platina.uz
Жамият

Акмал Шукуров ишини кўрган тўрт судя қамоққа олинди

Улар орасида Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари ҳам бор. Шукуров бир фуқарони уриб комага туширган ва судялар томонидан унинг 8 йиллик қамоқ жазоси бекор қилинганди. Кейинчалик иш қайта кўрилди ва у  5 йил 3 ой муддатга қамалди. 

Акмал Шукуров ишини кўрган  тўрт судя қамоққа олинди

Акмал Шукуров ишини кўрган судялар қамоққа олинди. Улар орасида Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари ҳам бор.

Фуқаро Акмал Шукуров 2024 йилда бир фуқарони уриб комага туширган ва судялар томонидан жазоси енгиллаштирилганди.

Маълум бўлишича, Бош прокуратура томонидан Тошкент шаҳар суди раиси собиқ ўринбосари Муроджон Мирзажоновга нисбатан Жиноят кодексининг 231-моддаси 2-қисми, 236-моддаси 2-қисми билан ҳамда жиноят ишлари бўйича шаҳар судининг собиқ судьялари Одилбек Илхомжонов, Мирзиёд Абидов ва Мухтарама Тургуноваларга нисбатан Жиноят кодексининг 231-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Иш ҳужжатларига кўра, А.Шукуров жуда кўп миқдорда ўзганинг мулкини фирибгарлик йўли билан қўлга киритиш, безорилик, қасддан баданга оғир шикаст етказиш жиноятларини содир этганлиги юзасидан жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек тумани судининг ҳукмига кўра, Жиноят кодексининг бир қатор моддалари билан айбдор деб топилиб, унга 8 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Судланувчи А.Шукуров юқоридаги ҳукмдан норози бўлиб, судга қилган апелляция шикояти апелляция инстанциясининг судьялари О.Илхомжонов, М.Абидов ва М.Тургуновалар томонидан кўриб чиқилиб, биринчи инстанция судининг ҳукмини ўзгартириш, унга нисбатан Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаб, 3 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосига алмаштириш тўғрисидаги хулосага келишган.

Бироқ, Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари М.Мирзажонов мансаб мавқеидан фойдаланиб, ишни ҳар томонлама, тўла ва холисона кўрилишига тўсқинлик қилиб, суд ишларига аралашиб, судьяларга қонунга хилоф равишда таъсир ўтказиши оқибатида, судьялар О.Илхомжонов, М.Абидов ва М.Тургуновалар унинг топшириғи ноқонуний эканлигини олдиндан била туриб, одил судловни амалга ошириш ва қарор қабул қилишда мустақил бўлсаларда, жавобгарликнинг муқаррарлиги принципига амал қилмасдан, биринчи инстанция судининг ҳукмини ўзгартириб, Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаб, қамоқ эҳтиёт чорасини бекор қилган ҳолда, жазони узил-кесил 3 йил 3 ой муддатга озодликни чеклашга алмаштириб, уни суд залидан қамоқдан озод этиб, оғир оқибатларга сабаб бўлган ноқонуний ва адолатсиз ажрим чиқаришган.

Юқоридагиларга кўра, жиноят иши доирасида шаҳар суди раиси собиқ ўринбосари М.Мирзажонов ҳамда жиноят ишлари бўйича шаҳар судининг собиқ судьялари О.Илхомжонов, М.Абидов ва М.Тургуновалар айбланувчи тариқасида ишга жалб қилиниб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилди.

Ишни кўрган судя декабрда ўз аризасига кўра ишдан кетгани ҳам хабар берилганди.

Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари Бош прокуратура томонидан олиб борилмоқда.

Маълумот ўрнида, Тошкент шаҳар прокуратурасининг протести асосида А.Шукуровга оид иш шаҳар суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати тафтиш инстанциясида кўрилиб, тегишли ажрим билан протест қаноатлантирилган ва биринчи инстанция судининг ҳукми ўзгартирилиб, апелляция инстанциясининг ажрими бекор қилиниб, А.Шукуровга 5 йил 3 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган ва суд залидан қамоққа олиниб, унга нисбатан жазо муқаррарлиги таъминланган.

© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid