platina.uz
Сиёсат

Шавкат Мирзиёев Трамп билан телефон мулоқоти ўтказди

Ўзбекистон раҳбари АҚШ президентини ўзи учун қулай муддатда мамлакатга расмий ташриф билан келишга таклиф этди. 

Шавкат Мирзиёев Трамп билан телефон мулоқоти ўтказди

5 сентябр куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Америка Қўшма Штатлари Президенти Дональд Трамп билан телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди.

Ўзбекистон – АҚШ стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришнинг амалий жиҳатлари батафсил кўриб чиқилди.

Гап нима ҳақида?

Суҳбат аввалида АҚШ Президенти сўнгги йилларда Янги Ўзбекистонда иқтисодиётни модернизация қилиш ва аҳоли фаровонлигини ошириш борасида амалга оширилаётган ортга қайтмас ислоҳотларни юксак баҳолади ва қўллаб-қувватлади.

Давлатимиз раҳбари, ўз навбатида, Президент Дональд Трампни АҚШ маъмурияти олиб бораётган ички ва ташқи сиёсатнинг улкан натижалари билан самимий табриклади. Америка томонининг халқаро ва минтақавий можароларни тинч йўл билан ҳал қилиш, глобал хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашга қўшаётган ҳиссаси ва саъй-ҳаракатлари алоҳида қайд этилди.

Икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Устувор тармоқларда бизнес кооперация лойиҳаларини илгари суриш ва савдо битимлари ҳажмини тубдан ошириш масалалари кўриб чиқилди.

Таъкидлаш жоизки, сўнгги йилларда ўзаро савдо кўрсаткичларининг барқарор ўсиши кузатилмоқда. 2024 йилда товар айирбошлаш 15 фоизга ошди.

Истиқболли кооперация лойиҳалари портфели фуқаро авиацияси, муҳим минерал ресурслар, электротехника саноати, энергетика, қишлоқ хўжалиги, рақамли технологиялар, молия, инновациялар, таълим ва кўплаб бошқа йўналишларни қамраб олган.

Шу ойда АҚШнинг етакчи компания ва ташкилотлари билан узоқ муддатли ва барқарор шериклик алоқаларини йўлга қўйиш мақсадида қатор икки томонлама учрашув ва музокаралар ўтказилиши таъкидланди.

Бундан ташқари, хавфсизлик соҳасида, энг аввало, терроризм, экстремизм ва ноқонуний миграцияга қарши курашиш борасида самарали ҳамкорлик қилинмоқда.

Маданий-гуманитар алмашинувлар кенгаймоқда. Тошкентда АҚШнинг етакчи олий таълим муассасалари филиаллари муваффақиятли фаолият юритмоқда.

Келгуси йили АҚШда бўлиб ўтадиган футбол бўйича жаҳон чемпионатида Ўзбекистон миллий терма жамоаси илк бор иштирок этиши мамнуният билан қайд этилди. АҚШ етакчиси футбол терма жамоамизга чин дилдан омад тилади.

Телефон мулоқоти чоғида давлат раҳбарлари долзарб халқаро масалалар, жумладан, Марказий Осиё давлатлари ва АҚШнинг “C5+1” шаклидаги минтақавий ҳамкорлигини чуқурлаштириш юзасидан ҳам фикр алмашдилар.

Давлатимиз раҳбари Президент Доналд Трампни ўзи учун қулай муддатда Ўзбекистонга расмий ташриф билан келишга таклиф этди.

Амалий ҳамкорлик бўйича лойиҳа ва дастурларни илгари суриш мақсадида олий даражадаги мулоқотларни давом эттиришга келишиб олинди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва АҚШ Президенти Дональд Трампнинг телефон орқали мулоқоти очиқ, конструктив ва дўстона руҳда ўтди, дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid