platina.uz
Мақола

Сусамбил – елкангдаги зил замбил!

Рус шовинизми ва тажовузи тарихи аслида қачондан илдиз отгани, қайси эртаклардан бошлангани ва айниқса, бунга яҳудийларнинг ҳам аралашгани кўзимизни тезроқ ва каттароқ очишимизни тақозо қилади.

Сусамбил – елкангдаги зил замбил!
Фотоколлаж: Platina.uz

Шу яқин вақт ичида, Россия ижтимоий тармоқ майдонида билдирилаётган ва тарқалаётган шовинистик ғояларга кўзингиз тушган бўлса керак. Ўйлайманки, бундай ғояларнинг илдизи қаерга бориб туташиши, уларнинг тўлиқ моҳияти сизни қизиқтирмай қолмайди ва шу сабабли, бу мақолани ёзишга қарор қилдик. Мақоланинг ягона мақсади бор: эртакни фош этиш. Тарихий хомхаёлларни, сохта интеллектуал ҳийла-найрангларни, оккулт рамзиятни ва мистик тил қобиқлари остида яширинган ҳақиқий геосиёсий стратегияларни очиқлаш. Марказий Осиёда – Тошкент, Бишкек, Алмати, Душанбе ва Ашхободда – яшовчилар учун бу бир оддий мавҳумий таффакур машқи эмас, балки ўзини "цивилизация" деб атаб, аслида иқтисодий зўравонлик, ҳарбий таҳдид ва ахборот урушини олиб бораётган империяга сизни боғламоқчи бўлган кучларни англаш йўлидир.

Ўзбекистонда ёш талаба китоб жавонида чанг босган жилдни топиб олганини кўз олдингизга келтиринг: Геосиёсат асослари, Александр Дугин қаламига мансуб. Талаба қизиқувчан, ғояпараст, эҳтимол Ғарб таъсиридан норози, балки чин “Шарқона” нарсани излаётгандир. У китобда тасвирланган улуғвор бир ғоя ҳақида ўқийди: Россия етакчилидаги, Лиссабондан (эҳтимол Дублиндан) Владивостоккача чўзилган, таназзулга юз тутган Ғарбга қарши тик турган ягона Евроосиё. Бу – янги дунё тартиби бўлиб, у Ғарбона либерал эмас, балки кўп қутбли (мултиполар) шаклда: ҳар бир тамаддун бир-бирини ҳурмат қилади, анъанавий қадриятлар устун ҳисобланади, рус ва Ислом дунёлари замонавийликнинг умумий душманига қарши бирлашади.

Чиройли жаранглаяпти, шундай эмасми? Барча рўшнолик кўрадиган, истаганларига эришиб, душманларни тор-мор этиб, аҳил яшайдиган жамият: худди утопик эртак – Сусамбилга ўхшайди.

Муаммо ҳам шунда-да! Эртаклар ҳақиқат эмас, балки чўпчак холос. Қолаверса, айнан шу эртакни баралла айтаётган инсон – оккултизм, Каббала ҳамда Кремл ҳокимият тузилмалари билан алоқалари ҳужжатлаштирилган рус мафкурачиси Александр Гелевич Дугин – хайрихоҳ эртакчи ҳам эмас. У тарғиботчи, тартибсизлик назариётчиси ва ХХI асрда пост-совет ҳудудига қарши ишлатилаётган энг маккор мафкуравий қуроллардан бирининг “ижодкор”идир.

Сароб илдизлари

Евроосиёчилик тарихи Александр Дугин билан эмас, балки бири Дугин туғилишидан анча олдин вафот этган инсонлар – Николай Сергеевич Трубецкой ва Пётр Николаевич Савицкий билан бошланади.

1895-йилнинг баҳорги тонгида, Украинанинг Чернигов(ҳозирги Черниҳив)ида, Россия ўзини қайта англашига сабаб бўлувчи бола туғилди. Пётр Николаевич Савицкий ўзгариш ёқасида турган империялар дунёсига – эски анъаналар замонавийлик артиллерияси таъсирида қадимий иншоотлар мисоли қулаётган дунёга кириб келди.

1897 йилги аҳоли ҳисоби ҳайратланарли ҳақиқатни очиб берди: Чернигов вилоятида аҳолининг атиги тўртдан бир қисми рус тилида она тили сифатида гаплашарди. Учдан икки қисми "Кичик руслар", яъни украинлар саналарди. Улкан империя бўйлаб руслар мамлакат аҳолисининг атиги 44 фоизини ташкил этарди. Бундай олиб қараганда, буюк Россия империяси, парадоксал равишда, унчалик рус эмас эди.

Асрлар чорраҳасидаги империя пойтахтларини тасаввур қилинг. 1904 йил январида Лондондаги Қироллик География Жамиятида Ҳалфорд Маккиндер нуфузли географ олимлар аудиторияси қаршисида туриб, йигирманчи асрни таъқиб этувчи бир башоратни эълон қилди. Унинг айтишича, Колумб даври якунига етган эди. Энди дунё “ёпиқ сиёсий тизим”га айланган – у тўлиқ ўрганилган, тўлиқ эгалланган ва забт этиш учун бўш ҳудудлар қолмаган.

Маккиндер “heartland” – яъни Россия назорат қилаётган улкан Евроосиё ички ҳудуди ҳақидаги тасаввурини очиқлади. У огоҳлантиришича, ким ушбу стратегик марказни бошқарса, дунёга ҳукмронлик қилиши мумкин эди. Келажакдаги буюк рақобат қитъавий қуруқлик кучлари билан океаник денгиз кучлари ўртасида кечади: Россия Британияга қарши, Айиқ Шерга қарши.

Ўша пайтларда, Швецияда Рудолф Кйеллéн замонавий стратегик тафаккурни белгилаб берадиган янги атамани муомалага киритди – геосиёсат. Дунё ўз империялари учун ҳаддан ташқари кичрайиб қолганди: гўё бир қафас ичида ҳаддан ташқари кўп йўлбарс кезиб юргандек.

1913 йилда ўн саккиз ёшли Савицкий нуфузли Политехника институтида таҳсил олиш учун Санкт-Петербургга келди. Уни империя пойтахтининг улуғвор кенг кўчалари бўйлаб, барокко услубидаги саройлар ва инқилобий брошюралар ёнидан ўтиб, Пётр Струве дарс берадиган маъруза залига кириб бораётган ҳолда тасаввур қилишимиз мумкин.

Струве ўзида ҳайратланарли қарама-қаршилик руҳини мужассам этган шахс эди – собиқ марксист, кейинчалик либерал миллатчига айланган, Россия Британия империяси намунаси асосида “Буюк Россия”ни барпо эта олади, деб ишонган инсон. У либерал империализм ғоясини тарғиб қилар эди: Россия ваҳший куч орқали эмас, балки иқтисодий жозиба ва маданий оханрабо орқали кенгайиши, бошқа халқларни қуёш атрофида айланаётган сайёралар каби ўз орбитасига тортиши лозим эди.

Ёш Савицкий бу сабоқларни катта иштиёқ билан ўзлаштирди. 1915 йил бошида, эндигина ўн тўққиз ёшида, у Струвенинг нуфузли “Русская мысль” (“Россия тафаккури”) журналида ўзининг илк йирик иш намунасини чоп этди. “Империя учун кураш” номли ушбу мақола ўқувчиларни ўзининг эрта етилган фикрий салоҳияти билан ҳайратда қолдирди.

Мақолада у империялар тарихий тасодиф эмас, балки инсоният тараққиётини ташкил этиш учун зарур бўлган тузилмалар эканини таъкидлади. Фикрича, Россиянинг тақдири “қитъавий-сиёсий” империя тузишдан иборат эди – бу моҳиятан Британиянинг “мустамлакачи-иқтисодий” моделидан фарқ қиларди. Британия талон-торож қилган жойда Россия уйғунлаштириши лозим эди. Ғарб бойликни сўриб олган ерда Россия чинакам маданий умумлашмани барпо этиши керак эди.

Кейин 1914 йилнинг августи етиб келди ва шунда, Европа ўз-ўзини жарга тортди. Биринчи жаҳон уруши эски империалистик тартибни худди болға шишани чилпарчин қилгани каби парчалаб ташлади.

1917 йил инқилоб содир бўлиб, болшевиклар ҳокимиятга келгандан бир қанча вақт ўтиб, Савицкийнинг хаёлида бир нарса равшанлашди. Эски Россия энди йўқ, лекин унинг ўрнини нима эгаллаши мумкин?

1921 йилда у ўз манифести –“Евроосиё”ни нашр этди. Европа ҳам эмас, Осиё ҳам эмас, балки Макиндер таърифлаган, “юрак ҳудуд(heartland)”ни эгаллаган учинчи қитъа цивилизацияси: Болтиқдан Тинч океанигача чўзилган бепоён текисликлар. Савицкий буни Россиянинг асл қиёфаси, унинг географик ва маънавий тақдири сифатида кўрди.

Тасаввур қилинг: Савицкий Прагада жойлашган квартирасида хариталар устига эгилиб, титраётган бармоқлари билан бу янги дунёнинг чегараларини чизмоқда. Уч буюк текислик – Рус, Сибир ва Туркистон – Ер юзида ўхшаши йўқ ягона географик тизимни ташкил этарди. Ўзига хос иқлим, ўзига хос тупроқ, ўзига хос тарихий тақдир. Ҳар ҳолда, Савицкийнинг хаёлида шундай бўлгандир. Тағин, билмадим.

Унинг фикрича, Европа Россияни рад этган эди. Майли, шундай бўла қолсин. Унда Россия ҳам Европани рад этиб, ўзининг евроосиёчилик моҳиятини қабул қилиши керак эди. Мўғул истилолари фалокат эмас, балки Россия бирлигини шакллантирган неъмат бўлган. Осиё таъсирлари ифлосланиш эмас, балки куч манбаи эди. “Роман-герман” Европаси билан Евроосиё Россияси ўртасидаги қарама-қаршилик туб моҳиятга эга, абадий ва муқаррар эканига ишонарди у.

У ҳатто болшевизмда ҳам кутилмаган қиймат топди. Гарчи коммунистик мафкурани ёмон кўрган бўлса-да, Савицкий Ленин режимини Россиянинг ниҳоят қулларча Ғарбга тақлид қилишдан халос бўлганининг далили сифатида кўрди. Болшевиклар балки маҳлуқдир, аммо улар рус маҳлуқлари эди: Европа андозаларидан кўчириш ўрнига, ўз тасаввурларини амалга ошираётган эдилар.

Тилшунос Николай Трубецкой билан ҳамкорликда Савицкий 1920-йиллар давомида евроосиёчиликни тўлиқ шаклланган мафкурага айлантирди. Улар манифестлар чоп этдилар, журналлар ташкил қилдилар, рус муҳожирлари орасида қўзғалиш ҳаракатини барпо этдилар. Уларнинг хабари содда, аммо сарҳуш қилувчи эди: Россия инқилоб ва мағлубият туфайли ўз тақдирини йўқотмаган, аксинча, уни топган эди, улар наздида.

Прага ва Париждаги муҳожир кафеларини кўз олдингизга келтиринг: ватансиз қолганидан аччиқланган ёш руслар бу ғояларни очкўзлик билан “ютиб” боришарди. Ниҳоят, кимдир уларнинг азоб-уқубатларига маъно берганди. Россия муваффақиятсиз Европа давлати эмас, балки ўз йўлига, ўз миссиясига эга бўлган бетакрор Евроосиё цивилизацияси эди. Улар Сусамбил шаклидаги чўпчакка умид боғлаб, мана шундай – йиқилаётган одам хасга ҳам ёпишгани каби – шизофреник хомхаёл ичида чўкишарди.

Савицкийнинг тақдири ўз ватанининг фожиасини акс эттирди. У қисқа муддат совет иттифоқига қайтиш фикри билан яшади, 1945 йилда Прагада совет агентлари томонидан ҳибсга олинди ва ўн йилни Гулагда ўтказди. 1956 йилда озодликка чиққач, 1968 йилгача сокин ҳаёт кечирди; бу даврда унинг ғоялари – “етук” болшевизм соясида сўниб ётган ҳолда – қайта тирилиш лаҳзасини кутарди. Чунки Сталин ҳокимиятга келгандан сўнг, Евроосиёчилик марксизм-ленинизм билан зид бўлган буржуа мафкураси деб эълон қилинганди. Трубецкой эса 1938 йилда Сталин қатағони қурбони сифатида вафот этди.

Қайта туғилиш: Дугин ва 1990-йиллардаги нео-евроосиёчилик

Совет иттифоқи 1991 йилда парчаланиб кетди. Қисқа лаҳза ичида, Ғарб ғалаба қилгандек эди. Френсис Фукуяма “Тарихнинг интиҳоси” ҳақида ёзди. Либерал демократия бутун дунёга ёйилади. ХХ асрнинг эски мафкуралари – коммунизм, фашизм ва миллатчиликнинг турли кўринишлари тарихга айланади, деб ўйлашди.

Шундай лаҳзада, Александр Дугин сиёсий мафкуралар майдонига кириб келди.

Дугин 1962 йилда совет ҳарбий-разведка аппарати билан алоқадор москвалик оиласида туғилган. У ўзининг интеллектуал фаолиятини 1980-йилларнинг охирида радикал миллатчи ва оккултист сифатида бошлаган, мистицизм, ўнг қанот сиёсати ва Европа фашизмининг эзотерик анъаналарига қизиқиш, айниқса, италиялик анъанавий ёзувчи Жулиус Эволанинг асарлари билан уйғунлашган ишларни нашр этган.

1991 йилда совет иттифоқи парчаланиб, Россия мағлубиятга учраганга ўхшаб қолганда, Дугин ақлли ва даҳшатли иш қилди: у Трубецкойнинг Евроосиёчилик ғоясини “қайта тиклади” ва уни совуқ урушдан кейинги дунё учун қайта шакллантирди. Унинг вақти жуда тўғри танланган эди. Рус зиёлилари чуқур хўрланиш ва ўзлигини йўқотиш туйғусидан азият чекаётган эди. Ғарб юксалиб борарди. Россия эса тартибсизлик, қашшоқлик ва миллий фалокатга юз тутмоқда эди. Рус халқи қуйидаги саволлар билан қолганди: “Биз энди киммиз? Бизнинг вазифамиз/мақсадимиз нима?” Бу айнан Евроосиёчилик ғояси илк илгари сурилган пайтларни эслатмаяптими сизга?!

Дугин Ғарб томонидан таклиф қилинаётган либерал демократиядан (1990-йиллар тартибсизлиги ичида у Ғарбнинг халоскорлигидан кўра кўпроқ Ғарбнинг эксплуатациясига ўхшаб кўринган) анча жозибалироқ жавоб шакллантирди: “Сизлар евроосиёликларсиз. Сизлар кўпқутбли дунёга етакчилик қилиш учун яралгансиз. Сизларнинг цивилизациянгиз Ғарбникига тенг. Ҳатто ундан ҳам ортиқ, чунки сизлар – келажаксиз”.

У Халқаро Евроосиёчилар ҳаракатига асос солди. 1997 йилда ўзининг энг муҳим асари – “Геосиёсат асослари”ни нашр этди; бу китоб кейинчалик Россиянинг геосиёсий стратегияси учун гўё қўлланма вазифасини ўтай бошлади. У олигархлар, ҳарбий доиралар ва тобора кўпроқ Владимир Путин атрофидаги муҳит билан алоқалар ўрнатди. 2000-йилларнинг бошига келиб, дугинчилик энди бир четдаги мафкура эмас эди – у юксалаётган Россиянинг деярли расмий дунёқарашига айланиб борарди.

  • Дугин ҳақида айрим қўшимча маълумотлар кетма-кетлигини сизга қисқача бериб ўтаман:
  • Дугин эҳтимолий жиҳатдан ГРУ ёки СВР учун ишлаётган агент.
  • Дугиннинг таъкидлашича, миллий болшевизм унинг Нео-Евроосиёчи сифатидаги тассаввурий келажагига энг яқин бўлган мафкура.
  • У ўзини ва мафкурасини илк болшевиклар бошлаган ишнинг давоми ўлароқ кўради.
  • Дугин Рус миллий болшевик партиясининг лидерларидан бўлган ва унинг шериги Эдуард Лимонов эди. Эдуард, асарининг катта қисми унинг ҳаётига асосланганига қарамай, китобнинг ўша қисмининг “бадиий тўқима”лигини таъкидлаган бўлса-да, унинг сиёсий рақиблари Эдуарднинг ғоялари устидан кулиб, уни “сиёсий фоҳиша” деб аташган.
  • Дугин сўзлов/нутқини тингловчиларига қараб ўзгартиради. Шунда, у Нео-Евроосиёчилик сафсатасини иложи борича кўпроқ инсонларга тарғиб қилиш имконига эга бўлади. Бундай ёндашув дунё учун янгилик эмас, албатта. Мисол учун, Дугин шавқ билан олқишлайдиган Саббатийлар ва Франкистлар ҳикоясига кўз ташлаш кифоя.
  • Алтернатив (муқобил) ўнг қанотнинг ва идентитар ҳаракатнинг етакчи арбоблари Дугинни очиқчасига қўллаб-қувватлаши, Дугин томонидан қўллаб-қувватланиши ёки унинг сўзларини айнан такрорлаши ҳақида яхшигина далиллар мавжуд.

"Муқобил ўнг" – оқ танли миллатчилик, мавжуд тизимга қарши руҳият/кайфият ва асосий консерватизмни рад этиш билан тавсифланган эркин, ўта ўнг ҳаракат.

Дугиннинг “Геосиёсат асослари” асари қисқача қуйидагиларни ўз ичига олади:

  1. Атлантикачи ҳудудларда бузғунчилик ва парокандаликни келтириб чиқариш учун ирқий озчиликлардан (лекин шу билан бирга ирқчилардан ҳам) фойдаланиш.
  2. Англосфера(инглиззабон ҳудудлар ёки "Атлантикачилар")ни Европа дунёсидан ажратиб қўйиш.
  3. Ғарбда Россия ва Евроосиёга хайрихоҳ муносабатларни тарғиб қилиш, айни пайтда Ғарбга қарши кескин салбий муносабатларни рағбатлантириш (Янги дунё тартиботини бутунлай Ғарб ва Атлантика "либерализми"га тўнкаш).
  4. Турли (асосан Европа) мамлакатларни бирлаштириш орқали йирик геосиёсий блоклар (супердавлатлар) ташкил этиш.
  5. Россия-Ислом иттифоқининг зарурияти.
  6. "Атлантикачиликка қарши" Учинчи дунё ғояларини тарғиб қилиш.
  7. Шарқий ва Жануби-Шарқий Европани Россияга қўшиб олиш.
  8. "Учинчи Рим"ни барпо этиш.
  9. "Кўп қутбли" дунё яратиш.

Европа ва АҚШда кенг жамоатчилик Доналд Трамп, Маттео Салвини, Нигел Фараж ва Орбан Виктор кабиларни қўллаб-қувватлашмоқда. Таъкидлаш жоизки, бу одамларнинг барчаси янги дунё тартиботига содиқлик билдирган қаллоблардир. Бироқ, шуни ҳам айтиш керакки, бу ҳолат йирик омма орасидаги "оддий ҳаёт"га қайтиш истаги ва самимий туйғуларнинг ҳақиқийлигига зарар бермайди.

Омма маъносиз ҳаётлари ва ижтимоий яккаланишдан безган; улар террорчилик, қотиллик, зўравонлик ва болаларга нисбатан жинсий тажовуз тўдаларидан чарчаган; улар қизлари фоҳишага, ўғиллари эса "қизларга" айланиб қолишидан қўрқишади; улар дўстлари ва оила аъзолари гиёҳванд моддалар дозасидан ҳалок бўлаётган бир пайтда, уларни "имтиёзли" туғилган деб атайдиган бадбахт коммунистларга ортиқ тоқат қила олмайдилар; улар бир пайтлар хавфсиз ва барқарор бўлган жамиятларига бу заҳарнинг барчасини мажбурлаб суққан глобалист сиёсий элита ва либерал буржуазияга нисбатан ҳурматларини йўқотганлар.

Шундай бир ҳолда, айрим ёки кўплаб муқобил ўнг қанотчилар Дугин ғояларини тарғиб этмоқдалар. Бу, албатта, ўз самарасини кўрсатмай қолмайди.

Илк евроосиёчилик ва Дугиннинг нео-евроосиёчилиги: фарқ нимада?

Номига қарамай, "нео-евроосиёчилик" аслида дастлабки евроосиёчилик қарашларининг давоми ёки кенгайтмаси эмас, балки уларнинг бузилган кўринишидир.

Андреас Умланд ўзининг 2018 йилги айнан шу мавзудаги мақоласида қуйидагича таъкидлайди:

“Евроосиёчилар қатъият билан изланиб, подшо ва совет империялари ҳудудига хос турли тарихий, географик, лингвистик ва бошқа бирлаштирувчи хусусиятларни топганликларига ишондилар; бу хусусиятлар, уларнинг фикрича, Марказий ва Ғарбий Европанинг “роман-герман” маданиятидан фарқ қилувчи, алоҳида бир Евроосиё цивилизацияси мавжудлигини эълон қилиш учун етарлича ўзига хос эди. Ўз ғояларини ривожлантириш учун евроосиёчи муҳожирлар ҳатто умри қисқа бўлган интеллектуал ҳаракатни ҳам ташкил этдилар; бу ҳаракат иккинчи жаҳон уруши оралиғида қарийб йигирма йил давомида Шарқий-Марказий ва Ғарбий Европада фаолият юритди. Евроосиёчилар таъкидлашича, Евроосиё цивилизацияси – Ғарб цивилизациясидан фарқли ўлароқ – нолиберал, нодемократик ва анти-индивидуалистикдир. Шу боис у Европа қадриятларидан ҳам, универсаллик ғояларидан ҳам ажратилиши лозим, чунки булар Россиянинг евроосиёлик ўзлигига бегона ва тубдан зид нормалардир. Шундай қарашлар билан классик евроосиёчилик – Леонид Лукс, Стефан Видеркер ёки Мартин Байссвенгер каби тадқиқотчиларнинг ишларида таъкидланганидек – қисман Германияда Веймар Республикаси даврида (1918-1933) параллел равишда шаклланган “консерватив инқилоб” оқимига ўхшаш эди.

Дугиннинг “нео-евроосиёчилиги” классик евроосиёчилик сингари кескин анти-ғарбий бўлиб, ўзини янги геосиёсий парадигма сифатида тақдим этса-да, унинг академик салмоғи анча камтарона. Дугин кўпинча турли нолиберал халқаро фалсафий оқимларнинг ғояларини шунчаки кўчиради, эркин қайта баён қилади ва такаббурона ишонч билан қориштириб ташлайди. “Нео-евроосиёчилик” кўп жиҳатдан атайлаб танланган нотўғри ном бўлиб, номи англатганидан фарқли равишда классик евроосиёчиликнинг постсовет даврга мослаштирилган шакли эмас, балки ноёб постсовет ва аслида Европага хос бўлган “янги ўнг” мафкурадир. Классик евроосиёчи ғояларни ривожлантириш ўрнига, дугинчилик қарашлари турли норус нолиберал назариялар мажмуаси ва уларнинг атайлаб, сунъий “руслаштирилиши”, шунингдек, классик евроосиёчиларга ишора қилиш орқали нуфузли миллий анъана билан боғланиш яратиш натижасидир. Дугиннинг кескин анти-ғарбий ғояларининг аксарияти рус эмас, балки ғарб фалсафаси ва назарияларидан келиб чиққан.

Булар қаторига ХIХ аср охири ва ХХ аср бошларидаги инглиз-саксон мистик геосиёсат мактаби, юқорида тилга олинган немис “консерватив инқилоби” ва унинг НСДАП ичида ва ташқарисидаги миллий-болшевик талқинлари (масалан, Страссер биродарларининг ғоялари), британ сатанизми, 1968 йилдан кейинги француз “Янги ўнг” ҳаракати, италян неофашизми, яширин халқаро диний оқим бўлган интеграл анъаначилик, бошқа айрим радикал интеллектуал ва сиёсий ҳаракатлардан чиққан турли фитна назариялари киради”.

Шу ўринда, Пабло Пикассонинг бир гапи ёдга тушади:“Ўртамиёна ижодкор кўчиради, буюк ижодкор ўғирлайди”. Бу шуни англатадики, сиз бирор нарсани биринчи бўлиб қилмаган бўлсангиз ҳам, уни шунчалик моҳирона бажаргансизки, ҳамма бу услубни кўрганда сизни эсга олади. Бундан чиқадики, Дугин оддий бир “ўртамиёна ижодкор”, холос… Балки уни умуман “ижодкор” дейиш хато бўлар, чунки у ҳатто кўчиришни ҳам тузукроқ эплолмаган.

Дугинизм ҳақидаги ҳикоя, шу нуқтада, янада ғалати ва шизофреник тусни олади.

1980-йилларда совет математиги Анатолий Фоменко ўзи “Янги хронология” деб атаган назарияни ишлаб чиқишни бошлади. Унинг тезиси (хулосаси) инқилобий эди ва ҳар қандай бошланғич тарихий билимга эга мутахассис учун бемаъниликдан бошқа нарса эмасди. Унинг фикрича, инсоният тарихининг биз билган бутун вақт жадвали (хронологияси) нотўғри эди. Саналар ўйлаб топилган, воқеалар жойидан кўчирилган, бутун-бутун цивилизациялар эса изланиш/билимларидаги бўшлиқларни тўлдиришга уринган ўрта аср олимларининг хаёлий маҳсули эмиш. Фоменконинг “Янги хронологияси”га кўра, Европадаги “Қоронғу даврлар” умуман мавжуд бўлмаган. Қадимги Рим аслида Ўрта аср Рими бўлган. Византия империяси Константинополда эмас, Италияда жойлашган. Унинг эртагидаги бизнинг ҳикоямиз учун энг муҳим бўлган қисм – “Тартария” деб аталган улкан Евроосиё империяси мавжуд бўлган эмиш; у ҳозирги Россия, Марказий Осиё ва ундан ҳам кенг ҳудудларни қамраб олган. Фоменконинг даъвосига кўра, бу “Тартария” ҳақиқий цивилизация бўлиб, Ғарб тарихчилари Россия буюклигини йўққа чиқариш мақсадида унинг изларини тарих зарварақларидан ўчириб юборишган.

“Тартария” афсонаси Дугинчиликнинг Россия жамиятидаги айрим қатламлар ҳамда фитнага мойил халқаро аудитория учун нега жозибали эканини тушунишда марказий аҳамиятга эга. У рус евроосиёчилик цивилизацияси ғояси учун гўёки тарихий “пойдевор”, рамзият ҳосил қилади – минг йиллар давомида мавжуд бўлган, аммо адолатсиз равишда тарихдан ўчириб ташланган империя сифатида тасвирланади. Муаммо шундаки, буларнинг ҳеч бири ҳақиқат эмас. “Тартария” – тарихчилар томонидан христиан Европадан ташқаридаги ноаниқ ҳудудларни ифодалаш учун ишлатилган атама бўлиб, у ерда мўғуллар, турклар ва умумий қилиб “татарлар” деб аталган бошқа халқлар яшаган. У ҳеч қачон ягона империя бўлмаган. Фоменко тасвирлаган “Тартария” фақат хаёлот ва фитнавий тафаккурда мавжуд.

Авигдор Эскин: Дугинизм ортидаги сионист фанатик

Каббала – Худонинг моҳиятини, коинотнинг пайдо бўлишини ва руҳнинг вазифасини англашга қаратилган қадимий яҳудий эзотерик мистицизм анъанасидир.

Каббалачи Дугиннинг евроосиёчилик тармоқларида Авигдор Эскин исмли ашаддий яҳудий-сионист муҳим мавқега эга. Бу дугинчилик ва сионистик дастурлар ўртасида Европани беқарорлаштириш йўлидаги яна бир кесишувни юзага келтиради; бунда Россия ва Исроил манфаатлари айрим “миллатчи” ва “ўта ўнг” ҳаракатлар орқали илгари сурилади, улар эса Ғарб жамиятлари ичида гўё Троя оти вазифасини бажаради.

Эскин – 2014 йилда Россия давлат телевидениесида руслар ва яҳудийларни “маънавий ва масиҳий халқ” деб олқишлаб, момақалдироқ гумбирлашидек қарсакларга сазовор бўлган фанатик шахсдир. Эскин 1960 йилда Москвада, яҳудийлик билан деярли алоқаси бўлмаган ассимиляциялашган яҳудий оиласида туғилган. У ёшлик чоғида “уйғониш”ни бошдан кечириб, ўз яҳудийлигини қайта кашф этган ва православ яҳудийликка ўтган. Шунингдек, у садоқатли сионистга айланган, Исроилга “алияҳ (Исроилга кўчишни англатадиган сўз)” қилишга интилган, бироқ шу билан бирга совет Россиясидан ҳам оёғини узмаган.

Москвада бўлган пайтида Эскин иброний тилини Лео Гинблумдан ўрганган; Гинблум Бруклинда туғилган раввин Мейр Каҳаннинг Кач ҳаракати билан боғлиқ бўлган яҳудий террорчи гуруҳ – яҳуд мудофаа лигаси (ЯМЛ) аъзоси эди. Эскин Каҳандан шу қадар таъсирланганки, унинг “Энди ҳеч қачон” асарини рус тилига таржима қилган ва 1979 йилда Исроилга кўчиб боргач, Каҳан билан учрашиб, унинг етакчи тарғиботчилари ва ҳамкорларидан бирига айланган. Кач ҳаракати истилочи Исроил ҳудудида Таврот ва Талмудга таянган яҳудий теократиясини барпо этишни талаб қилувчи экстремистик гуруҳ эди. Шунга қарамай, каҳанистлар АҚШ ва Европада “антисемитизм” ва Исроилга қаратилган норозиликка қарши бир қатор террорчилик портлашлари ва кўча ҳужумлари билан чиқиш қилиб, Ғарб жамиятлари ичида сионистик террор тармоғини шакллантирган.

Эскин Ливанда Исроил армиясида хизмат қилган, шунингдек, Исроилдаги бир неча рус оммавий ахборот воситаларида журналист сифатида ишлай бошлаган. 1980-йиллар бошида у совет яҳудийлари учун маблағ йиғиш мақсадида ЯМЛ сафарига қўшилиб АҚШга борган. Сиёсатчиларни фаол равишда даъват қилган ва у ўша пайтда Исроилга бериладиган АҚШ ташқи ёрдамини танқид қилган консерватив сенатор Жесси Ҳелмсни ашаддий сионистга айлантирган шахс сифатида тилга олинади. Эскин Ҳелмс билан келишувга эришган: у президент Рейганнинг Марказий Америкадаги сиёсатини қўллаб-қувватлайди, эвазига Ҳелмс Исроилни қўллашда ҳал қилувчи ёрдамни беради. Эскин Эрон-Контра можаросининг айрим унсурларида иштирок этганини ҳам тан олади.

Эскин ва Дугинни бирлаштирган дастлабки умумий манфаат – Каббалага бўлган қизиқиш эди. “Руслар уни жуда қизиқарли шахс деб ҳисоблайди. Унинг Кремл билан яхши алоқалари бор ва у Исроил жамиятининг нуфузли вакили сифатида кўрилади”, – деган эди Дугин газетага ҳамкасби ҳақида сўзларкан. Эскин Дугинни евроосиёчилик ҳаракатини бошидан бошлаб молиялаштирган бир қатор олигархлар билан таништирган.

Качдаги ҳамкори Ёсси Даян билан бирга Эскин пулса динура (олов зарбалари) деб аталувчи каббалистик маросимда қатнашган; бу маросим 1995 йилда Осло келишувлари учун Исроил бош вазири Изҳак Рабинга нисбатан “ўлим лаънати”ни чақиришга қаратилган эди. Рабин ўлдирилди, бироқ “ўлим лаънати” амалга ошиши керак бўлган 30 кунлик муддатдан ўтиб. 1997 йил декабрида Эскин Хайим Пакович билан бирга Қоя гумбази ва Ал-Ақсо масжиди жойлашган мажмуага оғзига Қуръон тиқилган чўчқа боши улоқтиришни режалаштиргани учун ҳибсга олинди. Шунингдек, улар 1930-йилларда сионистларга қарши курашган фаластинлик партизан Иззаддин Қассам қабрига ҳам чўчқа боши қўйиш ва “Дор Шалом” номли чап қанот ташкилот офисларини ёқиб юборишни режалаштирган; Jerusalem Post нашри уларнинг иғвогарлик бўйича суд жараёнида буни фош қилган.

Қисқа муддатли қамоқдан сўнг Эскин Россияга қайтиб келди ва 2001 йилда Дугин уни янги ташкил этилган Евроосиё партиясига аъзо қилди. У Россия ичида ҳам сионистик фаолиятини давом эттирди, Россия яҳудий конгресси аъзоси Владимир Соловёв олиб борадиган телекўрсатувда чиқиш қилди; бу конгресснинг бошқа машҳур аъзолари орасида Чабад раввини Берел Лазар ва олигарх Михаил Фридман ҳам бор эди. Кўрсатувда Эскин Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидини вайрон қилиб, унинг ўрнига яҳудий ибодатхонасини қуришга чақирди ва фаластинликларни “Дажжол халқи / Масиҳга қарши халқ” деб атади. Бу Дугиннинг “парокандаликни парокандалик учун севиш” ҳақидаги қарашлари ва унинг қитъалараро беқарорлаштириш саъй-ҳаракатлари учун айни муддао эди.

Эскин ва Дугин билан бирга келиб чиқиши рус бўлган, ғарбий соҳилда фаолият юритувчи раввин Аврам Шмулевич ҳам ишлаган; у Эскин билан бирга “Ўз еримиз учун” деб номланган фанатик сионистик гуруҳнинг ҳамраҳбари бўлиб, истилочи Исроил учун анти-ғарбий, россияпараст евроосиёчилик сиёсатини қўллаб-қувватлаган. Шмулевич 2001 йил 21 апрел куни Москвада ўтган таъсис қурултойида евроосиёчилик ҳаракати раҳбариятига кўтарилган; у ерда у қадимги мўғул империяси ва хазар хоқонлигини мисоллар сифатида мадҳ этган ва Россия бош раввини, яҳудий устунлигини тарғиб қилувчи Чабад ҳаракати аъзоси Берел Лазарнинг вакили ўлароқ қатнашган. Улар Россия-Исроил иттифоқини қўллаб-қувватлаётган исроиллик етакчиларнинг тобора ортиб бораётган қатламини ифодалайди; Эскин эса Исроил гўёки АҚШга “бўйсунади” деган сохта ғояни илгари суриб, аслида АИПАC АҚШ ташқи сиёсатини издан чиқараётганини инкор этади. Бу эса дугинчилик тарғиботидаги “Ғарбни мутлақ ёвузлик сифатида кўрсатиш” ғоясига тўлиқ мос келади.

Шу мақсадда Эскин Евроосиё ёшлар ҳаракатининг Исроил бўлимига раҳбарлик қилади; унинг аъзолари украинларга қарши намойишлар ўтказиб, Украина байроқларини йиртиб, таҳқирлаб, Дугин/Борис Шпигел/Кремл белгилаган чизиқ асосида украинларни “нацистлар” деб аташади. Майдан инқилобининг илк кунлариданоқ Эскин Россиянинг Украинага бостириб киришини қўллаб-қувватлаб чиқди ва Исроил ҳукуматини Донбасс ҳамда Новороссия сепаратистларини қўллашга даъват этди.

Эртаклар яхшиликка етаклар… ёки ундай эмасми?

3-6 ёшли болалар эртак тинглашни севишади. Эртаклар уларни бутунлай бошқа оламга олиб боради гўё; ҳар ҳолда, мен шундай деб ўйлайман. Лекин кейин болалар катта бўлишади ва эртаклар улар учун жуда абсурд, ҳақиқий ҳаётдан анчайин йироқ эшитила бошлайди.

Лекин бу кейинчалик бизнинг мавжуд азоб-уқубат/қийинчилик ҳолатини енгиш механизмимиз сифатида қайта хаётимизга қайтиб келадики, қайсидир нуқтада, барибир эртак эшитгимиз келиб қолади. Фарқи – биз, катталарга мураккаброқ, кўринишидан ҳақиқий ҳаёт деса бўлади-ю, лекин асоси ҳали ҳам эртакнамо алланималардан иборат чўпчаклар керак. Ахир, катталарни алдаш болаларни чув туширишдан анча қийин-ку, шундай эмасми?!

Балки муаммо чўпчак эшитишни хоҳлашимизда ҳам эмасдир. Балки умуман эшитишни хоҳлаётганимиз чўпчак бўлиши шарт эмасдир; шунчаки ўша нарса умид ва мақсад бағишлай олса кифоядир. Муаммо – чўпчакда эмас, уни ҳақиқат деб ўйлаётганимизда.

Кўп чалғимай, мавзумизга қайта қоламиз. Евроосиёчилик/нео-евроосиёчилик сизни “мукаммал” жамият сари элтмоқчи. Лекин бир эсланг: коммунизм ҳам шундай мақсадда эмасмиди?! Балки Сталин шунинг учун ҳам евроосиёчиликни тақиқлагандир; ахир икки қўчқорнинг боши бир қозонда қайнамайди-да. Айтилиши жиҳатидан коммунизм ва евроосиёчилик/нео-евроосиёчилик бошқа-бошқа мафкуралар ҳисобланса-да, улар амалда бир хил хизмат қилади. Мисол учун, иккала чўпчакда ҳам “катта оғамиз” бир, “душманимиз” бир ҳамда зўравонлар бир: бизга зўрлик билан “Сусамбил” қуриб беришмоқчи бўлган. Янги номга чалғимаслигимиз керак.

Ўша “Сусамбил” икки томон елкасига ҳам юк бўлмоқда. Кошки, шуни тушунсалар ва бу чиқинди ортилган зил замбилни улоқтирсалар. Манзилга тезроқ етармидик балки. Янада тушунишингиз учун, бошқа бир замбил(Ғарб мафкураси)ни кўтариб олиш ҳақида айтмаяпман. Ахир икки радикалдан бири бўлишга мажбур эмасмиз!

Сўзларимни 1974 йилда экран юзини кўрган “Чўқинтирган ота-2” филмидаги бир иқтибос билан якунламоқчиман; хулоса эса сиздан:

“Агар сен қўлингда тўппонча тутиб турсанг ва мен ҳам тўппонча тутсам, биз қонун ҳақида гаплаша оламиз. Агар пичоқ билан келсанг ва мен ҳам пичоқ билан келсам, биз қоидалар ҳақида гаплаша оламиз. Агар қуролсиз келсанг ва мен ҳам қуролсиз бўлсам, биз моҳият/сабаб ҳақида гаплаша оламиз. Аммо агар қўлингда тўппонча бўлса-ю, мен фақат пичоқ билан қолсам, унда ҳақиқат сенинг қўлларингда ётади. Агар сен тўппонча билан бўлсанг, менда эса ҳеч вақо бўлмаса, сен тутиб турган нарса шунчаки тўппонча эмас – у менинг ҳаётимдир. Қонун, қоидалар ва ахлоқ тушунчалари фақат тенгликка асослангандагина маънога эга бўлади. Бу дунёнинг аччиқ ҳақиқати шундаки, пул гапирганда ҳақиқат жим қолади. Ҳокимият гапирганда эса ҳатто пул ҳам уч қадам орқага чекинади. Қоидаларни тузувчилар кўпинча уларни биринчи бўлиб бузадиганлардандир. Қоидалар – заифлар учун занжир, кучлилар учун эса қуролдир. Бу дунёда ҳар қандай яхшилик учун курашиш керак. Ўйин эгалари ресурслар учун шафқатсизларча рақобат қилаётган бир пайтда, фақат заифларгина четда ўтириб, уларга улуш берилишини кутиб яшайди.”

Самариддин Сирож
Янги Ўзбекистон университети 3-курс талабаси


Муаллифнинг фикрлари таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.

© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid