platina.uz
Сиёсат

Шавкат Мирзиёев Доналд Трамп билан музокаралар ўтказди

Президент АҚШ етакчисини ўзи учун қулай муддатда Ўзбекистонга расмий ташриф билан келишга таклиф этди. БМТ бош котиби ва қатор давлат раҳбарлари билан ҳам учрашувлар ўтказилди. 

Шавкат Мирзиёев Доналд Трамп билан музокаралар ўтказди

23 сентябр куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Америка Қўшма Штатлари Президенти Дональд Трампнинг музокаралари бўлиб ўтди. Учрашув БМТ бош қароргоҳида, ташкилот Бош Ассамблеясининг 80-юбилей сессияси доирасида бўлиб ўтди.

Етакчилар Ўзбекистон-АҚШ стратегик шериклик муносабатларини янада кенгайтиришнинг долзарб масалалари ва устувор йўналишларини батафсил муҳокама қилдилар.

Минтақавий ва глобал аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди. Жорий йил 5 сентябр куни бўлиб ўтган телефон орқали мулоқот якунида эришилган келишувларнинг амалга оширилиши кўриб чиқилди.

Суҳбат аввалида давлатимиз раҳбари Президент Дональд Трампни ички ва ташқи сиёсатни амалга оширишдаги юксак муваффақиятлари билан самимий табриклади. Унинг халқаро ва минтақавий миқёсдаги ўткир можароларни тинч йўл билан ҳал этиш борасидаги шахсий ҳиссаси ва саъй-ҳаракатлари алоҳида қайд этилди.

Ўз навбатида, АҚШ етакчиси Янги Ўзбекистонда иқтисодиётни модернизация қилиш, аҳоли фаровонлигини ошириш ва халқаро нуфузни юксалтиришга қаратилган ортга қайтмас ислоҳотларни яна бир бор қўллаб-қувватлади.

Турли даражалардаги сиёсий мулоқот ва алмашинувлар жадал ривожланиб бораётгани, ишбилармонлик алоқалари фаоллашгани катта мамнуният билан қайд этилди.

АҚШ Президенти куни кеча Ўзбекистон етакчисининг АҚШнинг 50 дан ортиқ йирик компания ва банклари раҳбарлари билан ўтказган учрашув ва музокараларининг самарали натижаларини юксак баҳолади.

Фуқаро авиацияси, тоғ-кон саноати, муҳим минераллар, молия, инновациялар, кимё, энергетика ва бошқа устувор йўналишларда шартномалар ва истиқболли лойиҳалар портфели шакллантирилди.

Ушбу лойиҳа ва келишувлар икки мамлакатда ўн минглаб янги иш ўринларини яратиши таъкидланди.

Музокаралар якунида давлатимиз раҳбари Президент Доналд Трампни ўзи учун қулай муддатда Ўзбекистонга расмий ташриф билан келишга таклиф этди.

Президент Шавкат Мирзиёев ва Доналд Трампнинг учрашуви очиқ, конструктив ва дўстона руҳда ўтди, дейилади хабарда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 23 сентябр куни Нью-Йорк шаҳрида БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессияси доирасида ташкилот Бош котиби Антониу Гутерриш билан учрашув ўтказди.

Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш бўйича миллий вазифаларни амалга ошириш доирасида БМТ билан ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Суҳбат аввалида давлатимиз раҳбари Антониу Гутерришни БМТнинг юбилей сессияси билан самимий табриклаб, унинг ташкилот тизимини замонавий воқеликка мос равишда ислоҳ қилиш борасидаги ташаббусларини қатъий қўллаб-қувватлади.

Ўзбекистон ва БМТ шериклигида мисли кўрилмаган юксак даражага эришилгани мамнуният билан қайд этилди. 160 дан ортиқ дастур ва лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилмоқда. Октябрь ойида беш йилга мўлжалланган янги Ҳамкорлик дастури имзоланиши кутилмоқда.

Кейинги йилларда Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеясининг 13 та резолюцияси қабул қилинди. Ўзбекистон ЭКОСОС, Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмита, Статистика комиссияси каби нуфузли тузилмаларга аъзо этиб сайланди.

Ўзбекистон ташаббуси билан эртага БМТ бош қароргоҳида болалар саратони ва бошқа оғир касалликларга қарши курашиш бўйича юқори даражадаги форум бўлиб ўтади. Самарқанд шаҳрида ЮНЕСКОнинг 43-Бош конференциясига қизғин тайёргарлик кўрилмоқда.

Антониу Гутерриш Ўзбекистон Президентининг Бош Ассамблеянинг юбилей сессиясидаги нутқига юксак баҳо бериб, унинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш, Янги Марказий Осиёни шакллантириш, рақамли технологиялар ва сунъий интеллект, ёшлар, маърифатпарвар ислом дини ва бошқа соҳаларда глобал ҳамкорликни илгари суриш борасидаги ташаббуслари муҳимлигини алоҳида таъкидлади.

Суҳбат чоғида долзарб халқаро ва минтақавий муаммолар юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Учрашув якунида устувор йўналишларда кенг кўламли шерикликни ривожлантириш, ҳамкорликнинг янги дастур ва лойиҳаларини ишлаб чиқишга келишиб олинди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 23 сентябрь куни Нью-Йорк шаҳрида БМТ Бош Ассамблеясининг сессияси доирасида Корея Республикаси Президенти Ли Чжэ Мён билан учрашув ўтказди.

Ўзбекистон-Корея алоҳида стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Кейинги йилларда ўзаро ҳамкорликда катта юксалишга эришилгани, барча даражалардаги алмашинув ва мулоқотлар жадаллашгани мамнуният билан қайд этилди.

Ўзаро савдо кўрсаткичлари барқарор ошиб бормоқда. Корея компанияларининг Ўзбекистон иқтисодиётига тўғридан-тўғри инвестициялари ҳажми 8 миллиард доллардан ошди.

Юртимизда Корея етакчи олий таълим муассасаларининг 4 та филиали, мамлакатимиз ҳудудларида профессионал таълим марказлари муваффақиятли фаолият юритмоқда.

Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги, Корея Эксимбанки ва унинг фондлари билан кўп йиллар давомида самарали шериклик қилиб келинаётгани, лойиҳаларнинг умумий портфели 3,5 миллиард долларга етганига юксак баҳо берилди.

Муҳим хомашё ресурсларини чуқур қайта ишлаш, кимё, машинасозлик, қишлоқ хўжалиги, транспорт, авиация, биотехнологиялар ва бошқа устувор йўналишлардаги лойиҳаларни илгари суришни назарда тутадиган янги узоқ муддатли Технология ва саноат шериклиги дастурини тайёрлаш юзасидан келишувга эришилди.

Шу маънода, Ҳукуматлараро комиссиянинг бўлажак йиғилишини самарали қилиб ўтказиш муҳимлиги қайд этилди.

Минтақавий, шу жумладан "Марказий Осиё - Корея Республикаси" форматида ҳамкорлик масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Учрашув якунида давлатимиз раҳбари Корея Президентини давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келишга таклиф этди.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid