фаолиятини бошлайди.
Ҳотам Умуров 1971 йилдан 1993 йилгача Самарқанд давлат педагогика институтида ўқитувчи, ўзбек адабиёти кафедраси мудири (1971-1991), доценти (1973-1986), ўзбек филологияси ва чет тиллари факультети декани (1991-1993) лавозимларида фаолият юритди.
Олим 1984 йили "Психологизм муаммоси ва ўзбек романи" мавзуида докторлик диссертациясини ҳимоя қилди. 1986 йилда профессорлик унвонига эришди. 1993-1998-йилларда Алишер Навоий номидаги Самарқанд давлат университети Ҳозирги замон ўзбек адабиёти кафедрасининг профессори, 1999 йилдан 2014 йилгача кафедра мудири вазифаларида фаолият кўрсатди. 2014-2025-йилларда у профессор лавозимида ишлади ҳамда то сўнгги нафасигача таълим ва илм-фан жабҳасида бўлди.
Олим томонидан эълон қилинган уч юзга яқин илмий ишларда адабиёт назарияси ва адабий танқидчилигимизнинг долзарб масалалари тадқиқ этилган.
Профессор Ҳотам Умуров педагогик фаолияти, олий ўқув юртлари ва академик лицейларда адабиётшунослик фанларини ўқитишдаги хизматлари Республика ҳукумати томонидан муносиб тақдирланган. 1982 йилда унга "Ўзбекистон халқ маорифи аълочиси", 2000 йилда "Самарқанд давлат университетида хизмат кўрсатган профессор" унвони ҳамда 2016 йилда унинг 50 йиллик илмий-педагогик фаолияти давлатимиз томонидан юксак баҳоланиб, профессор Ҳотам Умуровга "Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси" фахрий унвони берилган эди.