Ёш агрономларга 2 минг доллардан ойлик тўланади
Агрономлик сирларини ўргатган фермер ва кластерга ҳар бир талаба учун 5 миллион сўмдан пул, талабага эса 1,5 миллион сўм стипендия тўланади.

Президент қишлоқ хўжалиги соҳаси ходимлари билан учрашди.
“Мирзачўл” кластери чўл шароитида бу йил пахтадан гектарига 50-55 центнердан ҳосил олди, унга бириктирилган 27 нафар фермер эса ҳосилдорликни 85 центнергача олиб чиқди.
Ушбу тажрибани оммалаштириш учун Мирзачўлда инновацион қишлоқ хўжалиги мактаби ташкил қилинмоқда. Бутун республикадаги 1 минг нафар фермер ушбу мактабда чўл шароитида пахта етиштириш бўйича ўқитилади. Мазкур мактабда ўқиб, сертификат олган фермерларга рейтингда қўшимча 10 балл берилади.
Шу билан бирга, илғор фермерларни устоз сифатида кам ҳосил олаётган фермерларга бириктириб, ҳар икки томонга ҳам манфаатли бўладиган тизим қилинади.
Устоз фермерлар ўз тажрибасини шогирд фермерга ўргатиб, ҳосилни 50 центнердан оширишга кўмаклашса, 5 миллион сўм мукофот олади.
Яхши агроном – юқори ҳосил кафолати.
Шу боис, Аграр университетнинг 180 нафар талабаси дуал таълим асосида илғор кластер ва фермерларда ишлаб, амалиёт ўтайди.
Агрономлик сирларини ўргатган фермер ва кластерга ҳар бир талаба учун 5 миллион сўмдан пул, талабага эса 1,5 миллион сўм стипендия тўланади.
Етарли тажриба ва кўникма орттирган ёш агрономлар қишлоқ хўжалигига ихтисослашган 167 та туманда кафолатланган ишга юборилади.
Улар фермерлар фаолиятига янгиликларни олиб кириб, сифатли уруғ ва нав, замонавий агротехнология ёрдамида ҳосилдорликни ошириш ва харажатларни қисқартиришга кўмаклашади.
Бу ишларни сифатли ташкил қилиши учун ушбу ёш агрономларга 2 минг доллардан ойлик тўланади. Ана шунда агрономлик ёшлар ўртасида энг жозибадор касблардан бирига айланиши таъкидланди.