Эрондаги намойишлар: сабаблар ва оқибатлар
Халқаро санкциялар таъсирида ўнлаб йиллардан бери изоляцияда қолиш мамлакат иқтисодиётига улкан зарба берди. Аҳоли фаровонлиги тушиб кетди.

Деярли бутун дунё янги йилни байрам ва янги умидлар билан кутиб олишга шайланаётган пайт – 28 декабр куни Эрон аҳолиси ҳукумат сиёсатидан норозилигини изҳор қилиб кўчаларга чиқди. Аввалига тинч намойишлар тарзида бошланган жараён кейин қонли тўқнашувлар ва тартибсизликларга айланиб кетди. Мана 10 кундан ошдики, Эронда ҳукуматга қарши кенг кўламли намойишлар давом этмоқда.
Норозилик сабаблари
Қайсарлик билан ўз ядровий дастуридан воз кечмаётганлиги боис халқаро санкциялар таъсирида ўнлаб йиллардан бери изоляцияда қолиш мамлакат иқтисодиётига улкан зарба берди. Аҳоли фаровонлиги тушиб кетди. Инфляция мисли кўрилмаган даражага чиқди – миллий валюта риал кескин ва тез қадрсизлана бошлади. Ҳукумат муроса ўрнига Россия билан яқинлашув ва Путин масалаҳатларига қулоқ солиш йўлини танлади. Тарихдан маълумки, руслар билан ҳамкорлик қилган давлатлар охир-оқибат диктатура ва зулм тузумида яшовчи қашшоқ ва ёпиқ давлатларга айланган. (Куба, Сурия, Шимолий Корея ва бошқа айрим Осиё ва Африка давлатлари).
Бунинг устига Исроил билан бўлган уруш оқибатлари фонида қарийб 50 фоизли инфляция сабабли келиб чиққан намойишлар ҳозиргача 285 туман ва 92 шаҳарни қамраб олди. Аввалига савдо дўконлари соҳиблари бошлаган намойишларга кейинчалик зиёли ва талабалар ва ҳатто маргинал қатламлар ҳам қўшилиб кетди. Натижада ўнлаб инсонлар ҳалок бўлди, минг нафардан ортиқ киши ҳибсга олинди. Охирги 10 кун ичида ўлдирилган сони 36 нафарга етган, 2.000 дан зиёд киши қамоққа олинган. Полиция ва ҳарбийлар ҳатто тиббиёт муассасаларига ҳам зарбалар беряпти. Ҳокимият кўздан ёш чиқарувчи газ ишлатмоқда, полиция намойишчиларни ўққа тутмоқда, интернет чекланмоқда. 2022 йилда 22 ёшли курд қизи Махса Аминийнинг полиция участкасида ўлдирилиши туфайли келиб чиққан норозилик намойишларидан хулоса чиқарган шиа режими авввалига намойишчилар билан муроса йўлини танлади.
Ўзига хос ён босишларга рози бўлди. Гарчи яшаш минимуми тахминан 266 доллар бўлган бир пайтда аҳолига 7 доллар миқдорида рамзий ёрдам ҳам таклиф қилинди. (Эронда инфляция шу даражада улканки, шу 7 доллар ҳам риалда 1 миллион бўлади!) Бироқ кейинчалик норозилик намойишлари кўлами огртгач Эрон ҳукумати зўравонлик йўлига ўтди. Бу аҳолини баттар ғазаблантириб юборди.
Iran International маълумотларига кўра, Эрон ҳокимияти намойишларни бостириш учун Эрон тарафдори бўлган ироқлик шиа қуролли гуруҳларининг тахминан 800 нафар жангариларини жалб қилмоқда.
Олий раҳбар Хоманаий намойишларни қатъий бостириш билан таҳдид қилган кескин баёнотларига қарамай, эътироз акциялари тўхтамаяпти ва географик жиҳатдан кенгайиб боряпти. Кўплаб шаҳарларда «Диктаторга ўлим» деган шиорлар янграмоқда, айрим ҳудудларда эса йўлларни тўсиш ва фуқаролик бўйсунмаслиги акциялари қайд этилмоқда.
Жаҳон муносабати ва ҳукуматнинг “Б” режаси
Дунё ҳамжамияти Эрондаги намойишларни диққат билан кузатмоқда. Доналд Трамп намойишлар шафқатсиз тарзда бостирилган тақдирда АҚШнинг куч ишлатиши мумкинлигини очиқ айтмоқда. Теҳрон эса бу баёнотни «номақбул» деб атаб, қаттиқ жавоб беришини маълум қилди ва Ғарбни миллий валютани заифлаштиришда айблади. Сиёсатшунослар вазият назоратдан чиқиб кетиши ва Венесуэла сценарийси бўйича кескинлашиши хавфи борлигидан огоҳлантирмоқда. Бу эса намойишларни бостириш муваффақиятсиз бўлган тақдирда Оятулло Ҳоманаийни Москвага эвакуация қилиш режалари ҳақидаги хабарлар фонида айтилмоқда. Шу тариқа барча диктаторлар – Владимир Путин дўстларининг охирги манзили Москва бўлиши анъанага айланмоқда. Эрон дрон ва ракеталар билан ёрдам берган – ишонган тоғи Россия ҳукумати эса ҳар доимгидек Украина билан банд. Исроил ҳужум қилганида ҳам ёрдам бера олмаган Москванинг энди ҳам бирор фойдаси тегиши даргумон.
The Times нашри хабар беришича, агар мамлакатдаги намойишларни бостириш ҳокимиятга насиб этмаса, Эрон раҳбари Хоманаий Москвага қочиш режасини аллақачон ишлаб чиққан. Нашр манбаларига кўра, «унинг учун бошқа жой йўқ».
Қолаверса, Буюк Британия парламентарийси ва хавфсизлик бўйича собиқ вазир Тугендхатнинг айтишича, мамлакатдан катта ҳажмда олтин олиб чиқиб кетилмоқда. Унинг таъкидлашича, бу ҳукумат эҳтимолий инқироз ва қулашига тайёргарлик кўраётганидан далолат беради.
«Биз Россияга тегишли юк самолётлари, эҳтимол қурол-яроғ ва ўқ-дориларни ташиётган ҳолда, Теҳронга қўниб келаётганини кўряпмиз. Шу билан бирга, мамлакатдан катта ҳажмда олтин олиб чиқилаётгани ҳақида ҳам хабарлар келмоқда», — деди Тугендхат парламент мажлисида сўзлаган нутқида.
Парламент аъзоси бу ҳолат Ислом республикасининг «ағдарилишдан кейинги ҳаёт»га тайёрлигини акс эттираётганини таъкидлади.
Шу билан бирга, Исроил бош вазири Биньямин Нетаняҳу Россия Федерацияси президенти Владимир Путиндан Теҳронга Исроил томони Эронга ҳужум қилиш ниятида эмаслиги ҳақида хабар етказишни сўраган. Бу ҳақда Исроилнинг Kan 11 телеканали дипломатик манбаларга таяниб хабар берди. Нашр маълумотларига кўра, Исроил ва Эрон ўртасидаги кескинлик фонида Путин ва Нетаняҳу сўнгги пайтларда бир неча бор телефон орқали мулоқот қилган. Мақолада айтилишича, Нетаняҳу Путиндан Эронни «биз уларга ҳужум қилмаймиз», деб ишонтиришни сўраган. Бу мутлақо мантиқий баёнот! Агар мамлакатни ичкаридан парчалаб юбориш мумкин бўлса, нима учун уруш учун қурол-яроққа куч ва пул исроф қилиш керак?
Шунингдек, 5 январ куни исроиллик журналист Ҳаллел Биттон Розен «Исроил ва Қўшма Штатлар Эронда режимни ағдариш ёки уни алмаштиришдан жуда катта манфаатдор. Шу боис мен Венесуэлани Эрон олдидан ўтказилган сўнгги репетиция, деб ҳисоблайман» - дегани ҳам эътиборга молик.
Охирги муваффақиятлар
Шу кунларда норозилик тўлқини ўнлаб шаҳарларни қамраб олмоқда. Намойишчилар, шунингдек, Малекшоҳи шаҳри устидан ҳам назорат ўрнатган. Эрондаги намойишлар реал қадрсизланиши ва санкциялар ҳамда Исроил билан бўлган уруш оқибатлари фонида қарийб 50 фоизли инфляция билан боғлиқ.
Ироқ билан чегарага яқин жойлашган Эроннинг Абданон шаҳри (Илам вилояти) норозилик намойишчилари томонидан тўлиқ назоратга олингани ҳақида Fox News хабар берди. Телеканал маълумотларига кўра, шаҳарнинг амалда “эгаллаб олингани” ҳақида Эрон Миллий Қаршилик Кенгаши (ЭМҚК) маълум қилган. Абданондан ташқари Малекшоҳи шаҳри ҳам намойишчилар назоратига ўтгани айтилмоқда.
«Бугун Эроннинг ғарбида жойлашган икки шаҳарда муҳим воқеа содир бўлди. Улар амалда намойишчилар назоратига ўтди ва одамлар кўчаларда байрам қилмоқда», — деди Fox News’га берган интервьюсида ЭМҚКнинг ташқи ишлар бўйича комиссия аъзоси Али Сафавий.
Эрон Миллий Инсон Ҳуқуқлари Кенгаши президенти Марям Ражавий ҳам X (собиқ Twitter) ижтимоий тармоғида пост қолдириб, Малекшоҳи ва Абданондаги намойишчиларга миннатдорлик билдирди. Унинг сўзларига кўра, улар «режим куч тузилмаларини ортга чекинишга мажбур қилган».
АҚШ Давлат департаменти эса ўз баёнотида “адолат тантанасига бўлган умидни сўндирмай келаётган эронликларнинг жасорати ва қатъиятини олқишлаган”.
Бироқ кейинчалик – 7 январ куни Эрон давлат пропагандаси бу хабарларни рад этди. Tasnim ва Fars ахборот агентликлари Эронда намойишчилар Малекшоҳи ва Абданон шаҳарларини назоратга олгани ҳақидаги хабарларни ёлғон деб атади. Уларда айтилишича, Эронда намойишчилар Малекшоҳи ва Абданон шаҳарларини назоратга олгани ҳақидаги маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмайди.
Тайёрига айёр аламзадалар
2022 йилдаги норозиликларда ҳам, Исроил ҳужум қилганида ҳам, ҳозир ҳам пайтдан фойдаланиб халқни ҳукуматга қарши гижгижлаган бир сиёсий мурда – Эроннинг 1979 йилдаги Ислом инқилобига қадар шоҳи бўлган, халққа даҳшатли ва адолатсиз зулми ва маишатпарастлиги билан ном яиқарган ва кейин барча бойликларини олиб, Ғарбга қочиб кетган марҳум Шоҳ Муҳаммад Ризо Паҳлавийнинг оиласи яна ОАВда кўриниб қолди.
Жумладан, Эроннинг сўнгги шоҳининг ўғли бутун мамлакат аҳолисини “Оятуллоҳлар режими”га қарши намойишга чиқишга чақирди. Ризо Паҳлавий Эрон аҳолисини 8 ва 9 январ кунлари бир вақтнинг ўзида намойишга чиқишга чақирди. У бу ҳақда Х ижтимоий тармоғи орқали форс тилида чиқарган видео мурожаатида маълум қилди.
Паҳлавий халққа қилган мурожаатида Эрондаги намойишларни диққат билан кузатиб бораётганини билдирган ва “зўравон режим”нинг босимига қарамай халқнинг курашаётганини эътироф этган. Шунингдек, у Эрон халқини ҳаракатдан тўхтамасликка чорлаган.
"Намойишларни тартибли ва иложи борича кенг доирада сақлаш жуда муҳим. 8 ва 9 январ кунлари қаерда бўлсангиз ҳам озодлик шиорлари билан намойишни бошланг. Сизнинг жавобингизга қараб кейинги чақирувларни эълон қиламан", — деган у.
Бундан ташқари, Паҳлавий Эрон хавфсизлик кучларига ҳам мурожаат қилиб, улар тарихий танлов олдида турганини, ё “жиноятчилар” билан бир тарафда туриш, ё халқ билан бўлишни танлаши кераклигини айтиб ўтган.
"Қуролларингизни одамларга қарши ишлатманг, аксинча уларни ҳимоя қилинг. Шунда нафақат миллий бурчингизни бажарасиз, балки ўзингиз ва оилангиз келажагини ҳам ҳимоя қилган бўласиз", деган Паҳлавий.
Эрон шоҳлари ҳамкорлик қилган ва ҳозирда ўғли ҳам хизмат қилувчи Исроилнинг The Jerusalem Post' нашри ёзишича, Эрондаги курд мухолифати вакиллари ҳам аҳолини умумий иш ташлаш ўтказишга ва намойишларни кучайтиришга чақирган.
Манфаатдорлар, ички ва ташқи душманлар
Гарчи бу норозилик намойишлари спонтан равишда бошланган бўлсада, у халқнинг йиллар давомида йиғилиб келган норозликларининг вулқон тарзида отилиши тарзида изоҳлаш мумкин. Муаммоларнинг йиғилиб кетган бўлсада ҳал қилинмаётгани халқнинг сабр косасини тўлдириши табиий.
Қолаверса, ҳар қандай норозилик намойишларининг триггерлари ва молиячилари бўлади. Айрим тахминларга кўра бу вазифани Исроил ва АҚШ агентлари уддалаяпти. Айниқса Исроил Эрондаги мавжуд режимнинг қулашидан кучли манфаатдор.
Ички оппонентлар сифатида эса секуляр, аниқроғи – исломофоб қатламни, шунингдек, курд, озарбайжон ва бошқа йирик этник қатламларни кўрсатиш мумкин. Чунки Эрондаги шиа режими форслардан бошқа халқларнинг манфаатларига кўз юмиб келгани улар орасида ҳам норозилик кайфиятини кучайтирган.
Шунингдек, Эроннинг ўз мазҳабдоши Озарбайжонга қарши бориб, унинг рақиблари – Арманистон ва Россия билан ҳамкорлик қилиши ҳам озарбайжонларга маъқул келмайди, албатта.
Шу билан бирга, Эрон режими ўз шиалигини пеш қилиб, қолган 99 фоиз мусулмонлардан иборат суннийлар яшовчи давлатлар билан ҳам дўстона алоқалар ўрната олмади. Минтақадаги қудратли сунний давлатлар – Саудия Арабистони ва Туркияни ўзига рақиб сифатида кўрди. Бу омил ҳам Теҳрон фойдасига ўйнамаслиги табиий.
Ҳозирги вазият ва прогноз
Эронда кечаётган ҳозирги норозилик намойишлари оддий ижтимоий-иқтисодий чиқишлар эмас, балки йиллар давомида йиғилиб келган тизимли муаммоларнинг очиқ портлаши ҳисобланади. Инфляция, ишсизлик, санкциялар, ташқи урушлар, миллий камситиш, сиёсий эркинликларнинг йўқлиги ва ҳокимиятнинг кучга таянган бошқаруви жамиятни тубдан чарчатди. Аввалига иқтисодий талаблар билан бошланган норозиликлар қисқа вақт ичида сиёсий тус олди ва “нон” талабидан “режим”га қарши шиорларга айланди.
Ҳозирги кунга келиб, Эрондаги тўқнашгувлар куч ишлатар тизимлар билан тўлақонли қуролли тўқнашувларга айланди. Намойишчиларнинг айримлари қуролланмоқда. Уларни ким қуроллантираётгани ҳозирча номаълум. Мамлакатда фуқаролик уруши бошланиши ва режимнинг қулаши учун барча шароитлар етилмоқда.
Ҳукуматнинг дастлабки юмшоқ позициядан тезда зўравонликка ўтиши вазиятни янада кескинлаштирди. Интернетни ўчириш, оммавий ҳибслар, ўқ отиш ва ташқи кучларни айблаш анъанавий сценарий бўлиб, у аҳолининг қўрқишидан кўра ғазабини кучайтирмоқда. Шу билан бирга, режимнинг ички заифлиги — элита ичидаги ишончсизлик, молиявий захираларни чиқариш, эҳтимолий қочиш сценарийларининг муҳокама қилиниши — ҳокимиятнинг ўзи ҳам вазият барқарорлигига ишонмаётганидан далолат беради.
Ташқи кучлар — АҚШ, Исроил ва Ғарб давлатлари — очиқ ёки ёпиқ шаклда вазиятни диққат билан кузатмоқда ва мавжуд режимнинг заифлашувидан стратегик фойда кўраётгани сир эмас. Бироқ шуни ҳам тан олиш керакки, намойишларнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучи — бу ташқи эмас, айнан ички омиллардир. Халқ ўз келажаги, қадр-қиммати ва яшаш ҳуқуқи учун кўчага чиқмоқда.
Прогноз
Яқин ойлар учун Эрондаги вазият бўйича учта асосий сценарийни кўриш мумкин:
Биринчи сценарий — қаттиқ бостириш.
Ҳокимият куч тузилмалари, хориждан жалб қилинган прокси гуруҳлар ва оммавий репрессиялар орқали намойишларни вақтинча бостириши мумкин. Бироқ бу сценарий барқарорликни эмас, фақат кечиктирилган портлашни англатади. Иқтисодий инқироз ва ижтимоий адолатсизлик сақланиб қолар экан, янги ва янада шиддатли норозиликлар муқаррар бўлади.
Иккинчи сценарий — назоратдан чиққан инқироз.
Агар намойишлар кенгайиб, иш ташлашлар, қуролли қаршилик ва хавфсизлик кучларининг бир қисмининг халқ томонига ўтиши кузатилса, Эрон Венесуэла ёки Сурияга ўхшаш узоқ муддатли беқарорлик йўлига кириб кетиши мумкин. Бу ҳолатда мамлакат амалда бир нечта таъсир зоналарига бўлиниб, ташқи кучлар ўртасидаги рақобат майдонига айланади.
Учинчи сценарий — режим ичида трансформация.
Энг кам эҳтимолли, аммо энг кам қон тўкиладиган вариант — элита ичидаги келишув, айрим сиёсий ислоҳотлар ва ҳокимиятнинг қисман янгиланишидир. Бироқ ҳозирги шиа режими табиати ва Хоманаий атрофида шаклланган қаттиқ вертикал тизим бу сценарийни деярли имконсиз қилади.
Умуман олганда, Эрон тарихий бурилиш нуқтасига яқинлашмоқда. Бу жараён қисқа муддатда ҳал бўлмаслиги мумкин, аммо бир нарса аниқ: жамият қўрқув босқичидан ўтиб бўлди. Халқ бир марта очиқ қарши чиққан экан, у энди аввалгидек сукут сақлаб, сабр ва шукр қилиб ўтириш ҳолатига қайтмайди. Эрондаги ҳозирги намойишлар — бу режимнинг эмас, балки бутун минтақанинг келажагини белгилаб берувчи жараёнга айланиб бормоқда.
Абулфайз Сайидасқаров