Гриппдан ҳимоя қилувчи универсал препарат яратилди
АҚШлик олимлар дастлаб сичқонлар устида тажриба ўтказиб кўрди. Ҳозирда дорининг инсонларга мўлжалланган шакли устида иш олиб борилмоқда.

Жексон лабораторияси (АҚШ) олимлари гриппнинг деярли барча штаммларидан, жумладан, пандемия хавфи туғдирувчи парранда ва чўчқа гриппидан ҳимоя қила оладиган тажрибавий терапияни ишлаб чиқди. Иш натижалари Science Advance журналида чоп этилди.
Одатда, гриппга қарши препаратлар вирусли ферментларга қаратилган. Аммо бундай дорилар тезда ўз самарадорлигини йўқотади: вирус мутацияга учрайди ва терапия ўз фаолиятини тўхтатади.
Янги ёндашув бошқача: тадқиқотчилар инфекцияланган ўпка ҳужайраларини танийдиган ва белгиловчи учта махсус антителалардан иборат препаратни яратдилар. Кейин иммунитет тизими уларни йўқ қилади, танани инфекциядан тозалайди.
Асосий мақсад М2 вирусли оқсилининг кичик ва деярли ўзгармаган қисми эди. Бу барча грипп штаммларида бир хил ва вируснинг кўпайиши учун зарурдир.
Сичқонлар устида ўтказилган тажрибалар шуни кўрсатдики, препарат инфекциядан бир неча кун ўтиб қўлланилса ҳам таъсир қилади.
Ҳайвонларнинг ўпкаларида вирус юки камайган, уларнинг аломатлари енгиллашган ва аксарияти тирик қолган. Бундан ташқари, таъсир иммунитети заиф бўлган сичқонларда ҳам кузатилган.
Жамоа ҳозирда клиник синовлар учун мос келадиган препаратларнинг инсонлар учун версиясини яратиш устида ишламоқда. Келажакда бундай дори мавсумий эпидемиялар пайтида ёки янги пандемия пайтида фавқулодда ҳимоя сифатида ишлатилиши мумкин.
