Европа Иттифоқи Украинага 90 млрд евро қарз ажратишга келишди
Бироқ музлатилган Россия активларини ишлатиш бўйича режа Белгиянинг қаршилиги ва ҳуқуқий-молиявий мураккабликлар сабаб ҳозирча амалга ошмайдиган вариант деб топилди.

ЕИ етакчилари Украинага 90 млрд евро қарз ажратишга келишди, аммо Россия активларидан фойдаланиш борасида келишувга эришилмади.
Европа Иттифоқи раҳбарлари Украинани кейинги икки йил давомида қўллаб-қувватлаш учун 90 миллиард евро миқдорида қарз ажратишга рози бўлди. Бироқ музлатилган Россия активларини ишлатиш бўйича режа Белгиянинг қаршилиги ва ҳуқуқий-молиявий мураккабликлар сабаб ҳозирча амалга ошмайдиган вариант деб топилди.
Европа Иттифоқи етакчилари бугун Россия активларидан фойдаланмасдан, Украина мудофаасини келгуси икки йил давомида молиялаштириш учун 90 миллиард евро (105 млрд доллар) миқдорида маблағни қарз шаклида ажратишга келишиб олди.
Етакчилар, шунингдек, музлатилган Россия активларига асосланган, “репарация кредити” деб аталувчи ташаббус устида ишлашни давом эттириш учун Европа Комиссиясига ваколат берди, бироқ айни пайтда бу вариант, айниқса активларнинг катта қисми жойлашган Бельгиянинг қаршилиги туфайли, амалий жиҳатдан қилиб бўлмайдиган деб топилди.
“Бугун биз Украинага 90 миллиард евро ажратиш қарорини маъқулладик”, деди ЕИ саммити раиси Антонио Кошта Брюсселдаги етакчилар музокараларидан сўнг бугун тонгдаги матбуот анжуманида. “Украинага зудлик билан Европа Иттифоқи бюджети кафолати остида қарз тақдим этамиз”, деди у.
Россия активларидан фойдаланиш ҳозирча жуда мураккаб.
Дастлаб ЕИ томонидан қарз олиш режаси амалга ошмайдигандек кўринган, чунки бунга барча аъзоларнинг розилиги талаб этилади ва Венгрия бош вазири Виктор Орбан бунга қарши эди. Бироқ Венгрия, Словакия ва Чехия бу механизм уларга молиявий зарар етказмаслиги шарти билан режани қўллаб-қувватлашга рози бўлди.
ЕИ етакчилари Россиянинг жами 210 миллиард евролик активлари иттифоқ ҳудудида Москва Украинага уруш учун товон тўламагунча музлатилганича қолишини таъкидлади. Агар Россия бундай қарорга келса, Украина ушбу маблағ эвазига олинган қарзни ЕИга қайтариши мумкин бўлади.
“Бу — Украина учун яхши, Россия учун эса ёмон хабар. Биз эса айнан шундай бўлишини хоҳлаган эдик,” деди Германия канцлери Фридрих Мерц.
Украинага маблағ топиш масаласи ниҳоятда муҳим эди, чунки ЕИ молиявий ёрдамисиз Украина келаси йилнинг иккинчи чорагида маблағсиз қолиши ва катта эҳтимол билан урушни ютқазиши мумкин. Бу эса Европа Иттифоқи учун Россия тажовузи хавфини янада яқинлаштиради.
Қарор Россия активларига асосланган мисли кўрилмаган кредитнинг техник тафсилотлари юзасидан бир неча соатлик музокаралардан сўнг қабул қилинди. Бироқ бу механизм ҳозирча жуда мураккаб ва сиёсий жиҳатдан хавфли деб топилди. Энг катта муаммо бу Европадаги Россия активларининг 185 миллиард евроси сақланаётган Белгия учун молиявий ва ҳуқуқий хавфлар юзасидан етарли кафолатлар тақдим этиш масаласи бўлди.
Саммитга келган бир қанча ЕИ етакчилари Украинани келгуси икки йил давомида молиялаштириш муҳимлигини таъкидлади. Шунингдек, улар АҚШ президенти Доналд Трампнинг Европа давлатларини “заиф” деб атаганидан сўнг Европанинг бирдамлиги ва қатъиятини намойиш этишни исташди.
Украина президенти Владимир Зеленский саммитда иштирок этиб, Россия активларидан фойдаланишга розилик билдиришга чақирди.
“Россия тажовузига қарши мудофаа учун рус активларидан тўлиқ фойдаланиш тарихда қабул қилиниши мумкин бўлган энг аниқ ва ахлоқан энг асосли қарорлардан биридир,” деди у.