Шавкат Мирзиёевнинг Туркияга ташрифи: Анқара-Тошкент линиясидаги минтақавий геосиёсий коридор
Сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг Туркий дунё билан муносабатлари унинг ташқи сиёсатидаги энг стратегик жиҳатларидан бирига айланди. Шавкат Мирзиёев ташаббуслари билан Туркий давлатлар ташкилотининг (ТДТ) интеграция жараёни жадал ривожланди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев эртага икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлаш мақсадида Туркияга расмий ташриф билан келмоқда.
Ташриф давомида савдо-иқтисодий ва инвестициялар, соғлиқни сақлаш, маданият, стандартлар, энергетика, тўқимачилик, транспорт ва таълим соҳаларида стратегик музокаралар ўтказилиши ва бир қатор ҳужжатлар имзоланиши кутилмоқда. Президентлар иштирокида муҳим онлайн очилиш маросимлари ҳам режалаштирилган.
Шу муносабат билан Анқара инқироз ва сиёсат тадқиқотлари маркази (АНКАСАМ) раҳбари, профессор Меҳмет Сейфеттин ЭРОЛ сўнгги пайтларда тез-тез тилга олинаётган Марказий Осиёнинг юксалаётган юлдузи Ўзбекистон ва Ўзбекистон-Туркия муносабатлари ҳақида ўз фикрларини билдирди. Мақола “Hürriyet” газетасида 2026 йил 28 январ куни нашр этилди.
***
Биз яшаётган дунё ва халқаро тизим, ўзининг турғун тузилмасини ортда қолдириб, бениҳоя ноаниқлик билан чулғанган геосиёсий мураккаблик сари кетмоқда. Ўзгариш жараёнидаги мазкур глобал геосиёсатда Марказий Осиё марказида жойлашган туркий дунё тобора фаол ва таъсирчан ўйинчига айланиб бораётгани ҳам бир ҳақиқат. Ушбу тартибсиз жараёнда Евросиё геосиёсатининг марказида жойлашган Ўзбекистон ва унинг Раҳбарининг минтақавий тинчликни таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатлари алоҳида эътиборга сазовор. Шахсан Президент Шавкат Мирзиёев бошлаб берган ва бутун мамлакат бўйлаб ички ислоҳотлар, рақамлаштириш ва инвестиция стратегиялари, инфратузилма ва таълим лойиҳалари, минтақавий интеграция, туркий дунё билан чуқур ҳамкорлик ва кўп қиррали дипломатия шаклида намоён бўлаётган “Янги Ўзбекистон” тасаввури ҳам минтақавий, ҳам глобал миқёсда стратегик аҳамиятга эга.
Шубҳасиз, сўнгги йилларда Анқара-Тошкент геосиёсий ўқи Евросиё миқёсида стратегик мувофиқлаштирув линиясига айланди ва мазкур минтақанинг юксалишида муҳим ўрин тутмоқда. 2016-2026 йиллардаги давр ушбу янги жараён учун мустаҳкам пойдевор яратди. Президент Мирзиёевнинг Туркияга ташрифи мавжуд кенг қамровли стратегик шерикликни янада мустаҳкамлашда тарихий аҳамиятга эга ва иккала раҳбар ҳам дунё нотинч ва ноаниқликлар кучайиб бораётган бир пайтда "биз тайёрмиз" деган ишорани берадилар.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Туркияга ташрифи икки томонлама муносабатлар нуқтаи назаридан нафақат геосиёсий ва стратегик табиати, балки гуманитар жиҳати билан ҳам чуқур мазмунли ва муҳим аҳамият касб этади. 2023 йилги зилзилага тезкорлик билан жавоб берган ва бутун ҳудудларимизда биродарлари ва опа-сингилларига ёрдам қўлини чўзган Ўзбекистон зилзиладан кейин ҳам бор имконларини сафарбар қилишда давом этди. Ушбу ташриф давомида жаноб Эрдоған ва жаноб Мирзиёев томонидан менинг туғилиб ўсган юртим бўлган Хатайда биродар ўзбек халқи кўмагида қурилган уй-жойларни топшириш режалаштирилгани - икки мамлакат ўртасидаги муносабатларнинг гуманитар дипломатия жиҳатини яққол намоён этади.
Яна бир муҳим жиҳат - бу ташриф давомида Истанбулда чет элдаги биринчи ўзбек мактабига тамал тошининг қўйилиши кутилмоқда. Бу эса, жаноб Мирзиёев мамлакат ичидаги таълим соҳасида бошлаган ислоҳотлар тўлқинини хориждаги диаспора фарзандларига ҳам етказишни мақсад қилганидан далолат беради.
Лидерлар дипломатияси ва геосиёсий узлуксизлик
Президент Мирзиёевнинг эртага бўлиб ўтадиган расмий ташрифи 20 январда бўлиб ўтган муҳим музокараларнинг давлат раҳбарлари даражасидаги тасдиғи ва стратегик узлуксизликнинг кафолати бўлиб хизмат қилади; шунингдек, мазкур ташриф Марказий Осиё, Кавказ ва Евроосиёнинг ўзаро боғлиқлигини стратегик доирага жойлаштириш имконияти жиҳатидан ҳам муҳим. Президент Ражаб Тоййиб Эрдўған ва Президент Шавкат Мирзиёев ўртасидаги кучли лидерлик дипломатияси бу йўналиш сиёсий ирода нуқтаи назаридан мустаҳкам пойдеворга эгалигини кўрсатади. Шунинг учун, ушбу ташриф Анқара-Тошкент линияси нафақат икки томонлама муносабатлар даражасида, балки Евроосиёга дахлдор минтақавий ва глобал миқёсда ҳам таъсир кўрсатадиган меҳварга айланганини ва раҳбарлар даражасида минтақавий/глобал геосиёсатни умумий тафаккур қилишга интилишни тасдиқлайди. Дарҳақиқат, ушбу ташриф доирасида классик икки томонлама муносабатлар мавзуларидан ташқари, “Ўрта коридор”ни чуқурлаштириш, мудофаа ва хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик, минтақавий барқарорлик ва Турк дунёсининг интеграцияси каби муҳим мавзулар ҳам муҳокама қилиниши кутилмоқда. Шунинг учун, 2026-йил 29-январдаги ташриф Туркия-Ўзбекистон муносабатларининг ҳозирги ҳолатини намойиш этишдан ташқари, ушбу муносабатлар ривожланиб борадиган янги уфқларнинг кучли кўрсаткичи бўлиб хизмат қилади. Ушбу ташриф билан Анқара-Тошкент линияси институционал механизмлар билан қўллаб-қувватланадиган, етакчилар иродаси билан мустаҳкамланадиган ва минтақавий-глобал таъсирга эга геосиёсий архитектурага айланиш йўлида янги босқичга киришини тахмин қилиш мумкин.
Туркия-Ўзбекистон муносабатларида стратегик чуқурлашув: 4+4 механизми
2026-йил 20-январда Анқарага юқори даражадаги Ўзбекистон делегациясининг ташрифи Анқара-Тошкент ҳамкорлигини институционализациясида муҳим босқич ҳисобланади. Ташриф давомида сиёсий, иқтисодий, транспорт, мудофаа ва хавфсизлик соҳаларида бир қатор стратегик шартномалар имзоланди. Ушбу алоқаларнинг энг муҳим натижаси 4+4 механизмининг яратилиши бўлди. Ушбу механизм ташқи ишлар, мудофаа ва хавфсизлик соҳаларида мунтазам, мувофиқлаштирилган ва стратегик қарорлар қабул қилиш имкониятларини мустаҳкамловчи институционал тузилмани яратиш орқали икки мамлакат ўртасидаги алоқа ва ҳамкорликни янги босқичга кўтарди.
"Янги Ўзбекистон" ва Тарихий Ўзликка Қайтиш
"Янги Ўзбекистон" тушунчаси биринчи навбатда ўз тамаддун тарихини чуқур идрок этиш, теран тажрибага асосланган давлатчиликни жонлантиришни англатади ва бу тасаввурни Ўзбекистонга жаноб Ш.Мирзиёев олиб келди. Ушбу концепция ички сиёсатдаги ўзгаришлар ва инсон қадрини рўёбга чиқаришга қаратилган ислоҳотлар билангина чекли эмас. Зеро, бизлар янги даврда минтақавийликдан глобаллик сари илдамлаб бораётган, геосиёсий мавқеи ва стратегик имкониятлари билан халқаро актёр сифатида тобора ажралиб тураётган Ўзбекистон воқелиги билан дуч келмоқдамиз.
Дарҳақиқат, бугун ўнинчи йилга қадам қўяётган Янги Ўзбекистон жараёни мамлакатни либераллаштириш, қонун устуворлиги, ижтимоий сиёсат ислоҳотлари, иқтисодий ўсиш ва инфратузилма лойиҳалари орқали мамлакатни минтақавий куч марказига айлантирди ва ноёб моделга айланди. Бу Ўзбекистонни нафақат географик, балки иқтисодий ва стратегик жиҳатдан ҳам “марказ мамлакат” мавқеига кўтарган жараёндир. 2026-йил 15-январда Президент Ш.Мирзиёевнинг ўзбек дипломатлари билан учрашувда айтган: "Энди янгича руҳда ишлайдиган, аниқ натижаларга эришаётган, Ўзбекистон манфаатларини халқаро миқёсда қатъий ҳимоя қиладиган дипломатлар даври келди" деган сўзлари, ташқи сиёсат фаолияти концепциясини янгилаш ташаббуси "Янги Ўзбекистон" ғояси мамлакатнинг халқаро тизимдаги мавқеини қайта белгилайдиган кўп қатламли стратегик мақсад эканлигини кўрсатади.
"Учинчи Ренессанс": Цивилизацияга асосланган геосиёсий қараш
Жаноб Ш.Мирзиёев мақсад қилиб қўйган "Учинчи Ренессанс" ғояси шунчаки тараққиёт борасидаги дастур эмас, бу - Ўзбекистоннинг тарихий ва маданий меросини замонавий дипломатия ва геосиёсат билан бирлаштирган қарашдир. Ушбу ёндашув орқали Ўзбекистон интеллектуал ва юмшоқ куч, спорт, маданий дипломатия ва халқаро нормаларни ишлаб чиқиш соҳаларида, қадриятлар ва инсонийликка қаратилган жараёнларда самарали иштирокчига айланмоқда. Ўтган йили мамлакат ёшларининг шахмат мусобақаларидаги ажойиб ўйинлари ва миллий футбол жамоасининг Марказий Осиё тарихида биринчи марта Жаҳон чемпионатига йўлланма олиши -режали ва пухта ислоҳотлар натижасидир. Олимпиада ва халқаро спорт тадбирларида қўлга киритилган медаллардан ташқари, санъат ва маданият соҳаларида ташкил этилган фестиваллар, халқаро кўргазмалар ва мусиқа тадбирлари Ўзбекистонни жаҳон саҳнасида фаол “маданият элчиси”га айлантирмоқда. Яққол мисол: Самарқанд, Бухоро ва Хива каби тарихий марказлар нафақат маданий мерос асарлари ўлароқ, балки халқаро мулоқот ва ҳамкорлик марказлари сифатида ҳам бўй кўрсатмоқда, бутун Марказий Осиёнинг маданий геосиёсати қайта қурилаётган дипломатик марказлар сифатида гавдаланмоқда. Ўзбекистоннинг йирик халқаро саммитларга мезбонлик қилиши, воситачилик салоҳиятини ривожлантириши ва глобал ишларда теран дипломатик тилдан фойдаланиши бу янги геосиёсий ўзига хосликнинг инъикосидир. Бу ёндашув Ўзбекистонни буюк давлатлар рақобатининг пассив обекти бўлиб қолишдан чиқариб, барқарорлик ва тинчликни таъминлайдиган конструктив иштирокчига айлантирмоқда.
Ички ислоҳотлардан геосиёсий минтақавий ва глобал таъсир сари
Президент Ш.Мирзиёевнинг сўнгги йиллардаги ташаббуслари нафақат муваффақиятли ички саъй-ҳаракатлари, балки минтақавий ва глобал миқёсдаги “юмшоқ куч” ва инсонпарварлик дипломатияси билан ҳам ажралиб туради. Ш.Мирзиёевнинг теран дипломатик ёндашуви аниқ лойиҳалар орқали минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга чуқур туртки бўлаётир. Хусусан, Ўзбекистон лидерининг шахсий ташаббуси билан баъзи қўшни мамлакатларда ва Озарбайжоннинг Қорабоғ минтақасида қурилган мактаблар илмий дипломатияни намоён этиш баробарида, инсон капиталига инвестиция орқали бу мамлакатларда Ўзбекистонга дўст авлодларни етиштириш нуқтаи назаридан ҳам қадрлидир. Афғонистон билан таълим, соғлиқни сақлаш ва транспорт инфратузилмаси лойиҳалари Ўзбекистоннинг минтақавий барқарорлик ва тараққиётга қўшаётган ҳиссасини кўрсатади.
Урушдан жабр кўрган бир гуруҳ фаластинликларнинг Ўзбекистонга парвариш ва ижтимоий ёрдам учун олиб келиниши ва бу борада алоҳида Фармон қабул қилиниши мамлакат дипломатияси фақат минтақа билан чекланиб қолмаганининг далилидир. Ушбу ёндашув тинчлик, барқарорлик, иқтисодий ривожланиш ва минтақавий интеграциянинг муҳим асосини ифодалайди, шунингдек, глобал ҳамкорликдаги тинчликка ёъналтирилган гуманитар дипломатиясини акс эттиради.
Мувозанатли ва кўп қиррали ташқи сиёсат
Расмий Тошкент мувозанатли ва кўп қиррали дипломатия орқали глобал куч марказларига боғланиб қолмаган ҳолда, минтақавий ва глобал миқёсда, айниқса қўшнилари билан тинчликка йўналтирилган ҳамкорлик стратегиясига устувор аҳамият берадиган ташқи сиёсат олиб бормоқда. Шу нуқтаи назардан, Россия билан анъанавий шериклик хавфсизлик, энергетика ва логистика алоқалари; Хитой билан иқтисодий ва инфратузилма соҳаларида ҳамкорликни чуқурлаштириши, Ўзбекистон-Қирғизистон-Хитой темир йўли орқали "Бир камар, бир йўл" ташаббуси ва “Ўрта коридор”да муҳим бўғинни шакллантиришни; “Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисида”ги битим кўмагида ЕИ билан савдо ва инвестиция алоқаларини ривожлантириш; Ҳиндистон билан энергетика, технология ва инвестиция соҳаларида янги ҳамкорлик моделлари Ўзбекистоннинг мувозанатли ва кўп қиррали ташқи сиёсатининг аниқ кўрсаткичлари қаторига киради.
Бундан ташқари, 2025 йил Ўзбекистон-АҚШ муносабатларида дипломатик жадаллик йили бўлди. Аввало, 2025 йил 24 сентябрда БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессияси доирасида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва АҚШ Президенти Доналд Трамп ўртасида учрашув бўлиб ўтди. 2025 йил 6 ноябрда эса, Трамп ва жаноб Мирзиёев Оқ уйда бўлиб ўтган 5+1 Марказий Осиё раҳбарлари саммити доирасида иккинчи марта учрашишди. Ушбу учрашувларда иқтисодий-тижорий алоқалар, хавфсизлик ва стратегик ҳамкорлик ҳамда минтақавий тараққиёт имкониятлари муҳокама қилинди. Кейинчалик, 2026-йил 19-январда Президент Трамп жаноб Мирзиёевни Ғазо Тинчлик Кенгашига муассис аъзо сифатида қўшилишга таклиф қилди. Жаноб Мирзиёев ушбу таклифни қабул қилиб, 2026-йил 22-январда Давосда Тинчлик Кенгаши низомини имзолади ва Ўзбекистонни кенгашнинг асосчи аъзоларидан бири сифатида расмийлаштирди.
Бунинг муҳим жиҳати шундаки, ушбу воқеалар Ўзбекистоннинг тинчлик дипломатияси соҳасида ишончли ва фаол глобал шерикка айланганини кўрсатади.

ШҲТ, БМТ, ЙХҲТ ва бошқа минтақавий ташкилотларнинг фаол иштирокчиси сифатида Ўзбекистон тинчлик, савдо интеграцияси, чегара хавфсизлиги ва ривожланиш бўйича ташаббусларни амалга оширмоқда. Унинг ушбу ташкилотлардаги роли мамлакатнинг кўп томонлама дипломатия имкониятларига асосланган. Дарҳақиқат, жаноб Ш.Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясидаги нутқларида тинчлик, барқарорлик ва кўп томонлама ҳамкорлик тамойилларини доимо таъкидлайди, можароларни ҳал қилишда халқаро ҳамкорликка чақирди. Буларнинг бари Ўзбекистон нафақат минтақавий ўйинчи, балки глобал тинчлик ва ривожланиш кун тартибининг муҳим иштирокчиси эканлигини, глобал ҳамкор ва таъсирга эга актёр сифатида юксалиб бораётганини кўрсатади.
Туркий дунё ва Анқара-Тошкент геосиёсий линияси
Ш.Мирзиёев даврида Ўзбекистоннинг Туркий дунё билан муносабатлари унинг ташқи сиёсатининг энг стратегик жиҳатларидан бирига айланди. Ш.Мирзиёев ташаббуслари билан Туркий давлатлар ташкилотининг (ТДТ) интеграция жараёни жадал ривожланди ва Ўзбекистон ТДТ доирасида фаол ва конструктив ҳамкорга айланди. Бу Туркий дунёнинг маданий, иқтисодий-тижорат ва логистика интеграциясини мустаҳкамлайдиган “Ўрта коридор”, энергетика ва транспорт лойиҳалари, қўшма академик платформалар ва маданий фестиваллар каби стратегик дастурлар орқали амалга оширилди; буларнинг барчаси минтақавий барқарорлик, хавфсизлик ва фаровонликка ҳисса қўшди.
Шубҳасиз, Туркия-Ўзбекистон муносабатлари бу жараёнда жуда муҳим ўрин тутди. Зеро, Ш.Мирзиёев даврида икки мамлакат ўртасида эришилган уйғунлик ва умумий қарашлар ТДТ лойиҳаларининг амалга оширилишини жадаллаштириб, минтақавий барқарорлик ва хавфсизликка қаратилган стратегик ролни англашга кўмак кўрсатди. Анқара-Тошкент геосиёсий ўқи минтақада стратегик алоқа йўлагини яратди. Хусусан, “Ўрта коридор”нинг иқтисодий ва логистик интеграцияси ушбу линиянинг минтақавий-глобал савдо хариталарида муҳим рол ўйнашига имкон берди. Шунинг учун Анқара-Тошкент ўқи нафақат икки томонлама ҳамкорлик, балки туркий дунёнинг келажаги ҳамда Марказий Осиёнинг геосиёсий яхлитлиги, барқарорлиги, хавфсизлиги ва фаровонлиги учун ҳам муҳимдир.