Тошкент ҳавосини нима бўғиб қўйди?
Пойтахт ҳавосининг ифлосланиши фақат машиналар ёки заводлар туфайли эмас, балки табиий метеорологик ҳодисалар сабабли ҳам кучайиб бормоқда.

Ёғингарчилик бўйича 1917 йилдан кейинги илк антирекорд қайд этилди. Ёмғирлар чекинмоқда. Бу ҳақда Тошкент иқлимидаги жиддий ўзгаришлар таҳлил қилинган кўрсатувда айтиб ўтилди.
"Ёз ойлари жуда иссиқ келди, 6 ой бўлибдики, Тошкентда атиги 3 марта ёмғир ёғди. 1860 йилдан буён кузатув олиб борилаётган таянч Тошкент обсерватория станцияси маълумотларига кўра, пойтахтимизда йил давомида ўртача ҳисобда 444 миллиметр ёмғир ёғиши керак. Энг кам ёмғир ёғган йил (147 миллиметр) 1917 йилга тўғри келади. Ҳозирги кунда ҳам Тошкентда бор-йўғи 170 миллиметр ёмғир ёғди. Яъни, 100 йилдан зиёд вақтдан сўнг яна энг кам ёмғир ёғган иккинчи шундай даврга гувоҳ бўляпмиз.
Иқлим ўзгариши туфайли минтақамизда чўллашиш жараёни кетмоқда, чўллашиш аста-секин шарқий ҳудудларга қараб аёвсиз бостириб келяпти, Тошкент ва унга ёндош Қозоғистон ҳудудларида кўплаб чўлларни кўриш мумкин. Мана шундай жойда шаклланаётган чанг куз ойлари давомида ҳавода тўпланиб турибди", дейди Ўзбекистон гидрометеорология тузилмаси масъул ходими Эркин Абдулаҳадов.
Олимнинг айтишича, Тошкентда табиий ва антропоген омил аралашиб кетди, бу аралашув антициклон ҳолатига, яъни қуруқ ҳаво кўпайишига сабаб бўлади. Антициклон натижасида ҳавода инверсия деган ҳодиса юз беради. Қуёш чиққандан кейин пастда, ер сиртида совуқ ҳаво қолиб кетади, қуёш ердан 300-400 метр юқорини иситиб, пастдаги ва юқоридаги ҳароратни бир хил қилиб, совуқ ҳавони босиб қўяди. Мана шу пайтда ердаги барча чанг заррачалари аста-секин ҳавога кўтарилади. Ҳозир шундай кўтарилиш юз беряпти. Охирги 4 кун давомида аҳоли шу жараён ичида яшаяпти. Ёмғир ёғмаяпти, агар ёғганда бунинг устидан худда кўрпадек босиб қўйган бўлар эди. 2 метр-секунддан юқори тезликдаги шамол эсса, пойтахтда йиғилган «смог», заҳарли тутунни ташқарига олиб чиқиб кетиш кучи юзага келган бўлар эди.
Афсуски, бу йил қурқоғчил, нам ҳаво оқимлари камроқ кириб келадиган даврдамиз ҳозир. Келаётган кунларда ҳам худди шундай манзара сақланиб қолиш эҳтимоли мавжуд.
Ёғингарчилик 5-6 декабр кунига қадар пойтахтда кузатилмаслиги прогноз қилинмоқда. Ҳафтанинг биринчи уч кунлигида антициклон таъсирида қуёш чиққанидан ва ботганидан кейин асосий ифлосланиш ҳолатлари бўлиб туради.
"Ҳозир Тошкентда асосий ифлосланиш 100-200 метргача бўляпти. 200 метр юқорига чиқсангиз, ҳаво топ-тоза, кўм-кўк осмонни кўрасиз.
200 метр баландликкача бўлган масофада майда заррачалар жуда кўп, уни ҳосил қилувчилар — чанг, иссиқхона газлари, ҳаммаси таъсир кўрсатяпти. Бунда автомобиль сектори таъсири ҳам бор. Автомобиллар жуда тирбанд ҳаракатланадиган вақтларда датчикларимиз кўтарилиб кетяпти. Кундузги ва кечки муддатда ҳам мана шундай вазият", дейди иқлимшунос.