Қурувчи корхона билан шартнома бекор қилинганда фоиз ушлаб қолиниши қонунга зид
8 нафар истеъмолчининг қурилиш ташкилотлари билан тузилган шартномалари бекор қилиниб, асоссиз равишда фоиз тўлови тўланишининг олди олинди. Уларга 1,5 млрд сўмдан ошиқ маблағ қайтарилди.

Қурувчи корхоналар билан истеъмолчи ўртасида тузилган шартномалар истеъмолчининг ташаббуси билан бекор қилинганда қурувчи томонидан ушлаб қолинадиган фоизлар қонунийми?
Жорий йилнинг январь–август ойларида Рақобат қўмитасига кўп қаватли уй-жойлар қурилиши ва харидлари бўйича 1000 га яқин мурожаат келиб тушган. Уларда асосан қурилиш ташкилотлари билан тузилган шартнома шартларининг бузилиши — янги уй-жойларни ўз вақтида топширмаслик, шартномада белгиланган талабларни бажармаслик, реклама ва эълонларда кўрсатилган лойиҳаларга амал қилмаслик каби ҳолатлар баён этилган.
Шунингдек, мурожаатларни ўрганиш жараёнида айрим қурилиш корхоналари шартномаларга қонунчиликка зид бандлар киритаётгани ҳам аниқланди.
Хусусан, шартнома шартларида “агар истеъмолчи ўз ташаббуси билан шартномани бекор қилса, қурилиш ташкилоти истеъмолчи томонидан тўланган маблағнинг ёки шартнома қийматининг 10 фоизи миқдоридаги суммани жарима сифатида ушлаб қолиш ҳуқуқига эга” деб белгиланган ҳолатлар кўплаб кузатилмоқда.
Амалда эса бундай талаблар қонун нормаларига зид ҳисобланади.
Фуқаролик кодексининг 385-моддасида шартнома бекор қилинганда фақат иккинчи тарафга аниқ зарар етказилган тақдирдагина уни қоплаш мумкинлиги белгиланган.
14-моддада “зарар” тушунчаси ҳақиқий зарар ва бой берилган фойда сифатида кўрсатилган бўлиб, амалда истеъмолчи шартномани бекор қилганда қурилиш ташкилотига зарар етмайди. Чунки кўп қаватли уйлар типик лойиҳа асосида қурилади ва қурилиш ташкилотлари бундай объектларни осонликча бошқа харидорга сотиши мумкин. Бундан ташқари, уйларга талаб юқори ва нархлар йилдан йилга ортиб бораётгани қурилиш ташкилотлари кўп ҳолларда фойда кўришини таъминлайди.
Кодексининг 260-моддасида ҳам неустойка (жарима, пеня) қарздор ўз мажбуриятини бажармаган ёки лозим даражада бажармаган ҳоллардагина қўлланиши мумкинлиги белгиланган. Аксарият ҳолларда эса истеъмолчи ўз тўлов мажбуриятларини ўз вақтида бажариб бўлади, қурилиш ташкилоти эса уйни топширмагунга қадар қарздор мақомида қолади.
Шу боис, истеъмолчининг ташаббуси билан шартнома бекор қилинганда ундан жарима ундириш қонунга зид ҳисобланади.
Бу ҳолат “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 21-моддасига кўра, истеъмолчи ҳуқуқларини чекловчи ва қонунга зид бўлган шартлар ҳақиқий эмас деб ҳисобланади, 23-моддасида эса истеъмолчининг устувор ҳуқуқи кафолатланган.
Шунингдек, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонуннинг 9-моддасида тадбиркорлик субъектлари рақобат ва истеъмолчилар ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчиликка амал қилиши шартлиги белгиланган.
Юқоридаги ҳолатлардан келиб чиқиб Рақобат қўмитаси огоҳлантиради:
"Янги қурилаётган уй-жойдан хонадон харид қилишда шартнома тузишдан олдин унинг барча шартлари билан атрофлича танишиб чиқишингиз жуда муҳим. Агар ҳуқуқий билимингиз етарли бўлмаса, малакали юрист ёки адвокат хизматидан фойдаланиш орқали шартнома мазмунини тўлиқ ўрганиб чиқишингиз тавсия этилади.
Шунингдек, агар тузилган шартномада қонунчилик нормаларига зид бўлган талаблар ёки истеъмолчи ҳуқуқларини чекловчи бандлар аниқланса, ушбу ҳолат юзасидан белгиланган тартибда суд органларига ёки ваколатли давлат идораларига мурожаат қилишингиз мумкин. Бу орқали сиз ўзингизнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларингизни ҳимоя қилиш имкониятига эгасиз".
Маълумот учун: Рақобат қўмитаси томонидан олиб борилган ишлар натижасида, 8 нафар истеъмолчининг қурилиш ташкилотлари билан тузилган шартномалари бекор қилиниб, асоссиз равишда жарима қўлланишининг олди олинди ҳамда фуқароларга 1,5 миллиард сўмдан ортиқ маблағ қайтарилиши таъминланди.