Ёшлар форуми самарали якунланди – Ксения Ланец
Ҳар бир мамлакат делегацияси ишчи гуруҳлар таркибида фаол қатнашди, таклифлар киритди ва якуний ҳужжатни таққослаб, Бош Ассамблеяда тақдим этишга тайёрлади.

Самарқанд шаҳрида жаҳоннинг етакчи ёшларини бирлаштирган халқаро тадбир – ЮНЕСКОнинг 14-ёшлар форуми ўз ишини якунлади. 27-28 октябр кунлари Самарқанд шаҳрида, ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси арафасида ўтказилган ушбу форумда ёшларнинг иқлим муаммоларини ҳал этишдаги иштироки ва барқарор ривожланиш ғоялари муҳокама қилинди.
Икки кунлик форумда иштирок этган илғор ёшлар вакили, Беларус ЮНЕСКО клублари ассоциацияси аъзоси Ксения Ланец икки кун давомида ушбу форум аҳамиятини таъкидлаб, ўзининг глобал иқлим ўзгаришлари масаласига муносабати қандай шакллангани ҳақида гапириб берди:
“Бу анжуман иштирокчисига айланишим тарихи жуда қизиқ бўлди. Мен бу ерга Беларус ЮНЕСКО клублари ассоциациясидан вакил бўлиб келганман. Аммо сўнгги тўрт йил давомида Москвада яшаб, ўқиганман, шунга қарамасдан, уюшма билан яхши муносабатларим сақланиб қолган эди. Шу вақт мобайнида турли иқлим конференцияларида фаол иштирок этганман.
Масалан, турли банкларда экологик сиёсат масалаларини тадқиқ қилганман. Шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти моделларида ҳам қатнашганман – чунки улар Бош конференцияга тайёргарлик вазифасини бажаради.
Бир куни ассоциациямизга расмий хат келди – унда делегатлар шундай форумда қатнашишлари мумкинлиги ҳақида маълум қилинган эди.
Мен ўз резюме ва портфолиомни юборишга қарор қилдим, натижада мени мамлакатимиз ташқи ишлар вазирлиги маъқуллади. Кейин эса форумнинг ташкилот қўмитаси томонидан расман тасдиқландим.”

Ксения Ланецнинг айтишича, унинг ташаббуслари ҳамда Беларус ёшлари эътиборини экологик муаммоларга қаратиш ва уларни амалий ҳаракатларга ундаш қобилияти ЮНЕСКО танлов ҳайъатида қизиқиш уйғотган:
“Аслида биз умумий ҳужжат – мавжуд муаммоларни қамраб оладиган декларация тайёрлаймиз. Яъни иқлим сиёсати бўйича умумий тавсиялар ишлаб чиқамиз. Мен асосан ёшлар билан таълим ва тренинглар соҳасида ишлайман.
Шунинг учун мен ишлаб чиққан тавсиялар, асосан, иқлим таълими соҳасини такомиллаштириш ва ўсмирлар ҳамда ёшларни бу мавзуларга жалб этишга қаратилган эди.
Ҳаммаслакларим томонидан жуда қизиқ таклифлар ўртага ташланди. Масалан, бир қиз қўзиқоринларни ўрганади, уларни микроскоп орқали таҳлил қилади. У ўз нуқтаи назари, масаланинг биологик жиҳатлари ҳақида сўзлаб берганида кўпчилик ёшларда қизиқиш уйғотди.
Бошқа бир йигит кимёгар бўлиб, у иқлим жараёнларининг саноатга боғлиқ жиҳати билан шуғулланади. Шу боис, у муаммонинг техник хусусиятлари юзасидан тавсиялар берди.
Шу тариқа, биз – турли тажриба ва билимга эга бўлган ёшлар бирлашиб, ҳар бир томоннинг қараши ва воқеликни ҳаққоний акс эттирувчи, энг тўлиқ ҳужжатни яратишга ҳаракат қилдик.”
Беларус ёшлари вакилининг фахрланиб айтишича, у ишлаб чиқилган лойиҳалар иқлим ўзгаришлари билан боғлиқ глобал жараёнларга ижобий таъсир кўрсатиши мумкин:
“Бизнинг ғояларимиз Бош Ассамблеянинг асосий форуми доирасида эшитилишига катта умид қилган эдик. Албатта, барча таклиф ва тузатишларни бир зумда глобал ҳужжатларга киритишнинг иложи йўқ – барча соҳаларни бир вақтнинг ўзида қамраб олиш ҳам мумкин эмас.
Лекин ишонамизки, биз тайёрлаган умумий тавсиялар уларни ўқиб чиқадиган, эҳтимол, тинглайдиган одамлар учун ўзига хос огоҳлантирувчи “қўнғироқ” бўлади. Ёки, эҳтимол, ўзаро мулоқотимиз учун ҳам фойдали бўлади, чунки биз бир-биримиз билан ғояларимиз, тажрибамиз, билим фондимиз билан ўзаро ўртоқлашяпмиз. Шу жараёнда, балки кимдир бошқа давлатдаги муаммолар билан боғлиқ янги лойиҳа ҳақида ўйланиб қолиши мумкин.
Шу жиҳатдан олганда, форумнинг асосий мақсади – фақатгина бизга глобал даражада гапириш имконини бериш эмас, балки биз ўзаро мулоқот қилишимиз, тажриба алмашишимиз ва, эҳтимол, бир-биримизга ёрдам беришимиз ҳамдир.
Шунинг учун ҳам дастуримизда умумий йиғилишлар кўп эмас. Чунки тайёргарлик ишларини анча олдин – август ойидан бошлаганмиз. Шу вақт давомида иқлим ўзгариши билан боғлиқ турли йўналишларда иш олиб бордик. Масалан, мени жуда ҳайратга солган мавзулардан бири – иқлим ўзгариши билан боғлиқ руҳий соғлиқ муаммоси эди.
Яъни, одамлар иқлим муаммолари туфайли ҳақиқатан ҳам руҳий хавотир ҳис қилади, бу муаммолар уларнинг руҳий ҳолатига таъсир кўрсатади. Мен каби Беларус вакили учун бу бир оз ғалати туюлди, чунки бизда иқлим бўйича барқарор ривожланиш мақсадларининг кўпчилиги амалга оширилган ёки ижобий йўналишда ривожланмоқда. Аммо, эҳтимол, ривожланган минтақалардаги ўзгаришлар кимларнидир тафаккур ва амалий ҳаракатларга чоралашидан умид қиламан”.
Алоҳида таъкидлаш жоиз, Ксения Ланец каби юзлаб етакчи ёшлар иштирок этган Самарқанд форумида ёшлар нафақат фикр алмашди, балки аниқ амалий таклифлар ҳам ишлаб чиқишди. Форумнинг сўнгги куни якуний декларацияни муҳокама қилиш ва унга ўзгартиришлар киритишга бағишланди. Ҳар бир мамлакат делегацияси ишчи гуруҳлар таркибида фаол қатнашди, таклифлар киритди ва якуний ҳужжатни таққослаб, Бош Ассамблеяда тақдим этишга тайёрлади.
Абулфайз Сайидасқаров
Самарқанддан махсус