Шавкат Мирзиёев Япониядаги ватандошлар билан мулоқот қилди
Давлат раҳбарининг Японияга ташрифи ўзбекистонлик ватандошлар билан учрашувдан бошланди.

Президент Шавкат Мирзиёев Япония Бош вазири Санаэ Такаичининг таклифига биноан 18 декабрь куни Япония пойтахти Токио шаҳрига етиб борди.



“Ханеда” халқаро аэропортида давлат раҳбарини Япония ички ишлар ва коммуникациялар вазири Ёшимаса Хаяши ва бошқа расмий шахслар кутиб олди.
Президент Шавкат Мирзиёев Японияда меҳнат қилаётган ва таҳсил олаётган ватандошлар билан суҳбатлашди.



Давлат раҳбари ватандошларимизга иши ва ўқишида муваффақиятлар тилаб, улар кунчиқар юртда орттирган билим ва тажрибалар Ватанимиз тараққиёти ҳамда халқимиз фаровонлигига хизмат қилишига ишонч билдирди.
Эслатиб ўтамиз, ташрифнинг асосий тадбирлари 19-20 декабрь кунлари бўлиб ўтади. Ўзбекистон Президенти Япония Императори Нарухито, Бош вазири Санаэ Такаичи ва бошқа расмийлар, ишбилармон доиралар ҳамда академик ҳамжамият вакиллари билан учрашувлар ўтказади.