Дубайдаги оммавий муштлашувда қатнашган 8 ўзбекистонлик умрбод қамалди
Бир фуқарога 25 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси берилди.

Ташқи ишлар вазирлиги БААдаги жанжал сабаб қамалган ўзбекистонликлар бўйича изоҳ берди.
Баъзи ОАВ ва ижтимоий тармоқларда Дубайдаги фуқароларимизнинг судланишига доир турли хил маълумотлар тарқалмоқда.
Ушбу хабарларга аниқлик киритиш мақсадида ТИВ қуйидагича баёнот берди:
2025 йилнинг апрель ойида Дубайда оммавий муштлашувда иштирок этган 8 нафар Ўзбекистон фуқаросига 21 январь куни суд ҳукми билан умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Шунингдек, битта фуқарога 25 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси берилди.
Ҳозирда, тегишли идоралар ва дипломатик ваколатхоналаримиз томонидан вазиятни тўлиқ ўрганиш ва фуқароларимизнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича барча зарур чоралар кўрилмоқда, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йил апрел ойида ижтимоий тармоқларда Дубай шаҳридаги ёнилғи қуйиш шохобчаларидан бирининг ҳудудида ўзбекистонликлардан иборат икки жиноий гуруҳ ўртасидаги тўқнашув келиб чиқиб, бир киши пичоқ зарбаси оқибатида вафот этгани, яна бир киши комага тушиб қолгани ҳақида хабарлар тарқалганди