platina.uz
Жамият

Ўзбекистон ҳудудидан қадимий "темир шаҳар" излари топилгани айтилди

Марсманда Ипак йўли тизимидаги муҳим металлургия марказларидан бири сифатида қайд этилган бўлиб, айнан темир ишлаб чиқариш билан машҳур бўлган. 

Ўзбекистон ҳудудидан қадимий "темир шаҳар" излари топилгани айтилди

Ўзбекистонда археологлар томонидан қадимий даврга тегишли темир шаҳар топилган бўлиши мумкин.

Навбатдаги кашфиёт — юқори тоғларда жойлашган Тугунбулоқ ҳудудидан топилган йирик қадимий шаҳар излари — Марказий Осиё тарихи бўйича илмий тасаввурларни сезиларли даражада ўзгартириши мумкин. Тадқиқотчилар бу масканни араб географлари Х асрда тилга олган Марсманда шаҳри билан боғлашмоқда. Тарихий манбаларда Марсманда Ипак йўли тизимидаги муҳим металлургия марказларидан бири сифатида қайд этилган бўлиб, айнан темир ишлаб чиқариш билан машҳур бўлган.

Экспедиция раҳбарлари - Вашингтон университетидан Майкл Фрачетти, Ўзбекистон Миллий археология марказидан Фарҳод Мақсудов ва Калифорния университетидан Сангиот Меҳендале - дастлаб бронза даври чўпонларининг изларини қидирганликлари ҳақида хабар берилган.

Тугунбулоқдаги қазиш ишлари бир неча йил аввал бошланган бўлиб, археологлар мураккаб рельеф сабаб ҳудудни дронлар ёрдамида, хусусан лидар сканерлаш технологияси орқали ўрганган. Айнан шу усул ер остига яшириниб қолган деворлар, миноралар, ҳунармандчилик зоналари ва металл эритиш майдонларини аниқлашга имкон берди.

Тадқиқотларга кўра, шаҳар 300 акрдан ортиқ — яъни 1,2 квадрат километрдан кўпроқ ҳудудни эгаллаган. Бу ўша давр учун кичик қишлоқ эмас, балки анча йирик ва тузилмаларга эга бўлган марказ бўлганидан далолат беради.

Шаҳар денгиз сатҳидан тахминан 2 100 метр баландликда жойлашгани билан ҳам ажралиб туради. Мутахассислар фикрича, бундай ҳудудда йирик металлургия марказининг мавжудлиги тоғлар Ипак йўли иқтисодий тизимида бундан олдин ўйланганидан анча муҳим роль ўйнаганини кўрсатади. Кўп йиллар давомида тарихчилар савдо карвонлари асосан воҳалар ва катта шаҳарлар атрофидан ўтган деб ҳисоблаб келган бўлса, янги топилма тоғлар ҳам металл, ёғоч, чорвачилик маҳсулотлари ва бошқа хом ашё билан таъминловчи стратегик нуқта бўлганини кўрсатмоқда.

Археологлар аниқлаган маълумотларга кўра, Тугунбулак ҳудудида кўчманчи ва ўтроқ аҳоли фаолиятининг уйғунлашган шакли кузатилади. Бу эса илмий доираларда кўп муҳокама қилинаётган «номад урбанизми» тушунчасига реаллик бағишламоқда. Ҳудудда топилган металл эритиш печлари, устахоналар, қоришма темир шлаклари ва қурилиш излари — бу ерда бир вақтнинг ўзида ҳунармандчилик ва чорвачиликка асосланган мураккаб иқтисодий тизим мавжуд бўлганини кўрсатади.

Шу билан бирга, шаҳар кимлар томонидан бошқарилгани ҳақида аниқ хулоса ҳали йўқ. Баъзи тадқиқотчилар Марсманданинг туркий элита томонидан назорат қилинганини таъкидласа, бошқа бир қатор олимлар сўғдий савдогарлар ва маъмурлар бу ерда муҳим рол ўйнаган деб ҳисоблайди. Тарихий манбалар бир-бирига яқин бўлса-да, Тугунбулакдан топилаётган буюмлар икки маданиятнинг аралашганини кўрсатмоқда.

Ҳудуддаги энг таъсирли топилма ташландиқ бинода қазилган чуқурда топилган 7 аср туркий жангчисининг дафн маросими бўлди. Скелет билан бирга от суяклари, темир ўқ учлари, пўлат ханжар, бронза сирғалар ва бўри юзи туширилган кичик бронза тугма - эҳтимол туркий тамга, уруғ рамзи - топилди. Жангчининг камарига осилган қайин пўстлоғи халтасида учта танга бор эди, улардан бирида осиёлик хусусиятларга эга узун сочли қиролнинг портрети ва сўғд тилида ёзув бор эди.

Шаҳар ҳаёти нега ХI аср ўрталарига бориб инқирозга учрагани доир ҳам бир нечта фаразлар мавжуд. Баъзи талқинларда иқлим ўзгариши туфайли ўрмонларнинг қисқариши, темир ишлаб чиқариш учун зарур ёқилғининг етишмаслиги ва иқтисодий марказларнинг ўзгариши сабаблардан бири сифатида кўрсатилади. Яна бир талқинга кўра, қуйи ҳудудларда янги металлургия марказларининг пайдо бўлиши бу тоғли аҳоли пунктини аста-секин бўшатган бўлиши мумкин.

Ҳозирча илмий гуруҳ фақат дастлабки қатламларни ўрганган холос. Қазишларнинг навбатдаги босқичи 2026 йил ёзида давом эттирилади. Мутахассислар Тугунбулакдан яна кўплаб археологик буюмлар, керамика, темир қуроллар, хўжалик буюмлари ва меъморий қисмлар топилишини кутмоқда. Топилмалар шаҳар ҳаёти, унинг иқтисодий алоқалари, савдо йўллари ва аҳолининг турмуш тарзига оид янги маълумотлар бериши мумкин.

Янги шаҳар қолдиқларининг топилиши Марказий Осиё тарихига доир илмий изланишлар учун жиддий ўзгаришлар қилади. Айниқса, Ипак йўли бўйича тоғли ҳудудларнинг рольи, кўчманчи ва ўтроқ гуруҳлар ўртасидаги иқтисодий алоқалар ҳамда металлургиянинг минтақа тараққиётидаги ўрни қайта кўриб чиқилмоқда. Тугунбулоқ бундан буён нафақат маҳаллий, балки халқаро илмий жамоатчилик эътиборида қолиши кутилмоқда.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid