Hyundai автомобил заводлари учун янги одамсимон роботни тақдим этди
Atlas роботи инсон ўлчамидаги тўлиқ айланувчи бўғинлари орқали 50 кг гача юк кўтара олади. У −20°C дан +40°C гача бўлган ҳароратларда ишлай олади.

Hyundai автомобил заводлари учун янги одамсимон роботни тақдим этди. Бу ҳақда Bloomberg хабар берди.
Hyundai АҚШда қуриладиган янги заводда йилига 30 мингтагача роботни оммавий ишлаб чиқаришни мақсад қилган.
Сеулда жойлашган автомобил ишлаб чиқарувчи компания дастлаб янги Atlas роботларини юқори даражада такроланувчи вазифаларни бажаришга жалб этишни режалаштирмоқда.
Жумладан, автомобилларга ўрнатилишидан олдин эҳтиёт қисмларни маълум кетма-кетликда жойлаштириш каби ишлар шулар жумласидандир.
Кейинчалик, 2030 йилга бориб, роботлар янада мураккаб йиғув жараёнларига ҳам жалб қилинади. Бу ҳақда Hyundai Лас-Вегасда бўлиб ўтаётган CES технология кўргазмаси доирасида берган баёнотида маълум қилди.
Atlas роботи инсон ўлчамидаги тўлиқ айланувчи бўғинлари орқали 50 кг гача юк кўтара олади. Шунингдек, у −20°C дан +40°C гача бўлган ҳароратларда ишлай олади.
Ушбу роботлар АҚШнинг Жоржия штати, Саванна шаҳридаги заводда ҳам қўлланилиши режалаштирилган.
Автомобил саноати меҳнат харажатларини камайтириш ва ишчилар хавфсизлигини ошириш мақсадида йиғув линияларини автоматлаштириш бўйича етакчи соҳалардан бири бўлиб келмоқда. Сунъий интеллект ёрдамида автомобил ишлаб чиқарувчилар янги даромад манбалари яратиш, шунингдек, қўлсиз бошқарув каби инновациялар орқали автомобил ичидаги тажрибани яхшилаш имкониятларини кўрмоқда.
Хитойнинг электромобил ишлаб чиқарувчиси Xpeng Inc. ўтган йили Iron номли роботини катта шов-шув билан тақдим этиб, акцияларининг кескин ошишига эришган эди. Tesla Inc. эса Optimus роботини ишлаб чиқмоқда. Компания раҳбари Илон Маск бу робот “барча даврларнинг энг йирик маҳсулоти” бўлиши ва келажакда Tesla қийматининг 80 фоизини ташкил этишини айтган.
Toyota Motor Corp. ҳам ривожланган робототехника дастурига эга бўлиб, 2024 йилда Hyundai билан ҳамкорликда сунъий интеллект асосидаги роботларни ишлаб чиқишни тезлаштиришга келишиб олган.
Роботлар узоқ йиллардан бери пайвандлаш ва логистика каби оддий вазифаларда қўлланиб келинади. Бироқ ҳозир компаниялар роботлар янада мураккаб ишларни бажара олиши учун технологик ютуқларга умид боғламоқда. Сунъий интеллектнинг жадал ривожи соҳа бўйича оптимистик прогнозларни кучайтирмоқда.
Goldman Sachs Group Inc. роботлар бозори 2035 йилга бориб 38 миллиард долларга етишини тахмин қилмоқда. Morgan Stanley эса 2050 йилга келиб бу кўрсаткич 5 триллион долларга етиши ва ўша пайтда дунёда 1 миллиарддан ортиқ одамсимон робот ишлатилишини прогноз қилмоқда.
Hyundai компанияси гуманоид роботлар келажакда жисмоний сунъий интеллект бозорининг энг йирик сегментига айланишини кутаётганини ва Atlas моделини оммавий ишлаб чиқариб, уни саноат объектларида кенг миқёсда жорий этишни мақсад қилганини билдирди.
Автомобил ишлаб чиқарувчи компания 2019 йилда Робототехника лабораториясини ташкил этган, икки йилдан сўнг эса Boston Dynamics’ни сотиб олган. Мазкур компания Spot номли робот-ит ва омборларни тўлдириш учун мўлжалланган Stretch робот қўли билан тижорий муваффақиятга эришган.
Hyundai келгуси беш йил ичида Жанубий Кореяда сунъий интеллект, робототехника ва бошқа янги технологияларга 86 миллиард доллар сармоя киритишни, шунингдек, 2028 йилгача АҚШда яна 26 миллиард доллар инвестиция қилишни режалаштирмоқда.
Шунингдек, компания Nvidia Corp. билан стратегик ҳамкорликни кучайтиришни режалаштирган. Ушбу чип ишлаб чиқарувчи компания технологиялари инновацияларни тезлаштириш ва самарадорликни оширишга хизмат қилади. Икки компания октябр ойида Жанубий Кореяда 3 миллиард долларлик сунъий интеллект кластерини барпо этиш бўйича келишув имзолаган.