МКБАНК энди BNY Mellon банкида еврода корреспондентлик ҳисобрақамига эга!
Мазкур ҳисобрақамнинг очилиши банк фаолиятида бир қатор имкониятларни тақдим этади.

"Микрокредитбанк" АТБ халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириш ва мижозларга кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш мақсадида 2025 йил 2 октябр куни евро(EUR)да АҚШнинг етакчи молиявий институти BNY Mellon банкида навбатдаги корреспондентлик ҳисобрақамини очди.
Мазкур ҳисобрақамнинг очилиши банк фаолиятида муҳим босқич бўлиб, у бир қатор имкониятларни тақдим этади:
- Халқаро ҳисоб-китобларда қулайлик: EUR ҳисобрақами орқали бошқа давлатлардаги ўзаро тўловлар янада тезкор ва самарали тарзда амалга оширилади.
- Савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш: еврода ҳисоб-китоблар Ўзбекистоннинг хорижий давлатлар билан савдо-иқтисодий ҳамкорлигини ривожлантиришга хизмат қилади.
- Мижозлар учун қўшимча имкониятлар: юридик ва жисмоний шахсларга халқаро молиявий хизматлардан фойдаланишда янги қулайликлар яратилади, бу эса уларнинг бизнес фаолиятини янада кенгайтиради.
- Банкнинг халқаро нуфузини ошириш: ушбу қадам "Микрокредитбанк" АТБнинг халқаро молия бозорида рақобатбардошлигини мустаҳкамлаш ҳамда дунёнинг йирик молиявий институтлари билан ҳамкорлик алоқаларини кенгайтиришга хизмат қилади.
"Микрокредитбанк" АТБнинг еврода корреспондентлик ҳисобрақами очилиши банк мижозларига глобал молия тизимида янада кенг имкониятларни тақдим этиши билан бир қаторда, мамлакатимиз молия секторининг халқаро интеграциясини ҳам кучайтиради.
Эслатиб ўтамиз, "Микрокредитбанк" АТБ илк бор 2025 йилнинг март ойида BNY Mellon банкида АҚШ долларида, шунингдек 2025 йилнинг август ойида Хитой юанида корреспондентлик ҳисобрақамини очган эди.
Ҳозирда "Микрокредитбанк" АТБ ODDO BHF (Германия), Aktif Yatirim Bankasi A.S. (Туркия) каби кўплаб халқаро банкларда АҚШ доллари, евро ва бошқа валюталарда корреспондентлик ҳисобларига эга.